Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Мўминлик мақоми

1977

Бизда ўзимиз сезмайдиган бир хато бор: қачон бировда яхшилик кўрсак, уни мақтаймиз, раҳмат айтамиз. Бўлди, шу билан иш битди. Лекин арқоннинг учи кимнинг измида эканини унутиб қўямиз. Яъни ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси, тавфиқи ила бўлишини эсдан чиқарамиз. Ҳолбуки, Сарваримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган одобга кўра бир яхши ҳолатга рўпара келган банда аввал Аллоҳга ҳамд айтиши лозим. Шонли тарихимизда бу одобнинг гўзал намуналари бор.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга юбораётиб:

– Нима билан ҳукм қиласан? – деб сўрадилар.

– Аллоҳнинг китоби билан – деди Муоз.

– Унда топмасанг-чи?

– Расулининг суннати билан.

– Унда ҳам топмасанг-чи?

– Раъйим билан ижтиҳод қиламан...

Шунда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Расулининг расулини Расули рози бўладиган нарсага йўллаган Аллоҳга ҳам бўлсин, – дедилар (Абу Довуд ривояти).

Машҳур ва мудҳиш Ифк воқеасини, Ойша онамизнинг пок бошларига туҳмат ёғилиб, катта мусибат ва синов келган кунларни ҳаммамиз яхши биламиз. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Онамизнинг олдига бир ой кирмадилар. Онамиз аввал сел бўлиб йиғлади, кейин, Юсуф каби сабр қиламан, деб ҳужрасига биқиниб олди. Аллоҳ таолодан ўзининг поклигини билдиришини ўтинди. Дунёлари остин-устин бўлиб изтироб чекди. Ва ана шундай кунларнинг бирида ҳақиқат балқди: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Онамизнинг ҳужрасига табассум билан кириб келдилар-да: “Ойша! Аллоҳ сени поклади!” дея хушхабар бердилар. Онамизнинг онаси: “Расулуллоҳга раҳмат айт!” деди. Шунда онамиз: “Йўқ, фақат Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтаман!” деб Аллоҳ азза ва жаллага ҳамдлар айтди.

Машҳур фотиҳ Қутайба ибн Муслимнинг қўшинида жасур, довюрак  жангчилар билан бирга ўта тақводор, зоҳид, обид инсонлар ҳам бор эди. Ўшандай зотлардан бири тобеъин Сила ибн Ашям кундузи қўшин сафида жанг қилишни, кечаси ҳамма ухлаганида ибодат этишни, Яратган билан ёлғиз қолишни хуш кўрар эди. Унинг фазилати Қутайбага аён эди. Шунинг учун ҳам Силани ҳар кўрганида: “Сенингдек одамни менинг қўшинимга муносиб кўрган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” дерди.

Солиҳ салафларимиздаги бу гўзал одобнинг бир учқунини вужуди бунёдим сабабчиси падаримда ҳам кўриб, ажиб хушланганман.

Отам раҳматли оғир ётганида Аллоҳ муяссар этиб озми-кўпми хизматларини қилиш саодатини топдим. Охирги кунларида эди, авайлаб, эҳтиётлаб кийимларини алмаштирдим. Шунда ҳозир отам мени алқайди, барака топ, дейди, деган ўй ўтди хаёлимдан. Аммо на унисини, на бунисини деди. Балки ҳали-ҳануз қулоқларим остида сасланиб турган “Сени берган Худойимга шукур”, деган гапни бир неча марта такрорлади. Ҳа, Аллоҳимга минг-минг ҳамд ва санолар бўлсин!

Ушбуларни ҳаёти нокамтарлик, мақтанчоқлик, кибр, манманлик каби иллатлар билан булғанган биз каби бандаларга бир ибрат нияти ила, покланиш соғинчи ила битдим.

Тавфиқ Аллоҳдандир. 

Абдуғафур Искандар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7424 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага