“Мезана” илм марказида болажонлар учун мўлжалланган одоб-ахлоқ курси ҳақида таништирув дарси бўлиб ўтди. Тадбирда устоз Мубашшир Аҳмад ва Аббос Аҳмад домлалар иштирок этишди.
Мубашшир Аҳмад домла “Мезана” илм марказини очишдан асосий мақсадга тўхталиб, одоб-ахлоқ ва тарбия масалалари юзасидан бир қатор фикрлар билдирди:
– Бизнинг “Мезана” илм марказини очишдан асосий мақсадларимиздан бири халқимизнинг, хусусан, ёшларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратиш, жамиятдаги кемтикни тўлдириш ва бу борада халқимизга, давлатимизга ёрдамчи бўлишдир. Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, одоб-ахлоқ, тарбия масалалари жудаям долзарб эканлигини кўрасиз. Кейинги кунларда беҳаё ишланган фильмларга жамиятнинг муносабатига гувоҳ бўлдик. Ундан олдинроқ бир самарқандлик ёш йигитнинг ўзини кўрсатиш мақсадида бир қарияни тепгани каби ҳодисалар тарбия жуда катта эътибор қаратилиши керак бўлган соҳа эканлигини кўрсатмоқда.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Бизнинг катталаримизни ҳурмат қилиб, ёшларимизни иззат қилиб, уларга раҳмдиллик қилмаса, у биздан эмас”, деган маънодаги ҳадислари бор. Мана шундай ҳадиси шарифлар ва қадриятлар асосида миллатимиз қанча асрлардан бери тарбия кўриб келган ва бу жуда манфаатли, бошқаларни ҳайратлантирадиган даражада гўзал эканлиги исботланган. Бизнинг отамиз бир ғарблик олимнинг ўзбек халқининг одоб-ахлоқини ўрганиб: «Ўзбек келинчагининг чой қуйиб узатишини бутун дунё маданиятига алмашмайман», деганини кўп гапирар эдилар. Яъни чойни қайси қўл билан, қанча миқдорда қуйиш, одоб билан узатиш, буларнинг ҳаммаси ислом билан йўғрилган таълим-тарбиямизнинг самараси бўлган ва улар бундан шу даражада ҳайратланган.
Бу одоб-ахлоқ дарсларининг мақсади ёш авлоднинг тарбиясидир. Тарбия ўзи нима, дейдиган бўлсак, бу ахлоқий қадриятлардир. Унинг икки қаноти бор ва шу икки томондан қадриятлар шаклланган. Биринчиси, диний қоидалар бўлса, иккинчиси жамиятнинг урф-одатларидир. Тарбия бир томондан, биз истасак-истамасак, диний қадриятларга асосланади. Масалан, Ғарб ахлоқ-одоби насронийлик асосида шаклланган. Япония, Корея ўзларига хос бўлган буддизм, синтоизм каби динларига таянади. Бу жиҳатдан ҳар бир жамият, цивилизация ўзида кенг тарқалган динлар асосида шаклланади.
Иккинчиси ижтимоий одоблардан келиб чиқиб, ўзига хос тус олади. Ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос одоб-ахлоқ меъёрлари бор. Масалан, биз ҳаммамиз мусулмонмиз, лекин шу билан бирга араб давлатлари ёки қўшни Афғонистонда ҳам мусулмонлар бор. Кузатадиган бўлсак, одоб-ахлоқимизда улардан фарқли томонларимиз бор. Масалан, бу овқатланишда ҳам ўз аксини топган. Демак, тарбия ҳам диний, ҳам ижтимоий жиҳатларга суянган ҳолда шаклланар экан.
Юқорида айтилганидек, тарбия – ахлоқий қадриятлар мажмуаси. Ахлоқ динимизда шу даражада муҳимки, Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен гўзал хулқларни мукаммаллаштириш учун юборилдим», деганлар. Ҳозирги тил билан айтганда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг асосий «миссиялари» ахлоқни камолотга етказиш бўлган. Гўзал ахлоқлар нима эканлигини дин белгилаб беради, бу асрлар давомида ўз тасдиғини топган. Масалан, қарияни тепишни ислом қоралайди ва бу нотўғри эканлигини ҳатто бошқа динга асосланган ахлоқ қоидалари ҳам қўллаб-қувватлайди. Яъни соғлом инсон табиати бу нарсани қабул қилмайди.
Яна шу нарсани таъкидлаш керакки, ислом инсоннинг табиатига доим қарайди ва табиати кўтарадиган ишларга буюради, соғлом инсон табиати кўтармайдиган, нафратланадиган нарсалардан қайтаради. Биз кўпроқ ислом динига урғу беряпмиз. Негаки, тарбиянинг бир қаноти диндир ва Ислом бизнинг ватанимизда кенг тарқалган дин ҳисобланади. Инсон ўзи табиатан қабул қиладиган ахлоқий нормаларга унча эътибор қаратмайди. Масалан, фарзандини оқ ювиб, оқ тараб, кийинтириб, боқиб жамиятга тайёрлаш. Қуръони Каримда ёки ҳадиси шарифда фарзандларингизни қорнини тўйғазинг, оч қолдирманг, вақтида ухласин, деган тарғибот-ташвиқот йўқ. Нимага? Чунки инсоннинг табиати шунақа. Агар ота-онанинг қўлини боғлаб қўйсангиз ҳам, шунга ҳаракат қилаверади. Аммо инсон унутадиган, эътибор бермайдиган, хоҳласа ҳам хоҳламаса ҳам, эсидан чиқариб юборадиган нарсаларга доимо огоҳлантиради. Масалан, ота-онани ҳурмат қилиш, ҳатто бошқа динда бўлса ҳам, ҳурмат қилишга тарғиб қилади, сабаби инсон табиатида ота-онага эмас, кўпроқ фарзандга эътибор устун келиб қолади. Сув ҳам пастга қараб оқади, тепага қараб оқмайди, уни насос билан чиқариш керак. Инсон учун диний қарашлар “сувни тепаликка олиб чиқиш” учун ёрдам беради.
Яна бир жиҳати шуки, жамиятимизда, мактабларимизда ахлоқ-одоб масалалари тарғиб қилинади, лекин рағбатлантирилмайди. Масалан, ёш йигитга “катталарга салом бер, оғир нарсаси бўлса, ёрдам бер, доим кулиб тургин” десангиз-у, эвазига ҳеч нарса таклиф қилмасангиз, зерикади. Фақатгина ота-она, катталарнинг гапи бўлгани учун ҳурмат қилади, лекин унда бир манфаат кўрмайди. Агар бунинг эвазига жаннатга тушишинг мумкин, қанча савоб оласан, деб уни гўё ҳаққини тўланадиган қилиб тақдим қилинса, унда албатта инсоннинг қон-қонига сингади. Иккинчидан, мен шу ишни бекордан-бекор қилмас эканман, буни қилсам савоб бўлади, қилмасам гуноҳ бўлишидан қўрқишим керак экан, деб тарбияси етук бўлади.
Ҳозир биз тарбияни кўпроқ ижтимоий одоб сифатида беряпмиз. Агар унга диний қоидаларни ҳам қўшиб, дин томонидан қараладиган бўлса, бу албатта жуда катта манфаат бўлади.
Бу масканни очишдан мақсадимиз ҳам фарзандларимизнинг ижтимоий келиб чиқишимизни унутмаган ҳолда, уларга ижтимоий одобларга риоя қилган ҳолда яшашини ўргатишдир. Мақсадимиз ижтимоий одоблар ўша жойнинг ижтимоий одатларидан ташқарига чиқмаган, масалан, тарбиясиз экан, дейилмайдиган ҳолатни вужудга келтиришдир. Болалар шу ерда таълим олишса, салом беришни, овқатланиш одобларини, ухлаш одобларини, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни иззат қилиб, уларга раҳмли бўлиш ва шу каби таълим-тарбияни олишадиган бўлса, ўз-ўзидан жамиятимизнинг нафас олиши билан мувофиқ тарбияни олаётган бўлишади. Бу билан жамиятда ўзаро бир-бирини тушуниш ҳислари пайдо бўлади. Жамиятда бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳамкорлик қилиш каби ҳис-туйғуларни тарбиялаш ҳам мақсад қилинган.