Молдова полиция мамлакатни беқарорлаштириш режасида бўлган, Россия тарафдори ҳисобланган "Шор" партия вакилларини кўлга олди. Полиция намойишчиларнинг парламент биносига етиб боришига тўсқинлик қилишга муваффақ бўлган. Озодлик радиосининг Молдова хизмати Europa Liberă Moldova хабарига кўра, 54 киши ҳибсга олинган.
Намойишчилар электр тўловларининг юқорилигидан шикоят қилиб, ҳокимиятдан қиш ойлари учун барча фуқароларнинг коммунал тўловларини қайтаришни талаб қилишди.
Акция бошланганидан тахминан бир соат ўтиб, Штефан чел Маре хиёбонлари ва Бэнулеску-Бодони булварлари кесишган жойда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва намойишчилар ўртасида муштлашув бўлиб ўтди. Полиция намойишчиларнинг парламент жойлашган Буюк Миллий Мажлис майдони томон ҳаракатланишига йўл қўймаслик учун чорраҳани тўсиб қўйди.
Митинг якунида норозилар резолюция қабул қилиб, ҳокимиятдан қиш ойлари учун коммунал тўловлар аҳолига қайтариладими ёки йўқми, 24 соат ичида жавоб беришни талаб қилди.
Намойишчиларнинг 54 нафари қўлга олинган, улардан 21 нафари вояга етмаганлар. Полициянинг таъкидлашича, қўлга олинганлар ўзини "шубҳали тутган", уларда тақиқланган буюмлар, жумладан, пичоқлар ҳам топилган.
Бундан ташқари, тахминан соат 12:50 да полицияга Кишинёв халқаро аэропортида бомба борлиги ҳақида хабар келиб тушган. Аэропорт ходимлари ва йўловчилар бинодан эвакуация қилинган. Бироқ, сигнал ёлғон бўлиб чиқди.
Якшанба куни эрталаб Кишинёвда бомба борлиги ҳақида тўртта ёлғон хабар келиб тушган эди. Полиция бу “жамоат тартибини беқарорлаштириш чора-тадбирларининг бир қисми” эканини айтди.
Полиция бош инспекцияси раҳбари Виорел Чернэуцану якшанба куни акция бошланишидан олдин ҳам матбуот анжуманида Молдова ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Россиянинг мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш режасини барбод қилишга муваффақ бўлганини айтди.
Унинг айтишича, полиция Молдовадаги вазиятни беқарорлаштириш ниятида бўлган шахсларни тайёрлаш мақсадида 9 март куни Кишинёвга келган Россия фуқаросини қўлга олган. Раҳбарнинг сўзларига кўра, бўлажак тартибсизликлар ташкилотчилари 10 кишидан иборат 10 та гуруҳ тузган ва улар ҳаракатларга ўргатилган. Уларнинг барча ҳаракатлари Россия томонидан мувофиқлаштирилган, ёлланганларга эса тартибсизликларни уюштиргани ва Молдовадаги сиёсий кучлар томонидан қўллаб-қувватлангани учун 10 минг доллардан ваъда қилинган. Бироқ 11 март куни улардан етти нафари қўлга олинган. Полиция бошлиғи, шунингдек, яширин камера томонидан суратга олинган машғулотлар тасвирланган лавҳани ҳам кўрсатди.
Худди шу матбуот анжуманида полиция намойиш пайтида провокациялар ва тартибсизликлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Россияпараст "Шор" партияси сўнгги пайтларда Молдова ҳукуматига қарши Ғарб билан яқинлашишга қаратилган кескин норозилик тадбирларини ўтказмоқда. Февраль ойи ўрталарида президент Майя Санду Россияни мамлакат ички ишларига аралашишга уринишда айблади. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати режасида Россия, Черногория, Белоруссия ва Сербия фуқароларининг Молдовага кириши кўзда тутилган. Россия бу айбловларни Молдова ҳукуматининг жамоатчиликни иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги муваффақиятсизликларидан чалғитишга уриниши, деб атамоқда.
Бизнесмен Илан Шор "Шор" партиясининг раҳбари ҳисобланади. 2017 йилда у Молдовада учта банкдан бир миллиард доллар ўғирлагани учун етти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳукм устидан шикоят қилиниб, иш апелляция инстансиясида кўриб чиқилгач, Шор Исроилга қочишга муваффақ бўлди. 2020 йилда Исроил Илан Шорнинг экстрадиция сўровини рад этди. Бироқ 26 октябрда Қўшма Штатлар Шорга нисбатан санкциялар киритгач, Молдова расмийлари унинг тез орада экстрадиция қилинишига умид қилмоқда.
2022 йил сентябрида “Шор” партияси муддатидан олдин парламент ва президентлик сайловлари ўтказиш талаби билан норозилик намойишлари бошланганини эълон қилди.
Молдова президенти Майя Санду "Шор"ни Москва қўллаб-қувватлаётганини очиқ айтмоқда. Молдовада асосий россияпараст партия ортида Кремль тургани RISE Молдова ва "Центр Досье" ташкилотлари терговчилари томонидан исботланган.