Миср Рамазондаги таровеҳ ва ҳайит намозларига қатор чекловлар жорий этди. Бунга Covid-19 сабаб қилиб кўрсатилган. Ушбу чекловлар мамлакат аҳолисининг катта қисмининг норозилигига олиб келди.
Хусусан, тунги намозларнинг 30 дақиқадан ошмаслиги белгиланди. Шунингдек, Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги эътикоф ҳам тақиқлаб қўйилди.
Шу билан бирга ҳукумат ҳайит намозларининг очиқ майдонларда ўтказилишини ман этди. Ушбу намозлар фақат белгиланган масжидлардагина ўқилиши мумкин.
Мисрда Рамазондаги таровеҳ намозлари ва ҳайит намози муҳим ҳисобланиб, ҳатто масжидларга кам келадиганлар ҳам бу намозларни қолдирмайди. Мамлакат дин ишлари вазирлиги юқоридаги баҳсли қарорни апрель ўрталарида эълон қилди.
Аммо соғлиқни сақлаш тизими ходимлари Мисрда пандемия суръати пасаяётганини таъкидлаган ва бошқа тадбирларда масофа сақлаш тартибига амал қилинмаётганини айтишган.
Масжид имомларининг масжидни ёпаётгани тасвирланган сурат ва видеолар аҳоли томонидан қаттиқ қораланди. Кўпчилик футбол ва концертларда ҳеч қандай чекловлар жорий этилмаганига эътибор қаратган.
Кўпчилик бу қарорни ҳукуматнинг аҳоли тўпланишининг намойишларга айланиб кетишидан қўрққани билан изоҳламоқда. Сабаби Миср мисли кўрилмаган иқтисодий инқирозни бошдан ўтказяпти.
Мисрлик уламолардан бири Ассам Телайма ҳукуматнинг исталган йиғилишлар, хусусан, диний йиғилишларга салбий қарашини маълум қилган. У ҳам тақиқлар норозилик намойишлардан қўрқув остида жорий этилганини айтган. “Ҳукуматнинг очиқ майдонда ибодатни тақиқлаб, ёпиқ биноларда рухсат бергани кулгили. Бунда Covid-19 баҳона қилинган, аммо очиқ ҳудудда бу хавфсизроқ”, – деган у.
Аммо аҳоли норозилиги ортидан дин ишлари вазирлиги Рамазоннинг охирги уч тунида йирик масжидларда тунги ибодатларга рухсат берди.
Мисрда ҳар қандай намойишлар 2013 йилда президент Абдулфаттоҳ Сисий ҳокимиятга келгандан сўнг тақиқлаб қўйилган. Миср тарихидаги энг йирик намойишлар 2011 йил 28 январда жума намозидан кейин бошланиб кетган эди.