Миср ҳукумати Ғазони қайта тиклашнинг иккинчи босқичи бошланганини ва у олти йирик лойиҳани ўз ичига олишини маълум қилди. Бу ҳақда ArabNews хабар бермоқда.
Ғазони қайта тиклаш бўйича қўмита раҳбари Иброҳим Шанақийнинг айтишича, Миср ҳукумати лойиҳаларни амалга ошириш учун фаластинлик ишчилар, пудратчилар ва компаниялар ёрдамидан фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратган.
Биринчи босқичда Ғазога 65 кун давомида 85 000 куб метр шағал олиб келинди. Иккинчи босқичда учта шаҳарда турар жойлар барпо этиш, Ғазонинг шимолий қисмида соҳилни ривожлантириш, кўприклар қуриш каби режалар бор.
Ғазодаги Жамоат ишлари ва турар жой қурилиш вазири ўринбосари Нажи Сарханнинг айтишича, Исроилнинг охирги ҳужумларида 450 миллион долларлик зарар етган. Қарийб 1650 та турар жой вайронага айланган, 60 мингта бино қисман шикастланган.
Сентябрь ойида Ғазога Мисрдан муҳандислар делагацияси келиб, бу ерда амалга ошириладиган лойиҳаларни муҳокама қилган эди. Миср ҳукумати Ғазони қайта тиклаш ишларига 500 миллион доллар ажратган.