Фуқаронинг ўлимига инспектор айбдорми?
Жорий йилнинг 11 февраль куни тунда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани “Чандир” МФЙда яшовчи 37 ёшли Юсуф Султонов туман ИИБга олиб кетилиб, 4-5 соатдан сўнг унинг жасади олиб келингани айтилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов фейсбукдаги саҳифасида эълон қилган.
Ҳодиса гувоҳларига кўра, марҳум Юсуф Султонов икки фарзанднинг отаси. У 11 февраль куни соат 17 ларда маст ҳолда аввал ўз уйида, сўнг қўшни хонадонларда жанжал кўтарган.
Қариндошларнинг Миришкор тумани ИИБга мурожаати ортидан у “Чандир” МФЙга бириктирилган участка профилактика нозири Суннатилло Дониёров томонидан олиб кетилган. Юсуф Султоновнинг жасади эрталаб уйига олиб келинган.
Ижтимоий тармоқлар орқали турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур ҳодиса юзасидан Миришкор туман ҳокимлиги ахборот хизматининг туман ИИБга таяниб ёзишича, туман ИИБга Юсуф Султоновнинг вафот ҳақида 2022 йилнинг 12 февраль куни соат 01:47 да хабар берилган.
2022 йил 11 февраль куни соат 18:15 да 56 ёшли фуқаро К.А. профилактика инспектори, майор Сунатилла Дониёровга телефон қилиб, Юсуф Султонов маст ҳолда кўчада фуқаролар тинчини бузаётганини айтиб, чора кўришини сўраган. Лейтенант Қ.Ниёзбоев қўшни ҳудуд профилактика инспектори лейтенант И.Очиловни телефон орқали чақириб, унинг машинасида Юсуф Султоновни "Чандир" МФЙ биносига олиб бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилгани юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирган. Юсуф Султоновни профилактика инспекторлари — лейтенант Қ.Ниёзбоев ва майор С.Дониёров вилоят наркология диспансерига олиб борган. Диспансер шифокорлари Юсуф Султоновнинг соғлиғи ёмонлиги, шифохонага олиб боришлари кераклигини билдирган. Шундан сўнг, бемор 23:10 да Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига олиб борилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай Ю.Султонов шифохонада вафот этган”, — дейилади ҳокимлик расмий ахборотида.
Ҳокимликнинг қайд этишича, суд тиббий экспертиза хулосасида марҳум ўткир заҳарланишнинг оғир даражаси, аспирацион синдром, алкоголь комаси, 2-, 3-даражали УНЕ, 2-даражали УЮКТЕ, аганал ҳолати натижасида вафот этган. Танасида жароҳатлар йўқ.
Шунингдек, мазкур ҳодиса юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси қуйидагича хабар берган.
“Миришкор тумани "Чандир" МФЙда яшовчи фуқаро С.Х.нинг Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам маркази Қашқадарё филиалида вафот этганлиги ҳолати юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари юзасидан вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган”, — дейилади баёнотда.
Юсуф Султонов Қашқадарёда ИИБ ходими томонидан олиб кетилиб, маълум вақтдан сўнг вафот этган ягона марҳум эмас. Вилоятнинг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшаган Юсуф Абдураҳмонов ҳам 2020 йилнинг январь ойида мол ўғрилигида айбланиб, туман ИИБ биносига олиб келинган ва маълум вақтдан сўнг уйдагиларига ўлик ҳолда қайтарилган. Кейинчалик аниқланишича, марҳумнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтаклангани сабаб бўлган.
Шундай ҳолатлардан яна бири вилоятнинг Нишон тумани “Каптарли” маҳалласида яшаган 51 ёшли Нурсоат Муҳаммадиев ҳам 2021 йилнинг 25 июль оқшомида уйидан ИИБ ходимлари томонидан соғлом ҳолда олиб кетилиб, 26 июль куни пешиндан сўнг шифохона орқали ўлик ҳолда қайтарилганди.