Республика махсус комиссиясининг қарори билан меҳмонхоналар учун ўз хизматларини ташкил этишда пандемия шароитидан келиб чиқувчи қўшимча талаблар белгиланди.
Унга кўра:
меҳмонхоналарда қабулхона, кутиш заллари, йўлаклар, зиналар, лифт, санитар-гигиеник нуқталари ҳар 8 соатда ҳамда умумий фойдаланишдаги буюмлар (эшик тутқичи, лифт тугмалари, кутиш залидаги стол, рўйхатга олиш жойи стойкаси ва ундаги ручкалар) ҳар 2 соатда камида 1 маротаба дезинфекция қилиниши;
умумий фойдаланишдаги объектлар (лифт, санитария-гигиена нуқталари, валюта айрибошлаш шаҳобчалари, овқатланиш жойлари ва бошқалар) антисептик воситалари билан узлуксиз таъминлаши ҳамда қўлни даврий тозалаб туриш бўйича ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёзилган огоҳлантирувчи ёзувлар бўлиши;
бинонинг кириш қисмида ташриф буюрувчиларнинг тана ҳароратини доимий ўлчашни ва дезинфекциялашни йўлга қўйилиши;
ходимлар ва мижозларнинг сонидан келиб чиқиб шахсий ҳимоя воситаларининг (ниқоб, қўлқоп, антисептик восита ва бошқалар) камида беш кунлик заҳираси шакллантирилиши ва доимий мавжуд бўлиши;
меҳмонхонанинг бандлик даражаси 50 фоиздан ошган тақдирда тиббиёт ходимининг доимий фаолияти таъминланиши;
меҳмонларни номерларга жойлаштиришда оилавий меҳмонлар сони 3 нафардан, бошқа меҳмонлар сони 2 нафардан ошмаслиги лозимлиги белгиланди.
Мазкур талаблар номерлари сони 10 тадан кўп бўлган меҳмонхоналарга нисбатан татбиқ этилади.
Пандемия шароитида хостеллар ва меҳмон уйлари фаолиятига рухсат берилмайди.