(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм)
Эминўни майдонида чиғаноқли емак – мидия (midye) сотувчиси билан хайрлашиб, тунелдан соҳил томонга қараб кетдим.
Тунелдан чиқиб ортга, Эминўни майдонига қарайман, тарих ва замон қоришиқ – эски-янги бинолар кўкка бўй чўзиб турибди. Улар бир бирига халал бергани йўқ, аксинча, ҳаммаси биргалашиб бир бутунлик, яъни ансамбль ҳосил этган. Турклар тарихий биноларнинг асл ҳолича сақлашга катта аҳамият қаратаркан. Бир парча қадимий девор қолдиғи қолган бўлса, ўшани ҳам панжара билан ўраб, қачон ва ким томонидан қурилган ва қанақа иморат қолдириғи... батафсил ёзиб қўйилади. Агар Истанбулга йўлингиз тушса, шаҳарни имкон қадар пиёда кезинг, ҳар бир тош, ҳар бир деворга диққат билан “қулоқ солинг”, улар юз, балки минглар наридан сўзлаётган бўлади. Айниқса, ҳар катта-кичик масжидга кириб, унинг тарихи билан қизиқинг.
Соҳил бўйлаб боя келган томонимга озгина юрдим. Ўнг тарафда, яъни йўл билан денгиз ўртасида “Ahı Çalabi camii” – Оҳи Чалабий масжиди жойлашган. Масжид ичига кирар эканман, девордаги “Шафоат, ё расулаллоҳ, Саёҳат, ё расулаллоҳ” деган араб тилидаги ёзувга кўзим тушди. Масжид хонақаҳосига киришим билан икки ракат намоз ўқидим. Ушбу азиз даргоҳни қурган ва шу ерда хизмат қилган-қилаётганлар ҳақига дуойи хайрлар тиладим. Шу аснода садақаи жория деган гапнинг мағзини чаққандай, англагандай бўлдим.
Дунёдан қанча хону султонлар ўтди, бойлар, амалдорлар ўтди. Хўш, улардан орқаларида нима қолди? Кимлардан раҳмат, бошқаларидан эса лаънат билан эсланадиган хотиралар қолди. “Ўзингдан-чи?” Бир лаҳза шу савол хаёлимни ўйиб ўтди. Алланечук бўлиб кетдим. Рангим оқарди. Жудаям мутаассир ва беҳол бўлиб ўрнимдан қўзғалдим. Деворларга қараяпман, аммо ҳеч нарсани кўрмаяпман. Ақлу ҳушим бошимдан учган гўё. Шу пайт ёнимда кимдир беозоргина томоқ қирди, қарасам, масжид имоми экан. Унга салом бериб, Ўзбекистондан келганимни, Истанбул тарихига, жумладан, мана шу масжид қурилишига қизиқаётганимни айтдим. У киши мени ташқарига бошлади ва...
Авлиё Чалабий деган зот 1600 йилларда яшаган бой ва олим киши эди. Султон Фотиҳ томонидан ташкил этилган тиббиёт муассасида бош ҳаким бўлган. Кимё фанини яхши билгани учун Султон Тўртинчи Меҳмет уни ўз ошхонасига бошлиқ қилиб тайинлайди. Яъни кимдир султонни заҳарламоқчи бўлса, олдини олиш ва зидди заҳар (турклар панзеҳир дейди) тайёрлаб бериши учун. Авлиё Чалабий султондан рухсат олиб, соҳил бўйига бир мажмуа қуради. Масжид, сибён мактаби, доруш шифо (шифохона), карвонсарой ва зиёфат эви (йўқсилларга текин овқат тарқатадиган ошхона). Масжиддан чиқишингиз билан рўпарадаги икки қаватли қадим бино ва унинг занглаб кетган темир дарвозасига кўзингиз тушади. Бу – машҳур сибён мактаби. Мактаб болалари азон айтилиши билан масжидга чиқиб намозларини ўқишган ва яна қайтиб мактабга кириб дарсларини давом эттираверган.
Авлиё Чалабий ким деган савол туғилса, кўпни билган олимлар ҳам машҳур саёҳатчи деб жавоб беради. Бу тўғри, албатта. Унинг “Саёҳатнома” асари жудаям машҳур. Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. У ҳақда қуйидаги ривоят жудаям машҳур. Йигирма ёшларида у ажойиб туш кўради. Кечаси масжидда қуръон тиловат қилиб ўтирса, пайғамбар алайҳиссалом келиб қоладилар. “Шафоат, ё расулаллоҳ, дейман деб ҳаяжон кучлигидан “Саёҳат, я расулаллоҳ!” деб юборади. Пайғамбаримиз унга кулибсираб қараб: “омин” дейдилар. Шу билан у умрининг охиригача, яъни етмиш ёшига қадар дунё кезади ва машҳур “Саёҳатнома”сини ёзади. Шунинг учун ушбу масжиднинг номи “Чалабийнинг оҳи” деб номланар экан.
Масжиддан сал нарида бир эски бино бор. Бобо Жаъфар минораси. Мазкур бино бундан 1600 йиллар муқаддам, яъни милодий 400-йилларда Шарқий Рум императорлари томонидан зиндон ўлароқ қурилган. Аббосийлар халифаси Ҳорун ар-Рашид Пайғамбаримиз авлоди, яъни Имом Ҳусайн ҳазратларининг набираси Имом Жаъфар раҳматуллоҳи алайҳни Қустантинияга элчи қилиб юборади. Аммо император I Теодос Имом Жаъфарни мана шу зиндонга қамаб қўяди ва у зот зиндонда вафот этади. Бу борада ҳам ривоятлар жуда кўп, аммо ҳозир уларга тўхталиш мавриди эмас. Эминўнига келганингизда бу зиндонни албатта зиёрат этинг. Унинг ёнидаги Имом Жаъфар мақбараси ёнига келиб, ўтганларнинг руҳи шарифига дуолар ўқинг. Бобо Жаъфар зиндони десангиз, одамлар кўрсатиб юборади.
Кейинчалик бу зиндондан Усмоний халифалар ҳам хоин аскар ва зобиталарни ҳамда давлат ва халқ мулкини ўзлаштириб юборган хоинларни қамашда фойдаланган. Халқ мулкини ўзлаштирганлар то ўша пулларни қайтармагунча озод этилмаган экан. Яъни “имкон қадар талон-тарож қилай, бир амнистия билан чиқиб кетавераман” деган хомхаёлда бўлмаган. Зиндон деразаларидан қараб одамларга “Қарзимни қайтаришда ёрдам беринглар!” деб дод солиб йиғлаб-ёлворган. Айрим савобталаб кишилар раҳми келиб қарзи миқдоридаги пулни тўлаб қутқариб ҳам қолган экан.
Бобо Жаъфар зиндони ёнида эски карвонсарой бор. Тахминан уч аср аввал қурилган мазкур бино икки қаватли бўлиб, биринчи қаватида от, туя, эшак каби юк ташувчи ҳайвонлар учун емхона ва охур, шунингдек, юк сақлагани омборхона, иккинчи қаватида эса савдогарлар тунайдиган меҳмонхона бор. Мени ҳайратга солган жиҳат шу бўлдики, мазкур карвонсарой қайсидир Усмонли амалдори тарафидан қурилган ва вақфга қарашли бўлган. Яъни савдогарлар бу ерда бепул яшаган. Тасаввур қилинг, Истанбулга кемада юк келтирдингиз. Соҳилга тушишингиз билан текин омборхона ва меҳмонхона бор. Жудаям зўр, тўғрими? Савдо-сотиқни ривожлантириш учун мана шу каби аниқ ва амалий ҳаракатлар керак. шундагина мурод ҳосил бўлади, тадбиркорлик ривожланади. Қуруқ гап ва шиорлар билан “Тўйтепадан нарига” ўтиб бўлмайди...
Истанбулни кезар эканман, Усмонли халифалиги замонида масжид, мадраса, мактаб, зиёфат уйи, карвонсарой, кутубхона қуриш, булоқ чиқариш каби савобли амаллар маданият ҳолига келган. Султонлар, шаҳзодалар, маликалар, бойлар, амалдорлар ўз бойликларни ана шундай хайрли ишларга сарфлаганига гувоҳ бўласиз. Масалан, саёҳатномамизнинг “Маликалар бойлигини Европадаги саройларга сарфламаган...” деган қисмида Усмонли халифаси Султон Биринчи Сулаймон ва Хуррам Султонларнинг ягона қизи Малика Меҳримоҳ меъмор Синонга илтимос қилиб мазкур масжидни бино эттиргани, ҳаммом ва чашма чиқартиргани ҳақида ёзган эдик. Айнан ўша Малика Меҳримоҳнинг турмуш ўртоғи, яъни халифанинг куёви Рустам пошо қурдирган катта ва маҳобатли масжид ҳам шундоққина Эминўни майдонида, Оҳи Чалабий масжидининг қаршида қўр тўкиб турибди.
Дарвоқе, Султон Абдулҳамидхонга хиёнат қилган иккинчи куёв ҳақида гаплашмоқчи эдик. У – Анвар пошо.
Анвар пошо шахси ҳам, қисмати ҳам жуда мураккаб-зиддиятли. “Қашқирлар макони”да Пўлат Аландар у ҳақда шундай дейди: "Тарих эврилувчидир. Масалан, тарихга кўра, Анвар пошо 1907 йили ўғри, 1908 йили ҳуррият қаҳрамони, 1914 бош қўмондон вакили, 1918 йили қочоқ қўмондон, 1923 йили эса Ватан хоини”. Дарҳақиқат, турк биродарларимиз орасида ҳам Анвар пошога нисбатан икки хил қараш бор. Ўзбеклар, аниқроғи, Туркистон халқлари учун тамоман ўзгача – Истиқлол курашчиси, ўрис босқинчиларига қарши истиқлолчиларнинг (биз шўрликларни уларни ҳалиям босмачилар деса таниймиз) бошини бириктирган ва шу йўлда шаҳид бўлган ҚАҲРАМОНдир. Унинг ўрисларга қарши курашларини ҳужжатли қисса қилган ёзувчи Набижон Боқий туркларга айтган зўр гапи бор: “Менга қаранг, қардош! Анвар пошо халифаликни ағдаришга ҳисса қўшганми, Абдулҳамидхонга хиёнат қилганми ёки йўқми, буни ўрганиш – Сизларнинг ишингиз. Лекин Туркистондаги жонфидо ҳаракатлари учун Анвар пошо ҳазратларини биз бошимизга кўтарамиз, бу ёғини бизга қўйиб берасизлар”.
Анвар пошонинг шаҳид бўлганини эшитган Абдулҳамид Чўлпон қуйидаги байтларни битган:
Энг сўнгги умидни қонга бўяган,
Оҳ, қандай хайрсиз замонлар келган.
Фарёдим дунёни бўғиб ўлдирсин,
Қоп-қора бахтимга шайтонлар кулсин.
Расмий маълумотлардан: Анвар пошо 1922 йил 4 август Қурбон ҳайитининг иккинчи куни (ҳозирги Тожикистон ҳудудиги) Болжувон шаҳридан 25 км узоқликдаги Чагана қишлоғида Қизил армия аскарлари билан бўлган жангда вафот этган. 1996 йили Сулаймон Демирел даврида Анвар пошонинг хоки олиниб, Истанбулдаги Адолат саройи ёнидаги жойга қўйилади.
Анвар пошо ҳақида кўп гапириб вақтингизни олгим йўқ, Набижон Боқийнинг “Чингиз афандига мактаблар” ҳужжатли асарини ўқиб, янаям яхшироқ таниб оларсиз. Фақат шу нарсани айтишим керакки, Анвар пошо Султон II Абдулҳамидхоннинг жияни (акаси Шаҳзода Сулаймон Афандининг қизи) Малика Нажия (Naciye Sultan)га уйлангани учун “Дамад пошо” (генерал куёв) деб ҳам чақириларди. Аллоҳ барчаларини ғариқи раҳмат қилсин.
Эминўнидан узоқроққа – томида тобути бор масжидга жўнадим.
Тўпқопи, Аё София, Султон Аҳмадлардан Мармара денгизи томонга ўтиб борсангиз, кўп қаватли уйлар орасида мўъжазгина масжидга дуч келасиз. Котиб Синон жомеъсининг томида ростданам бир тобут турибди.
Ривоят қилишларича, Котиб Синон деган зот мана шу масжидни қурдиради ва ўлими олдидан одамларга тобутимни масжид томига қўйинглар, деб васият қилади. Аммо одамлар унинг васиятини номаъқул деб топиб, худди бошқалар қатори қабрга қўйишади. Эртаси куни эрталаб қарашса, қабр очилган ва тобут масжид томининг тепасида турибди. Олиб, яна жойига кўмишади. Индинига ва ундан кейинги кун ҳам шундай ҳолатга дуч келишади. Халқ ҳам “бундаям бир ҳикмат бордир”, дейдию тобутга тегмайди. Бу масжид бундан нақд беш юзу йигирма беш сана аввал, яъни 1496 йили бунёд этилганини ҳисобга олсак, ривоят ҳам камида беш асрдан бери оғиздан оғизга кўчиб келмоқда.
Ривоят ростми ё ёлғон,
Ёлғиз Аллоҳга аён...
Ривоятлар, асотирлар, маноқиблар ҳақида менинг қарашим шундай: ёлғон ҳам демайман, рост ҳам. Лекин ҳар бир ривоятда шубҳасиз ҳикмат бор, деб биламан. Қарангки, бир ривоят мени қаердан қаерга келтирди: супермаркет ва мақбара устидаги масжидни кўргандим, мана, томида тобути бор жомеъни ҳам учратдим. Шу ўринда машҳур гапни такрорлагим келди. “Оҳ нақадар гўзалсан, Истанбул!” Айтганча, ўзимизнинг Наманган вилояти Косонсой туманида “Ғўзапоя” масжиди бор. Ривоятларга кўра, у ҳам ғўзапоядан қурилган эмиш. Косонсойлик дўстим Аҳмаджон қори Соҳибовни кўрсам (жудаям ажойиб йигит), шу масжид ҳақида батафсил сўраб, эшитганларимни Сизлар билан ҳам бўлишаман, худо хоҳласа...
Ҳозир эса, Эминўнига қайтиб, вапурга ўтираман ва Ускудор соҳилига қараб йўл оламан. Кейинги сафар бир ҳовлида жойлашган масжид ва черков ҳақида гапириб бериш ниятидаман. Ҳозирча Аллоҳдан илҳом ва ёрдам сўраб, Сизларнинг ҳам дуоларингга муҳтожлигимни эслатиб, хўшлашаман.
(давоми бор)
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири
Тошкент-Истанбул-Тошкент