Ўзбекистонда зиёрат туризми билан бирга мусулмонларга хос меҳмондўстлик хизматлари ҳам ривожланмоқда. Табиий равишда саёҳатчилар ва шаҳримиз меҳмонлари учун ҳар қандай қулайликларга эга масканлар камдан-кам эканлигини тан олиб ўтишнинг айни вақти.
Камолон Ош Маркази Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб халқаро даражада Мусулмон меҳмондўстлиги талабларига мос овқатланиш маскани сифатида эътироф этилди.
Дунё бўйлаб мусулмон саёҳатчилар учун меҳмонхона, ресторан ва бошқа туристик объектларнинг Мусулмон меҳмондўстлиги талабларига мослигини рейтинг баҳолаб келувчи CrescentRating агентлиги томонидан Камолон Ош Марказига "АА" рейтинги берилди (Максимал ААА).
Ушбу рейтинг овқатланиш масканининг таомлари ҳалол эканлиги, у ерда мусулмон саёҳатчиларга кўрсатиладиган хизматлар савияси юқори эканлиги ҳамда мусулмон саёҳатчилар учун бошқа қулайликлар яратилганини билдиради.
Мусулмон меҳмондўстлиги талабларига мос туризм объектларининг кўпайиши ва халқаро миқёсда эътироф этилиши мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Рейтинг эса, ўз навбатида, овқатланиш масканларига мусулмон саёҳатчилар оқимининг кўпайишига ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида жойлашган "Ark Billur" меҳмонхонаси ҳам мусулмон меҳмондўстлиги талабларига мос деб эътироф этилган эди.