Икки дўст ва қардош давлат – Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар барча соҳалар ва турли йўналишларда ривожланиб бормоқда. Бахтимизга, кўплаб тарихий ва маданий муштаракликларга, ҳар иккала халқ учун бир хилда фахр-ифтихор манбаси ҳисобланган алломаларга эга Эрон ва Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятлари кўп жиҳатлардан бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади.
Эрон йўналиши Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг қулай йўлдир. Икки мамлакатнинг бир юз йигирма миллион кишилик бозори, шунингдек, Эрон ва Ўзбекистонда мавжуд бўлган маҳсулотлар ва товарларнинг хилма-хиллиги икки мамлакат тадбиркорлари учун нодир имкониятдир. икки мамлакат халқлари бир-бирларига юксак ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўладилар ҳамда бир-бирлари тўғрисида ижобий тасаввурга эгадирлар.
Икки давлат раҳбарларида ҳам Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга нисбатан кучли ирода мавжуд. Буларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кучайтирувчи ва кенгайтирувчи омиллар ҳисобланади. Охирги йиллар якунлари икки томонлама алоқаларнинг барча соҳаларда ривожланаётганини кўрсатмоқда.
Сўнгги уч йил ичида сиёсий алоқалар икки давлат ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилиши ҳамда ташқи ишлар вазирларининг Тошкент ва Теҳрондаги учрашувлари билан жонланиб, бошқа соҳалардаги алоқаларнинг жонланиши учун туртки бўлиб хизмат қилди. Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг олтинчи давраси олти йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг Теҳронга ташрифи давомида ўтказилди. Мазкур маслаҳатлашувларнинг мунтазам тарзда ўтказиб турилиши режалаштирилмоқда.
Икки давлат ташқи ишлар вазирлари жорий 2023 йилнинг январида Тошкентда учрашдилар. Ушбу учрашув икки мамлакатнинг кўплаб соҳалардаги алоқалари даражасини ошириш учун бир дебоча бўлиб хизмат қилди. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилиши доирасида бўлиб ўтган ушбу учрашувда икки мамлакат муносабатлари истиқболлари ва бу муносабатларда катта сакраш ясашга урғу берилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Теҳронга ташрифини ташкиллаштириш режалаштирилди.
Жорий йилнинг 31 май – 1 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Эроннинг юқори мартабали делегацияси иштирокида Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн бешинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Эрон ва Ўзбекистон ўртасида Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг тузилиши мамлакатимизнинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларидаги янги бир ҳодиса бўлиб, Эрон ушбу минтақа давлатлари орасида илк бор Ўзбекистон билан шундай комиссияни тузди. Ушбу комиссияни тузиш тўғрисидаги ҳужжат Эрон Ислом Республикаси Миллий хавфсизлик олий кенгаши котибининг Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланди ва ушбу комиссиянинг биринчи мажлиси ўтказилди. Ушбу соҳадаги ҳамкорлик бошқа соҳалардаги ҳамкорликка ҳам ижобий ва самарали таъсир кўрсата олади. Бу соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлида бу борадаги ихтисослаштирилган йиғилишларни мунтазам тарзда ўтказиб турилишини таъминлаш мақсадида тез орада Теҳрон шаҳрида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг иккинчи мажлиси ўтказилади.
Эрон ва Ўзбекистон ўртасида парламентлараро муносабатлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам яқинда – икки йил олдин бошланди, жумладан ҳар иккала давлатда парламентлараро дўстлик гуруҳлари тузилди. 2022 йилнинг 12-14 июль кунлари Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлиси раиси биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрди. Эрон парламенти раҳбари бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда илиқ кутиб олинди. Шунингдек, жорий йилнинг 6-7 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигидаги делегация Эронга ташриф буюрди. Делегация Эронда юқори даражада кутиб олинди. Парламентлараро ҳамкорлик алоқалари, жумладан парламентлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳалардаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши учун замин ярата олади.
Ўтган 2022 йилнинг сентябрь ойида Эрон Ислом Республикаси президенти Сайид Иброҳим Раисий жаноби олийларининг Ўзбекистон Республикасига амалга оширган расмий ташрифини Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар ривожидаги кульминацион нуқта деб аташ мумкин. Икки давлат раҳбарлари тарихий Самарқанд шаҳрида учрашиб, музокаралар ўтказишди. Мазкур учрашув якунлари бўйича икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликка оид ўн саккизта ҳужжат имзоланди. Мазкур ҳужжатлар уларни ижро этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаларини тузиш мақсадида икки давлат вазирликлари ва идораларига тақдим қилинган.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида ривожланиб бораётган алоқаларга хос бўлган хусусиятларидан бири ушбу алоқаларнинг диверсификациялаштирилганидир. Бугунги кунда икки мамлакат яхши сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатлар, минтақавий ва халқаро масалалардаги ҳамкорликдан ташқари парламентлараро алоқалар, олий таълим, маданият, санъат, туризм, хавфсизлик, энергетика, фан ва технологиялар ва минтақалараро алоқалар соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам бошлаб юборган. Эрон ва Ўзбекистон ўртасида маданият, туризм, фан ва технологиялар, хавфсизик ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар, икки мамлакатнинг Исфаҳон ва Самарқанд, Язд ва Хива шаҳарлари ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Англашув меморандумларининг имзоланиши мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда ўзига хос янги ҳодиса бўлиб, ўзаро алоқаларда ўзгариш ясайди.
Икки мамлакат ўртасида имзоланган мазкур муҳим ҳужжатлардан бири Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумидир. Бу ҳужжат икки мамлакатда ўзаро маданият ҳафталарини ўтказиш имкониятини яратади. Шунга кўра яқин ойларда Ўзбекистоннинг айрим шаҳарлари, жумладан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Термизда Эрон Ислом Республикаси маданият ҳафтаси тантанали ва ўзига хос бир тарзда ўтказилиши мўлжалланмоқда.
Ўзбекистон олий ўқув юртларида эроншунослик кабинетлари ва форс тили кафедраларининг очилиши икки мамлакат ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларнинг кенгайиши ва чуқурлашувига хизмат қиладиган янги бир қадам бўлиши мумкин.
Эрон Ислом Республикаси Фан, тадқиқотлар ва технологиялар вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжат икки мамлакат ўртасида олий таълим ва тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорлик учун йўл очиб, талабалар, ўқитувчилар ва тадқиқотчилар икки мамлакат олий таълим ва тадқиқот муассасалари салоҳиятларидан фойдаланиш имкониятини қўлга киритишади.
Ўтган 2022 йили Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 2021 йилга нисбатан бир оз ўсиб, 436 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Бироқ бу миқдор икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларга, Эрон ва Ўзбекистондаги мавжуд иқтисодий салоҳиятга мос эмас. Шунга кўра бу йўлда ташланиши кутилаётган илк қадам икки мамлакатнинг ўзаро йиллик савдо айрибошлаш ҳажмини яқин келажакда 2 млрд. еврога етказишни мақсад қилиб қўйишидан иборат бўлади.
Ўтган уч йил давомида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлислари ўтказилиши ҳамда керакли ҳужжатларни имзолашга тайёрлашдан ташқари икки мамлакат тадбиркорларининг Эрон ва Ўзбекистон бозори ва имкониятлари билан яқинроқ танишишлари учун чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан ўтган 2022 йилнинг 9-11 май кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуасининг 3-павильонида Эрон ишлаб чиқариш ва саноат ютуқлари биринчи ихтисослаштирилган кўргазмаси бўлиб ўтди, 20 июль куни эса Эрон Ислом Республикаси президентининг илм-фан ва технологиялар бўйича ўринбосари Сурено Сатторийнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Эроннинг 30 та инновацион компанияси иштирокида «Ўзбекистон - Эрон фан ва инновация форуми» ўтказилди. Булар икки халқнинг фан ва техногиялар соҳасидаги ҳамкорлигининг ривожланиши, икки ўртадаги алоқаларнинг чуқурлашиши ва маданий боғлиқликларнинг кенгайишига хизмат қилади. Ҳозирги кунда Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистонда инновация марказлари очиши ҳамда бу соҳада биргаликдаги қадамлар ташлаши учун шарт-шароитлар муҳайё.
Икки мамлакат бозори ва потенциаллари билан яқиндан таништириш мақсадида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисларининг, ихтисослаштирилган ва вилоятлар салоҳиятларига бағишланган кўргазмаларнинг мунтазам тарзда ўтказиб турилиши, Энг кўп қулайлик режими асосида нисбий имтиёзларга ва бозордаги эркин рақобатга асосланган савдо ҳамкорлиги тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, Савдо имтиёзлари тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш устидаги ишларни ниҳоясига етказиб, уни имзолашга тайёрлаш, мамлакатларимиз тадбикорларини рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, икки мамлакат хусусий секторлари компаниялари ўртасидаги алоқалар ўрнатилишига кўмаклашиш, икки давлат ўртасида визасиз режим ўрнатиш ва фуқароларнинг ўзаро борди-келдиларини осонлаштириш, комбинациялашган ташувларни ривожлантириш ҳамда автомобиль ва темир йўл транспорти йўналишларидан бир вақтда фойдаланиш, эркин савдо режимини ўрнатиш томон ҳаракат қилиш, нефть ва нефткимё маҳсулотларини икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо номенклатурасига киритиш, турли соҳалардаги алоқаларнинг ривожланиш жараёнини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва эҳтимолий тўсиқларни бартараф қилиш бу йўлдаги таъсирчан ва самарали чора-тадбирлардан бўлиши мумкин.
Шунга кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар барча, жумладан сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ўта ёруғ истиқболларга эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг жорий йил 18 июнь куни Эрон Ислом Республикасига амалга оширадиган расмий ташрифи, ушбу ташриф жараёнида турли соҳаларга доир бир қатор ҳужжатларнинг имзоланиши икки мамлакат муносабатларида катта сакраш ясаши кутилмоқда.
Ҳамид Наййирободий,
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги
Фавқулодда ва Мухтор Элчиси