Хабарингиз бор, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Ўзбекистон Республикасининг Ахборот кодекси лойиҳаси кўплаб фуқароларнинг, айниқса ОАВ ходимларининг диққат марказида бўлиб турибди. 29 декабрда муҳокамаси якунланиши кутилаётган бу муҳим ҳужжат юзасидан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Нозима Давлетова ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган муносабатда, жумладан шундай дейилади:
«Сўз эркинлиги, барча эркинликлар каби, жуда нозик ютуқдир. Бу – барча томонлар: давлат, фуқаролик жамияти ва хусусий секторнинг биргаликдаги умумий ҳамда доимий иши. 29 декабрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тайёрланган “Ахборот кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси якунланади.
Бундай кодексни яратиш ғоясининг ўзи – жуда ажойиб. У, ОАВ фаолиятини бошқариши, медиа тўғрисидаги қонунларни тартибга солиши, жамоатчилик муносабатларининг барча иштирокчиларига сўз эркинлиги чегаралари ҳақида аниқ тушунчаларни шакллантириши керак. Лекин мени, қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилишидан олдин, якуний ҳужжатнинг айрим бандлари давлат назоратчиси томонидан Масс-медиа фондига тақдим этилмагани ташвишлантираяпти.
“Жамият, давлат ва давлат рамзларига нисбатан таҳқирловчи характерга эга ёки ҳурматсизлик (шунингдек, беҳаё сўзларни ишлатган ҳолда) ифодаланган ахборотни чеклаш тўғрисида”ги 45-модда – хавфлидир. Биз, ҳар қандай фуқарони жиноятчига айлантира оладиган бундай мавҳум таърифлар билан, сўз эркинлигини ҳимоя ҳам қила олмаймиз ва албатта, мустаҳкамлай ҳам олмаймиз. Шундоқ ҳам, журналистлар ва блоггерларнинг ўз кучли цензураси қобиғига ўралиб қолиши ва улардаги мавжуд қўрқув, ҳақиқий сўз эркинлиги ривожланишига фақатгина тўсиқ бўлиши мумкин холос.
Тартиб ва қонунларга риоя этиш – бу ҳар икки томоннинг муштарак ҳаракатлари билан амалга оширилса, самарали кечади. Ҳуқуқий жамият учун давлат идораларининг очиқлиги, журналистиканинг юқори стандартлари, медиасаводлик – қонунлардаги ноаниқ тушунчалардан кўра сермаҳсулроқдир. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, сўз эркинлиги тўғрисидаги ҳар қандай қонун ҳужжатларига аниқ ва тушунарли таърифларни киритишга чақиради. Ахир, мақсад – таъқиқлар жамиятини эмас, балки ҳуқуқий жамиятни яратишдаку, шундай эмасми?»