Бир неча йил илгари Туркия журналистларидан бири ёмғирли кунда жума намози ўқиётган ўзбекистонликларнинг ихлос-эътиқодига қойил қолиб ёзган мақоласига кўзим тушган эди. Бу ҳолат ҳар жума, ҳар ҳайит намозларида такрорланади: одамлар масжидга сиғмай кўчага чиқиб кетган, масжид яқинида тирбандлик, яқин ўртадаги кўчалар автомобилларга тўлган, ҳатто катта-катта кўчаларда қатнов тўхтатиб қўйилган бўлади. Бу эса аҳолига ноқулайлик туғдиради.
Хўш, муаммонинг ечими қаерда?
Ўзининг турли мавзулардаги чиқишлари билан танилган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов шундай деб ёзади:
“Бугун ОАВда берилган маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги жами масжидлар сони 2101 га етибди. Бу 35 миллионлик, аҳолисининг 90 фоиздан ошиғини мусулмонлар ташкил қиладиган Ўзбекистон учун фақат бир хулоса беради: жамиятнинг ўзи истаган миқдорда диний ибодат масканларини очиш имконияти ҳали ҳам чекланганича қолмоқда.
Биринчи маъмурият даврида шаклланган тафаккур бор эди: жамиятнинг диндорлик даражасини назорат қилиш, паст ушлаб туриш керак, бунинг учун диний институтлар сони кескин қисқа бўлиши керак. Мана шу тафаккур етарли даражада ўзгаргани йўқ. Инерция... Инстинкт....
Аслида бу жуда нотўғри хулоса. Сабаби муаммо масжидлар сонида эмас, эҳтимолий муаммо масжидлардаги имомларнинг малакасида, жамиятдаги ижтимоий кайфиятда.
Мусулмон давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, масжидлар – давлат ва жамиятни оҳиста ва норасмий ришталар билан боғловчи муҳим ижтимоий институт, ишонч тармоқлари бўлиши мумкин.
Агар масжид имомлари малакали бўлса, масжидлар сони давлатни мустаҳкамлайди, жамиятни тўғри йўналтиради, миллатнинг ўзига бўлган ишончини ўстиради.
Лекин Ўзбекистонда бу борада ҳам хато қарор қабул қилинган эди. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинганига анча вақт ўтиб ҳам, бу борадаги сиёсат ўзгаргани кўринмаяпти”.
Дин олими, Azon лойиҳалари муаллифи Мубашшир Аҳмад ҳам масжидларнинг етишмаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирган: “Қуйидаги суратлар кишини бир хурсанд қилса, бир хафа қилади. Юртимизда намозхонлар кўпаяётгани ва масжидлар лиммо-лим тўлаётгани одамнинг кўнглини кўтаради. Аввало бу ҳолат Аллоҳ таолонинг марҳамати бўлса, сониян мамлакатимиз раҳбариятининг диний соҳада юргизаётган ижобий сиёсатининг маҳсули, алҳамдулиллаҳ.
Аммо бу кўриниш давлатимизда масжидлар сони, уларни рўйхатдан ўтказиш ва қулайликлар яратиш борасида ислоҳотлар ўтказиш муҳимлигини кўрсатади. Суратлар пойтахтимизнинг Қушбеги мавзеси-кичик ҳалқа йўли бўйида жойлашган масжиддан олинган (масжид номини аниқлашга имкон қила олмадим). Намозхонлар масжидга тўлиб, машиналарнинг қатнов йўлига чиқиб кетган. Бу ўз ўрнида тирбандликни юзага келтириб, ДАН ходимларининг кўп асабийлашуви ва автоулов ҳайдовчиларининг мушкул вазиятга тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Яхшиям, бугун жума намози ёғингарчиликсиз ўтди. Агар ёғин ёғса ёки жазирама иссиқ бўлса, ҳолат бундан-да аянчлироқ кўриниш олади. Бундай ёқимсиз вазиятни диёримиздаги кўплаб масжидларда кўриш мумкин.
Бу муаммога янги муфтиймиз, устоз Нуриддин Холиқназаров домланинг ҳам эътиборларига қаратмоқчиман. Уч миллиондан зиёд аҳолиси бор Тошкент шаҳри учун 120 атрофида масжид анча кам. Масжидларни рўйхатга олиш жараёни жуда оғир масала. Қурилган масжид учун рухсат ололмай йиллаб ҳаракат қилаётганларни кўряпман. Янги қурилаётган масжидлар кенг ва катта бўлиши ўрнига ўта зийнатли ва исрофгар шаклда барпо этилмоқда.
Бу муаммолар ўз ечимини топиши ва соҳада ислоҳотлар ўтказилишидан ҳамма ютади. Давлат ҳам, фуқаро ҳам”.
Масжидлар сонига тўхталар эканмиз, узоқдаги араб давлатлари эмас, қўшни, қардош давлатлардаги ҳолатни кўриб чиқсак.
- Қозоғистонда 3000 дан ортиқ масжид бор. Аҳолиси 19 миллион киши.
- Қирғизистонда 2700 га яқин масжид бор. Аҳолиси 6,6 миллион киши. 1783 кишига битта масжид.
- Ўзбекистонда 34 миллиондан зиёд одам бор. Масжидлар сони 2101 та.
Юқоридаги рақамлардан ҳам Ўзбекистонда масжидлар сони камлигини билса бўлади. Агар масжидлар сони кўпайса, уларга диний идора томонидан илмли, малакали имомлар тайинланса, албатта, мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун имкониятлар ортган бўлар эди.
Ёқуб Умар
МАВЗУГА ОИД МАҚОЛАЛАР: