Бунга Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 60-сонли ва 110-сонли умумий ўрта таълим мактабларида таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган сақич ва ширинликлар тарқатилаётганлиги ҳақидаги аудиохабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур хабарлар бўйича Тошкент шаҳар ИИББ масъуллари томонидан ушбу мактабларга бориб ўрганиш ўтказилди ва бу каби ҳолатлар қайд этилмаганлиги аниқланди.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги барча умумтаълим мактабларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар фаолият юритиб келмоқда. Улар томонидан ўқувчилар ўртасида турли хил салбий ҳолатларни, шунингдек гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки снюс каби моддаларни истеъмол қилинишини олдини олиш мақсадида мунтазам равишда профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда, дейилади муносабатда.