МАГАТЭ Ўзбекистон учун 2022-2023 йилда 1,5 млн евро қийматидаги 4 та лойиҳани тақдим этади.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Иброҳим Тошкенбоев маълум қилди.
Таъкидланишича, МАГАТЭ билан ҳамкорликда 1994 йилдан буён 30 дан ортиқ миллий лойиҳа амалга оширилган ва Ўзбекистонга 22 млн евродан ортиқ молиявий ёрдам кўрсатилган.
2022-2023 йилларда Ўзбекистон учун умумий қиймати 1,5 млн еврога яқин бўлган 4 та лойиҳа МАГАТЭ томонидан тасдиқланган, бунга Андижонда Ядровий тиббиёт бўлимини яратиш, радиациявий объектлар ва манбаларни самарали тартибга солиш ҳамда назорат қилиш учун норматив-ҳуқуқий база ва инфратузилмани мустаҳкамлаш лойиҳалари киритилган.
«Халқаро ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик ходимларни ривожланган давлатлардаги атом электр станцияларга билим ва тажриба орттириш учун юбориш, МАГАТЭ ёрдамида халқаро инспекцияларда республика вакиллари иштирокига эришиш ва ривожланган давлатларнинг хавфсизликни тартибга солувчи органлари фаолияти билан танишиб, уларнинг тажрибасини Ўзбекистонга татбиқ этиш тадбирлар режалаштирилган.
Хусусан, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўналишида 2022-2023 йиллар даврида 8 нафар ходимимизни турли давлатлардаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида хавфсизликни назорат қилиш, жойлаштириш, лицензиялаш масалалари бўйича малака ошириш стажировкаларига юбориш кўзда тутилган.
Шунингдек, МАГАТЭ билан ҳамкорлик доирасида 2024 йилда МАГАТЭ томонидан Хавфсизликни тартибга солиш бўйича кенг қамровли таҳлил қилиш хизмати миссияси ўтказилиши кутилмоқда», — дейилади Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси брифингида.