Тобеинларнинг етакчиларидан бири Абу Салама ибн Абдураҳмон ибн Авф ибн Абду Авф ибн Ал-Ҳорис ибн Зуҳрат ибн Килоб Ал-Қурайший 20 ҳижрий йилдан кейин дунёга келган. Уни Умму Кулсум эмизган, шунинг учун Оиша розияллоҳу анҳу унинг кўкалдош холаси эди.
Унинг отаси Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур саҳобаларидан бўлиб, ҳаётлик чоғларида жаннат башорати берилган ўн саҳобадан бири эди. Шунингдек, у амирул мўминин Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳунинг шўросига кирган олти нафар атоқли саҳобалардан бири бўлган.
Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Арқам уйига тўплай бошлаган даврлардан олдин Исломни қабул қилган эди. Уни Исломга киришига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу сабабчи бўлган.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошқа саҳобалар билан бирга Абдураҳмонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Ислом ҳақида гапириб берди, Қуръон оятларини ўқиди ва улар ягона Аллоҳга иймон келтирдилар. Абдураҳмон розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилганида 30 ёшда эди.
Абдураҳмон ибн Авф Бадр жангида қатнашиб, икки марта ҳижрат қилган. У Ҳабашистонга кўчиб келганлар орасида эди. Мусулмонлар Мадинага кўчиб кела бошлаганларида, у ҳам биринчилардан бўлиб ҳижрат қилди.
Абу Саламанинг онаси Тумазир бинт Ал-Асбағ ал-Калбия Бану Калб қабиласидан қурайшлар уйланган биринчи аёл эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авфни Калб қабиласига юбориб, уларнинг бошлиқларининг қизига уйланишни буюрди. Ўша пайтда уларнинг қабиласининг бошлиғи Ал-Асбағ эди. Абдураҳмон ибн Авф шу қизга уйланди ва у билан бирга Мадинага келди.
Ислом тарихчилари Абу Салама номи ҳақида ихтилоф қилганлар. Баъзилар унинг исми Абдуллоҳ, бошқалари эса Исмоил, дейишган. Шунингдек, баъзи одамлар куняси Абу Салама унинг исми ҳам бўлган деб айтишган.
Бу ҳақда Ибн Ҳиббон ўзининг «Ас-Сиқот» китобида шундай ёзади:
«Молик ибн Анас Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авфнинг исми ўзининг куняси, Муҳаммад ибн Амр эса унинг исмини Абдуллоҳ деб айтган».
Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф кўп ҳадислар ривоят қилган ишончли ровий эди. У Қурайшнинг энг муносиб намояндаларидан бири, чуқур илмга эга имом ҳам бўлган.
Абу Салама ҳадис ривоят қилган саҳобалар
Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф отаси Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Ҳасан ибн Собит, Усома ибн Зайд, Абу Айюб, Умму Салама, Муғира ибн Шуъбат, Абу Дардо, Убода ибн Сомит, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Амр, Ибн Умар, Жобир ва бошқа кўплаб саҳоба ва тобеъинлардан розияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоят қилган.
Абу Саламадан ҳадис ривоят қилганлар:
Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан Солим Абу Наср, Аз-Зуҳрий, Яҳё ибн Саид, Яҳё ибн Абу Касир, Амир аш-Шаъбий, Абдураҳмон Аърож, Амр ибн Динор, Абу Ҳозим, Абу Салама ибн Динор ва бошқалар.
Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф Мадинанинг етти фақиҳларидан бири ҳисобланган. У Қурайшнинг таниқли олими бўлиб, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг ўзлари (Аллоҳ иккаласидан рози бўлсин) билан баҳслашиб, унинг фикрига қарши фикр билдирган.
Ибн Асокир ўзининг «Тариху Димашқ» китобида бу ҳақда шундай ёзади:
Муъмар разияллоҳу анҳу Аз-Зуҳрий розияллоҳу анҳунинг: «Мен Қурайшнинг тўрт машҳур олимини учратдим: Саъид ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф ва Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ», деган сўзларини келтирган.
Яна Зуҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: «Агар Ибн Аббосга яхши муносабатда бўлганимда, ундан кўп илм олган бўлардим», деган экан.
Абу Саламанинг Мадинага қози этиб тайинланиши
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Саъид ибн Осни Мадинага волий, Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авфни эса қози этиб тайинлаган эди.
Саъид ибн Ос Мадина ҳокимлигидан четлаштирилиб, унинг ўрнига Марвон ибн Ҳакам волий бўлганида, Абу Салама ҳам қозиликдан бўшатилди. Унинг ўрнини укаси Мусъаб ибн Абдураҳмон ибн Авф эгаллади.
Ибн Асокир «Тариху Димашқ» китобида шундай ёзади:
“Маймун розияллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Абу Яъқуб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф Басрага Бишр ибн Марвон ҳоким бўлиб турган пайтида ҳузуримизга келди. Юзи динордек нур сочиб турар эди".
Абу Салама ибн Абдураҳмон ибн Авф Умавийлар халифаси Волид ибн Абдулмалик даврида 713 (мусулмон тақвими бўйича 94) йили Мадинада 72 ёшида вафот этган. Ҳижрий 103 йилда, шунингдек, ҳижрий 104 йилда вафот этган, деган ҳам тахминлар бор.
Ёқуб Умар тайёрлади.