Имкон топсангиз, Мадинаи мунавварага боринг. Ва иложи бўлса, ёшлигингизда боринг. Худди Мусъаб сингари, ҳали оёқларингизга дунё кирлари тегмасидан, ҳали руҳингиз гуноҳни танимасидан... Рисолатнинг илк кунларидаги каби бўлсин Жанобимиз алайҳиссалом томон боришингиз. 10 ёшдаги ҳазрат Алидек, 12 ёшдаги Зубайр ибн Аввом, 16 ёшдаги Ҳаббоб ибн Арат, 20 ёшдаги ҳазрат Жаъфар, 24 ёшдаги Маслама ибн Саламадек... Умайснинг қизи Асмодек кичиклигингизда, ҳазрат Зайнабдек соф ва маъсум вақтингизда боринг. Расулуллоҳнинг атрофларида чопиб юрганларидек юринг масжид саҳнида. Балки фаришталар сизни уларга ўхшатишар? Зайнаб, ё Фотима, ёки Али билан тенгдош экан дейишар? Фаришталар уларга ёшингизни ўхшатишсин, Ҳақ таоло яшашингизни...
Тасаввур қилингки, сиз бошқа умматсиз ва Аллоҳга: “Бир мартагина уммати Муҳаммад билан умра зиёратини насиб эт”, дея дуо қилдингиз. Ҳақ таоло дуонгизни қабул этди. Мана, Мадинаи мунавварадасиз. Атрофингиздагилар Пайғамбар алайҳиссаломнинг меҳмонлари. Мезбоннинг ҳурматидан уларга бағрикенг бўлинг. Иложи бўлса, беш вақт намозни Масжидун Набавийда ўқинг. Ичкарига қадам қўяркан, дунёнинг молини-ю каломини ортда қолдиринг. Салот ва салом ила ҳузурга киринг. Фараз қилингки, меҳробда Расулуллоҳ. Олдинги сафда саҳобаи киром ва лак-лак уммати Муҳаммад саф тортган. Саодат асрида ўқилган намоздек бўлсин намозингиз. Равзаи мутаҳҳарада намоз ўқимоқ шарафдир. Худди жаннатда ўқилгандек ёқимли...
Агар Равзага кира олсангиз, икки ракат намоздан кейин дуоларингизни қилинг ва тезда чиқингки, бошқа меҳмонлар ҳам бу шарафга ноил бўлсинлар.
Сўнгра Расулуллоҳ қаерга борган бўлсалар, сиз ҳам боринг. Уҳудга, Масжиди Қиблатайнга, Хандаққа, Қубо масжидига... Шунчаки сайр қилманг, Уҳуддаги ғамгинликни, Қиблатайндаги итоатни, Хандақдаги очликни, Қубодаги қувончни ҳис қилишга урининг.
Айниқса, Уҳуд... Унинг бағрида туриб, ўша жангни, ўлмоқ учун энг муносиб бўлган кунни эсланг. Ўша кунда Уҳудда бўлолмаганингизга, Уҳудда ўлолмаганингизга йиғланг...
Мадинаи мунавварадан айрилиш вақти етгач, бунда бўлган жамики дилхираликларни унутинг. Балки сиз адашгандирсиз, нотўғри кўрган ёки хато тушунгандирсиз?.. Яқинларингизга Мадинани ва Мадина кишиларини мақтаб гапиринг. Балки Мезбон сиздан хурсанд бўлар ва такрор меҳмонга чақирар?..
Турсун Али