Муаммо кўтарилгач, Маданий мерос агентлиги «тилга кирди»
«Қарши шаҳрининг эски шаҳар қисмида тарих билан чамбарчас боғлиқ бўлган XVIII асрда қурилган Шарафбой мадраса https://t.me/nasafnewsuz/12118 ва Чақар масжиди меъморий ёдгорлиги фаолият кўрсатмагани боис қаровсиз аҳволда қолгани туфайли кундан кунга нураб бормоқда. Фуқаролар ҳеч бўлмаса масжидни ҳашар йўли билан таъмирлаш тарафдори эканликларини айтишмоқда. Лекин бино давлат муҳофазасига олингани туфайли бунга рухсат йўқ».
Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида жойлашган Чақар масжиди ва Шарафбой мадрасаси юзасидан танқидий хабар тарқалди. Бунга Маданий мерос агентлиги муносабат билдирди.
Таъкидланишича, Чақар масжиди ва Шарафбой мадрасаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сонли қарори билан миллий рўйхатга киритилган. Ушбу маданий мерос объектлари авария ҳолатда ва таъмирталаблиги сабабли Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги таъмиршунослик институти лойиҳа гуруҳи таклиф этилиб, лойиҳалаш ишлари бошланган.
Чақар масжиди Қашқадарё вилоят Маданий мерос объектларини 2023 йилда таъмирлаш ва консервация қилиш режасига киритилган. 2023 йил учун республика бюджетидан маблағ ажратилгандан сўнг, таъмирлаш ва консервация ишлари олиб борилади.
Шунингдек, Шарафбой мадрасаси ҳам 2023 йил таъмирлаш ва реставрация қилиш дастурига киритиш режалаштирилган. Агентлик ҳузуридаги Илмий эксперт кенгаши тасдиқлаган хулосага асосан қурилиш таъмирлаш ва реставрация ишлари бажарилади.
«Ҳар қандай маданий мерос объектларида фуқаролар томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларисиз таъмирлаш реставрация ишлари олиб борилишга рухсат берилмайди», — дея эслатди Маданий мерос агентлиги расмий хабарда.