Бош прокуратура хабарига кўра, кейинги икки йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида республика бўйича 371 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилиш ҳолати аниқланган. Бу қилмишлар учун 2 минг 477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилишини амалга ошириш учун белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилмаслик, пудратчиларни таниш-билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш ёхуд манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш каби коррупциявий ҳолатлар кўплаб кузатилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда бу борада деярли ҳар куни бериб борилаётган ташвишли хабарларнинг ўзи мазкур ҳолатларнинг исботидир.
Шу боис коррупция иллатига барҳам бериш, қонун устуворлиги ва жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ҳисоб палатаси томонидан республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилган.
Мазкур ишчи гуруҳлар қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилиши соҳаларида қонунийлик қандай таъминланаётганини ўрганмоқда.
Жумладан, прокурорлар томонидан қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида 452 объектда текшириш ўтказилган.
Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига 46 тақдимнома киритилди. 337 нафар шахс маъмурий ва 22 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Келгусида қонун бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида 126 нафар мансабдор шахс ёзма равишда огоҳлантирилган.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, 1 минг 379 янги объектнинг лойиҳа ҳужжати қайта кўриб чиқилганда дастлабки қийматга нисбатан 1,5 триллион сўм ёки 22 фоиз харажатлар ортиқча ва асоссиз киритилгани аниқланиб, қисқартирилган.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан бугунги кунда жами 82 объектда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича текшириш ўтказилиб, 66 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчилик мавжудлиги аниқланган.
Шу билан бирга, 23 миллиард сўмлик 21 объектни қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилган тендер ва танловларда буюртмачи ва пудратчилар ўртасида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ҳолатларига йўл қўйилган.
Текширишларда аниқланган жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 111 жиноят иши қўзғатилди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишлари қатъий назоратга олинди ва айни пайтга келиб 24 жиноят иши суд муҳокамасига юборилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.
Ушбу тоифадаги жиноят ишлари бўйича давлат ва жамият манфаатларига 260,7 миллиард сўмлик моддий зарар етказилгани аниқланиб, унинг 47,6 миллиард сўми ундирилган.
Етказилган зарарларни ихтиёрий тўламасдан келаётган, тергов ва суддан яшириниши эҳтимоли бўлган 36 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада белгилаб берилган вазифалар ижроси Бош прокуратура томонидан қатъий назоратга олинганлиги таъкидланган.
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси матбуот хизмати хабар берешича эса, 234 нафар мансабдор шахсга маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Таъкидланишича, 2020 йилда солиққа оид турли ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун 188 та йирик солиқ тўловчи корхонанинг 234 нафар мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
193 нафар (82 %) мансабдор шахс томонидан белгиланган ўттиз кунлик муддатда етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф этишга эришилди. Мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган 41 нафар (18 %) мансабдор шахсга нисбатан эса жами 59,3 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Бюджет маблағлари – халқнинг пуллари, шу юртда меҳнат қилаётган инсонларнинг пешона теридир.