Халқимиз ичида “фолбинга борма, лекин фолсиз юрма” деган ўта номақбул мақол бор. Бу сўз динимиз ҳукмларига зид бўлиб, буни айтувчилар катта гуноҳкор бўлишади.
Восила ибн Асқаъдан ривояти қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади", деб айтганлар.
Табароний ривояти.
Динимиз ҳукмига кўра, мусулмонлар фолбинга бориши, сўзларини тасдиқлаши ҳаром ва бу ишларни ҳалол деган ақидада қилса, иймондан айрилиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ким фол кўрувчининг ёки сеҳргарнинг олдига бориб, унинг айтганларини тасдиқласа, албатта, Муҳаммадга туширилган (Қуръон)га кофир бўлибди”, деб айтдилар.
Фолбинлар фирибгар бўлишади. Қуйида бу фирибгарлар билан бўлиб ўтган бир воқеани келтириб ўтамиз.
Жуда ҳам машҳур фолбинни аҳли илмлардан бири фирибгарлик, ёлғончиликда айблар, инсонларни ундан қайтарар экан.
Фолбин:
– Мен одамларга ёрдам бераман. Ғайбдан мадад бўлиб йўқолган нарсаларини топиб ҳам бераман, дер экан.
Олим эса:
– Бу гапинг ғирт ёлғон. Сен оддийгина фирибгарсан, холос, – деб айтар экан.
Бир кун издиҳомда кўришиб қолишиб, ораларида бундай мунозара бўлибди:
Фолбин:
– Мен ҳақимдаги фирибгар деган гапингизни исботланг, – дебди.
Олим:
– Исботлайман ҳам. Бир коса сут ва битта иссиқ нон олиб келинглар.
Олим айтганини келтиришди.
Олим нонни иккига бўлиб ярмини фолбинга берди.
– Нонингни майдалаб сутга сол, мен ҳам соламан.
Олим ва фолбин нонни ўзига теккан бўлагини майдалаб сутли косага солишди.
Косадаги сутга нон бўлаклари аралашиб бўлгач олим фолбинга деди:
– Сен ғайбни биласанми?
– Биламан.
– Унда мана бу косадаги ўзинг ташлаган нон бўлакларини чиқариб ол, мен ташлаган нон бўлаклари эса қолсин, деди.
Бу гапдан сўнг фолбин қўл силтаб жўнаб қолди.
Ҳақ келгач, ботил зоил бўлур!
Азиз мусулмонлар, фолбинларга ишониш, айтганларини қилиш гуноҳи кабира бўлади.
Ақлли, эсли ҳушли инсонлар бундай ҳаром ва разил ишларни қилишдан, фирибгарларга алданишдан, ўз иймонига зарар етишидан жуда ҳам эҳтиёт бўлиши лозим.
Суннатуллоҳ Абдулбосит