Янгиланган Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, 1 майдан транспорт воситаларининг машина олд ўриндиғида ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарларини тақиб олишлари мажбурий бўлади.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати кимларга машина олд ўриндиғида ўтирганда хавфсизлик камарини тақмаслигига рухсат берилишини маълум қилди.
Қоидаларга кўра, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади. Ушбу касалликлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган бўлиб, унга кўра:
ўмров ва тос суякларининг синиши;
елка камарининг синиши;
ўпканинг сурункали касалликлари 4-босқичи;
бронхиал астманинг 4-босқичи;
ўпканинг бир қисми ёки бутун чап ёки ўнг қисми олиб ташланиши;
сурункали юрак етишмовчилигининг 4-босқичи билан касалланган беморларга хавфсизлик камарини тақмаслигига рухсат берилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ ва ушбу касалликлар билан касалланганлиги бўйича тиббий маълумотнома мавжуд бўлиши талаб этилади.
Маълумот учун, 1 майдан кучга кирадиган янги йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, машина олд ўриндиғида камар тақмаган йўловчи 135 минг сўм жаримага тортилади. Лекин бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳали тегишли банд киритилмаган.