Пандемия сабаб Каъба атрофига ўрнатилган тўсиқлар олиб ташланди.
Икки Муқаддас Масжид ишлари бўйича Бош раиси шайх доктор Абдураҳмон бин Абдулазиз Судайс Саудия Арабистони Муқаддас Каъба атрофидаги профилактик тўсиқларни олиб ташлашга қарор қилганини эълон қилди.
Зиёратчилар етти марта тавоф қиладиган Каъбани ўраб турган ҳудуд 2020 йил март ойида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида стерилизация қилиш учун ёпилганди.
Ас-Судайснинг айтишича, бу қарор Саудия Арабистони раҳбариятининг масжидга ташриф буюрувчиларга кўрсатган ғамхўрлиги ва Умра мавсуми бошланиши билан масжидда зиёратчилар сонининг ортишини ҳисобга олиб, Умра амалларини эмин-эркин бажаришлари учун имконият яратиш мақсадида қабул қилинган.
Унинг сўзларига кўра, раислик Қироллик раҳбариятининг интилишларидан келиб чиқиб, зиёратчиларни қабул қилиш ва барча зарур хизматларни кўрсатиш бўйича Масжидул Ҳаромда фаолият юритаётган барча секторлар билан ҳамкорлик қилмоқда.
У подшо Салмон ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга Икки Муқаддас масжидга кўрсатган ғамхўрлиги, эътибори ва қўллаб-қувватлаши учун ўз миннатдорлигини билдирди. Аллоҳ таолодан қилган савобли ишларига барака беришини сўради.
Икки Муқаддас Масжид ишлари бўйича Бош Раис зиёратчиларни бошқариш режаларига мувофиқ хизматлар кўрсатиш учун эрта тайёргарликни бошлангани, зиёратчилар учун Умра маросимларини осон ва осойишта ўтказиш учун Маккадаги Ҳаром масжиди, унинг ҳовлилари тайёрлигини таъкидлаган.