106 ёшли Жазоир Фатволар кенгаши раҳбари, француз истилосига қарши озодлик инқилобининг қозиларидан бири Шайх Муҳаммад Тоҳир Айт Алжат вафот этди.
Шайхнинг дафн маросими кеча, 14 июнь куни пойтахтдаги Бени Мессусдаги Айсат Идир қабристони майдонида пешин намозидан кейин бўлиб ўтди.
Жазоир Президенти Абдулмажид Таббун Айт Алжат оиласига ҳамдардлик билдириб, уни озодлик кураши ва мамлакат ривожига улкан ҳисса қўшган имом деб атади.
Бутунжаҳон мусулмон уламолари иттифоқи Бош котиби Али Қорадоғий Айт Алжатнинг вафоти муносабати билан Жазоирга ҳамдардлик билдирди:
“Жазоир халқининг қайғусига шерикмиз. Эй Аллоҳ, кенг раҳматинг билан Жазоир шайхига раҳм қил”, деб ёзди Twitter саҳифасида.
Олим Айт Алжат 1917 йили Бежая вилоятида Айт Алжат минтақасида туғилган. Қуръонни бобосидан ўрганган. 1954 – 1962 йиллари Жазоир тупроғида француз режимига қарши мустамлакачиликка қарши курашда қатнашган. Қуролли курашга қўшилган вақтда марҳум олим озодлик армияси сафига қози этиб тайинланган.
1957 йил охирида шайх инқилобий раҳбарият илтимосига биноан Ливия пойтахти Триполига жўнаб кетди ва у ерда миллий озодлик фронти бўлими аъзоси сифатида чет элдан қуролли курашга сафарбар қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилди. Айт Алжат 1962 йилда мустақилликка эришгач, Жазоирга қайтиб келди ва ўқитувчи бўлиб ишлади. Жазоир Дин ишлари ва вақфлар вазирлиги марҳумнинг "Жазоирнинг энг таниқли уламоларидан бири" эканлигини эътироф этган.
У ўзидан кейин кўплаб асарларини, жумладан, таржимаи ҳоли ва Жазоир инқилоби тарихини ҳикоя қилувчи хотиралар кўринишидаги китобни қолдирди.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъуун...