Жадид боболаримиз ҳақида кўп гапирамиз. Уларнинг миллат ва ватан равнақи учун курашлари ва ижодий меросини тез-тез ёдга оламиз. Афсуски, улар қонхўр ва ёввойи коммунистлар томонидан йўқ қилиниб, номлари қораланди. Уларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотлар махфий архивларга ташланди. Токи халқ ўз қаҳрамонларини танимасин, уларнинг ёмон эмас, яхши бўлганини билиб қолмасин.
Коммунистларнинг палид ишларидан яна бири, ўзлари босиб олган миллатларни тарихидан айирди, ёки ўз манфаат ва мақсадларига мослаб қайта ёзиб берди. Аждодлари илмий-бадиий меросидан мосуво қилиш учун китоблари йўқ қилинди, бу ҳам камлик қилгандек, миллий алифбосидан маҳрум қилиниб, рус алифбосига ўтказилди.
Таъкидлаш керак, Марказий Осиё халқларининг алифбосини ўзгартириш масаласи руслар учун жуда долзарб бўлган. Профессор Ғайбулла Қўчқоровнинг айтишича, Чор Россияси давридаги рус шарқшунослари нима қилиб бўлса ҳам ,бу халқларни араб алифбосидан узоқлаштириш керак, деб ҳисоблашган. Аммо бу жараёндан аввалроқ араб ёзувидан лотин алифбосига ўтилган. Айрим талқинларга кўра, бу жадидларнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилган.
Яъни улар эски дунёдан янги дунёга ўтиш учун “эски” алифбодан ҳам воз кечишга қарор қилишган, дейишади. Лекин улар бу ишни ўз хоҳиш-иродалари асосида амалга оширганми? Ёки четдан кўрсатилган таъсир измига тушиб, бунга қўл уришганми?
AzonTVда берилган “Фикрат” таҳлилий дастурида бир гуруҳ тарихчи олимлар иштирокида ўтказилган суҳбатда шу саволлар кўриб чиқилди.
Бу саволга тарих бўйича фалсафа фанлари доктори, профессор Баҳром Ирзаев жавоб берди:
- Аввало алифбони ўзгатириш замон талаби ва халқ эҳтиёжи эдими, деган масалани аниқлаштириб олишимиз керак. Мени назаримда халқимиз бу ислоҳотга муҳтож эди. Чунки жадидчилик ҳаракати тарихимиздаги янги бир уйғониш даври ҳаракати эди. Тарихни кўрсак, қадим аждодларимиз руник алифбода ёзган бўлсада, араб цивилизацияси кучлиллик қилгани учун мағлуб бўлди ва бу алифбодан воз кечиб араб алифбосига ўтилди. Энди марказ Европага кўчди ва диққат Европага қаратилди. Шунинг учун халқни саводли қилмай туриб, кичкина элит билан дунё тараққиётига яқинлашиб ҳам бўлмасди, барибир. Европа технологик тараққиётини кузатган жадидлар ислоҳотлар зарурлигини тушуниб етган. Ҳатто миллат сифатида сақланиб қолишимиз, бошқаларга қўшилиб, йўқ бўлиб кетмаслигимиз мана шу ислоҳотлар ўтказилишига боғлиқ, деб қайта-қайта таъкидлашган. Яъни, лотин алифбосига ўтиш жадидларнинг ўзларидан чиққан ташаббус бўлган. Албатта, араб алифбосидан дарҳол воз кечилмаган. 1920 йилларда араб алифбосини ислоҳ қилиш, уни ўрганишни осонлаштириш, туркий товушларни қўшиб, қулай алифбо яратишга уринишган, дейди тарих бўйича фалсафа фанлари доктори, профессор Баҳром Ирзаев.