Италиядаги ўнг қанот коалицион ҳукуматининг асосий ҳамкори бўлган ўта ўнгчи Италия биродарлари партияси саноат омборлари ёки гаражларидан масжид сифатида фойдаланишни тақиқлаш бўйича қонун таклифини киритди.
Италия матбуотида чоп этилган “Саноат омборларида, гаражларда масжидга жой йўқ” сарлавҳали хабарга Италия биродарлари партияси гуруҳ раҳбари Томмасо Фотининг биринчи бўлиб имзо чеккани катта тортишувларга сабаб бўлди.
Кўриб чиқилаётган таклиф Италия конституциясининг барча католик бўлмаган дин ва секталарнинг Италия давлати билан муносабатларини тартибга солувчи келишувга эга бўлиши кераклиги ҳақидаги моддасига ишора қилади. Лойиҳа давлат билан расмий келишувга эга бўлмаган диний ибодатхоналарга кўпроқ чекловлар жорий этишни кўзда тутган.
Таъкидланишича, Ислом Италияда давлат билан ҳеч қандай келишувга эга бўлмаган динлардан бири бўлгани сабабли қонун лойиҳаси, айниқса, мусулмонларга таъсир қилади. Чунки қонун лойиҳасида саноат ангарлари, гаражлар ва омборлар ҳамда айрим хусусий дўконларнинг масжидлар ёки намозхоналарга айлантирилишини тақиқлаш кўзда тутилган.
Италияда тахминан 2,8 миллион нафар мусулмон яшайди. Таклиф қилинган қонунга мусулмон жамоалари ва мухолиф чап партиялар қаттиқ норозилик билдиришди.
Хабарда, парламент комиссиясидаги бир қатор мухолиф партиялар таклифга қарши эканлиги ва шунингдек, текширув учун қўшимча вақт талаб қилиши билдирилди.
Яшиллар ва сўл иттифоқнинг Вакиллар палатаси раиси Лорензо Фонтанани ушбу қонун лойиҳасининг конституцияга зид бўлгани сабабли рад этишга чақирган.
Хабарда, мусулмон жамоалар ўзлари "камситувчи" деб баҳолаган қонун лойиҳасини "Италияда Исломни четга суришга қаратилган конституцияга зид ҳаракат" сифатида баҳолагани қайд этилди.
La Repubblica газетасида 2012 йили Италия ҳукумати ва мамлакатдаги мусулмон жамоалари ўртасида келишув имзолашга жуда яқин қолгани, аммо кейин бу амалга ошмагани таъкидланган.
Газетада келтирилишича, Италиядаги Араб жамияти иттифоқидан Фуад Аодий ҳам Италиядаги мусулмонлар католиклардаги Рим папаси каби Исломда ягона вакил йўқлиги сабабли давлат билан бундай шартномани имзолашда қийналаётганини айтди.