Тўртинчи қаватда турамиз. Бешинчи қаватда, шундоққина тепамизда суриялик оила яшайди. Учта қизчаси бор. Кечаю кундуз у ёқдан-бу ёққа чопишади. Бир куни шовқин тиниб қолди. Лекин ўрнини мушукнинг зорли миёвлаши эгаллади. Билдимки, тўполончи қўшниларимиз қаёққадир кеган, мушуклари эса қолган. Деразадан бошимни чиқариб қараганимда жониворнинг айвончадаги кир ёядиган дор маҳкамланган темир таянч устида турганини кўрдим. Шу пайт пастдан тўрт-бешта бола бири олиб, бири қўйиб бақиришга тушди: “Опа, тепадагилар мушукни ташлаб кетишибди. Оч қолганми, қўрқяптими, ишқилиб, қутқаринглар, деяпти. Ўт ўчирувчиларга телефон қилдик. Уй эгалари бўлмаса, боролмаймиз, дейишяпти”. “Бир чорасини топармиз”, дедиму, ўйланиб қолдим. Ижара уйимизда узунроқ таёқ ҳам йўқ. Бундан қизим хабар топиб қолмасинми! Уям “Ая, қутқарайлик”ка тушди. Эшик тақиллади. Очсам, рўпара қўшнимизнинг бир кўча нарида яшайдиган, онасиникига тез-тез келиб турадиган, подъездларни тозалаб юрадиган қизи Лайло. Пастдаги болалар унинг ўғиллари экан. Туркларга хос бир қанча мулозаматли сўзлардан кейин “Уйингга кирсак, майлими? Мушукни нимадир қилиш керак”, деди. Орқасидан онаси узун калтак кўтариб келди. Уч кишилашиб айвончага чиқдик. Тор жойга томоша бўлиб, болалар ҳам эргашишди. Мен ҳаммомдан супурги дастасини топдим. Хола рўмолини ечди, икки калтакни бир-бирига маҳкамлаб, тепага узатдик, калталик қилди. Лайло таёқни ушлаганча шартта айвончанинг панжарасига тирмашди, қўрқиб, оёқларидан маҳкам ушлаб олдим. У эса кулади: “Опа, хавотир олма, тозалашга борганимда чиқавериб, ўрганиб қолганман”. Орада мушуккаям гапириб қўяди: “Кел, келақол, қизим. Шундоқ калтакка ёпиш, пастга тушасан, қўрқма, қўрқма...” Мушук кичкиналиги учунми, қўрқди, таёққа тирмашолмади. Ҳали мендан, ҳали мушукдан кечирим сўрай-сўрай хайрлашишди. Тўполондан ичкарида ухлаётган хўжайиним уйғониб чиқди, энди ўзимиз урина бошладик. Бефойда. Кейин ўт ўчирувиларга телефон қилдик. “Боролмаймиз, уй эгаси уйда бўлмаса, ноиложмиз, ўзларинг бир нима қилинглар”, дейишди. “Эмлакчи”, яъни уйларни ижарага берувчи Нури абига қўнғироқ қилдик, воқеани айтдик. Ташвишга тушди у ҳам. “Ёмон бўптию, мен Одилга (тепадаги қўшнимиз) телефон қиламан”, деди. Лекин Одил “болам касал, касалхонадамиз, эртага бораман”, деб жавоб берибди.
Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушди. Қизимнинг кўзи мўлтиради: “Бечора эрталабгача ўлиб қолса-чи?” Ундан кўра кўпроқ ўзимга тасалли бериб, бидилладим: “Ие, нимага ўлади? Эгалари овқат, сув ташлаб кетишган. Фақат ёлғиз қолганига миёвлаяпти. Ҳечқиси йўқ, эрталаб туриб, қутқарволамиз, Худо хоҳласа”. Кўнгли тинчиб ухлаб қолди. Мен эса, йўқ...
Ахийри тонг отди. Эрталабдан болалар пастдан туриб хўжайинимга ялина бошлашди: “Нимадир қил, ака, мушук ўлиб қолади бунақада, увол бўлади...” Хуллас, полювгичнинг латта ўраладиган жойига дазмол қутисини маҳкамладик. Ичига колбаса солдик. Нафс бор бўлсин, мушукча емакни оламан деб, қутига тушди. Ваниҳоят, жонивор айвончамизда! Жараённи кузатиб турган болалар “Ҳалол бўлсин!” деб бақирганча тапир-тупур юқорига чиқиб келишди. Бири олиб, бири қўйиб ҳаққимизга дуо қилишарди. Қизим ҳам уларга қўшилиб кетди. Сув бердик, яна колбаса майдаладик. Болаларнинг орасидан каттароғи Даврон салмоқлаб гап бошлади: “Ака, опа, бу мушукни энди сурияликларга берманглар, валлоҳи, ўлдиради булар жониворни. Ўзинглар боқинглар. Инсофи йўқ экан уларнинг, инсофи бўлса, шугинани қаровсиз ташлаб кетадими?” Хўжайиним барибир мушукни эгасига бериш шартлигини уқтиргач, “Биз айланишга чиқадиганмиз, нима қиламиз уни?” деб сўради. Даврон уйга олиб кетаман, кечқурун опкеламан, эгасига бирга топширамиз, деди истар-истамас. Айланишдан қайтганимизда, шомдан кейин Даврон келди. Мушукнинг эгаси қайтибди, Лайло уларни роса уришибди, кейин танбеҳлай-танбеҳлай жониворни топширишибди, Одил роса узр сўрабди...
Ўша куни кечқурун хабарлардан ўқиб билдимки, биз битта мушукчани қутқардик, деб суюнаётганимизда, Фарғонада уч киши товуғимни еб қўйди, дея ёввойи мушукнинг устидан бензин қуйиб, қафасга қамаб, тириклай ёқиб юборган, аланга ичида қолиб, жон аччиғида ўзини тўрт ёнга ураётган жониворни тасвирга туширган экан...
Эртасига Давронни кўрдим. Мушукни сўради, эгаларига бермасанглар, ўзларинг боқсанглар бўларди, деди. Негадир ундан уялдим. Мушук ёқиш воқеасини эшитса, нима қилган бўларди, деб ўйладим. Агар шу аҳволда кетсак, ожизлар, заифлар хавф остида қолаверишини хаёлимга келтириб қўрқиб кетдим. Миллат сифатида бачканалашиб, майдалашиб бораётганимиздан, энг улуғ орзумиз кредитга бўлса ҳам дабдабали тўй қилиш, данғиллама уй солишу машина олишдан иборат бўлиб қолганидан, тарбия борасида Аллоҳнинг амрларидан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавсияларидан, динимизнинг кўрсатмаларидан узоқлашиб кетганимиздан ўкиндим. Ҳар хил гуруҳларнинг фаҳш ҳазиллардан иборат концертларига аёлини, ёш болаларини етаклаб бораётган оталардан, фисқу фужурга бошлайдиган сериаллару клипларни кичкинтойлари билан кўраётган оналардан ваҳмга тушдим. “Эркак одам йиғламайди”, “Ўғил боланинг қаҳри қаттиқ бўлгани маъқул”, деган тарбия услублари юрагимга тошдек ботди. “Фалон қишлоқда ота болаларини ўлдирди”; “Писмадон шаҳарда эр хотинининг жонига қасд қилди”; “Вояга етмаган қиз зўрликка учради”; “ИИБ биносидан фуқаронинг жасади чиқди, калтаклаб ўлдирилган бўлиши мумкин”; “Ҳарбий хизматдан аскар тобутда қайтди, баданида қийноқ аломатлари бор”... Бу хабарлар Аллоҳ ва Расулига итоатда, фарзанд тарбиясида йўл қўяётган нуқсонларимизнинг намоёни бўлиб туюлиб, юрагимни сиқди. Юқоридаги каби жиноятларга қўл урганлар ёшлигида кимларнидир калтаклагани учун “маладес, отаўғил!” деган мақтов олган болалар бўлиши мумкинлигини ўйлаб, жоним бўғзимга келди. Бу кетишда юртимизда одам бўлгандан кўра, Истанбулда мушук бўлиб яшаш хавфсиз бўлиб қолмасайди, деб қўрқиб кетдим...
Изоҳ ўрнида. Буларни ёзарканман, асло қиёслаш, солиштиришни мақсад қилмадим. Чунки мен Истанбулга ватанимдан қочиб келмадим. Бу ерларда юртимда топмаган нарсаларни топаман, деган ўйим ҳам йўқ. Аслида одам улғайгани сари илдизларига маҳкамроқ ёпишадиган бўлиб қоларкан. Бундан ташқари, ҳамма жойнинг яхши томонлари билан бирга, ёмон тарафлари ҳам бўлишини англайдиган ёшда ва даражадаман. Шундай экан, ёзганларимни халқига, юртига фақат яхшиликни соғинадиган ватандошнинг дарди, қолаверса, севимли ёзувчимизнинг таъбири билан айтганда, фарзандли бўлганидан кейин, уни қўриқлаш учун дунёнинг остонасига ётиб оладиган оналардан бирининг изтиробли ўйлари сифатида қабул қилинишини истардим.
Зумрад Фозилжон қизи