(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм)
Турклар кичикроқ кемани вапўр дейишади. Тахминан тўртта автобусни бир қилса, битта вапўрга тенг келса керак.
Эминўнидан минган вапўримдан Ускудор соҳилига келиб тушдим. Тўпқопи саройи, Аё София, Йени жамий жойлашган томон, яъни Фотиҳ тумани Истанбулнинг Европа қисми. Ускудор эса Осиё қитъасининг бошланиш нуқтаси ҳисобланади. Шаҳарнинг осиё қисмида турадиганлар Фотиҳ томонларни “қарши тараф” дейишаркан. Ускудорга тушганимда чап томонимда Қиз минораси деган машҳур обида, рўпарамда эса Меҳримоҳ Султон масжиди жойлашган, чап томонга кетса, Туркиянинг энг катта жомеъси Чамлижага борилади. Соҳилдан қарасангиз, узоқ-яқиндан бошқа масжидларнинг гумбазу миноралари ҳам бўй кўрсатиб турибди.
Чамлижа Истанбулнинг энг баланд нуқтасида қурилган масжид. Аксар сайёҳлар Ускудор бекатидан Чамлижа тепалигига ошиқади. “У томонга 15 “Ж” йўналишдаги автобус боради” деб тушунтирди смит сотувчи амаки ва автобус тўхтайдиган бекатни кўрсатиб юборди. Қизиқ бўлди, мен пештоқига 15 “Ж” деб ёзилган автобусно топа олмадим. Дарвоқе, мени жудаям ҳайрон қолдирган ҳолат шу бўлдики, Истанбулда маълум йўналишдаги автобуслар фақат рақамлар билан эмас, балки алоҳида ҳарфлар билан ҳам ажратилар экан. Масалан, Ускудордан юрадиган автобусларнинг тепасига 15 “В”, 15 “D”, 15 “E” 15 “K” деб ажратилиб қўйилган. Улар Ускудордан жўнаб, туманнинг бошқа-бошқа маҳаллаларига борар, аммо яна шу бекатга қайтиб келади. Мен нега 15 Ж автобусини тополмадим? Чунки турклар “Ж” деганда биз лотинчада ўрганган “J”ни эмас, балки “C” ҳарфини назарда тутишини унутибман. Бу ҳолатдан ўз-ўзимча нашъа қилиб кулдим. Аммо сайёҳга барибир-ку, сайр ҳам сайр – саргардон ҳам сайр, деб ўнг келган минибус (маршрутка)га миндиму соҳилнинг ўнг томонига қараб йўналдим.
Битта мен эмас, истанбулликларнинг ўзи ҳам бошқалардан йўл сўрар юрар экан. Минибус ҳайдовчи ҳар бир йўл сўраган одамга чиройли шаклда жавоб берар, йўл ҳақига пул узатганларга қайтиб ҳам қайтаришга улгурарди. Яна бир қизиқ жиҳати, Истанбул минубусларида тангалар ишлар экан. Йўқ, бир лира шаклидаги тангани эмас, ундан майдасини назарда тутяпман. Масалан, қанчадир бекат юрсангиз, 1.25 лира тўлайсиз. Сиз уч лиралик пул узатсангиз, ҳайдовчи сизга 1.75 лира қайтим беради. Бу орада кимдир борар манзилигача йўл кира ҳақи қанчалигини сўрайди, ҳайдовчи унга ҳам оғринмай жавоб қайтаради. Минибусларнинг “томи” баланд бўлгани учун йўловчилар бемалол тик туриб кетишлари мумкин.
Истанбулда мени қаттиқ ҳайратланган бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу ерда ҳайдовчиларнинг сабр-бардоши тоғдай улкан, иродаси эса пўлатдек мустаҳкам бўларкан. Мен минибуснинг энг олди ўриндиғида ўтириб, чор-атрофни томоша қилиб кетяпман. Йўл икки томонлама, аммо қарама-қарши йўналишга биттадан улов сиғади, холос. Йўл шунақа тор. Аммо одамнинг феъли кенг бўлса, йўлнинг торлиги ҳеч нарса бўлмай қоларкан. Минибус энди тезликни олиб кетаётган эди, йўлнинг четида тўхтаб турган автомашина секин орқага ҳаракатланиб, катта йўлга чиқиб келди, йўлимизни тўсиб қўйди. Хаёлимда ҳозир содир бўладиган дилхиралик, сингал чалиш, бақир-чақирни тасаввур қила бошладим. Лекин кутганимдек асаббузарлик бўлмади, минибус ҳайдовчиси тормоз босиб секинлади, у машина тўғрига қараб юриб кетди. Шошилиб ҳайдовчига қарадим, юзида бирор бир ранжиш ё буришиш кўрмадим, гўё ҳозир йўл ҳаракатининг қоидалари қўпол бузилмади, ҳеч ким унга халал бермади, яъни пинагиниям бузгани йўқ. Агар шунга ўхшаш вазият ўзимизда юз бергандами?.. Наҳотки одам шунчалар бағрикенг, кенг феъл, оғир босиқ бўлиши мумкин?! Буларнинг асаби темирданми ёки... Йўқ, улар ҳам асли сиз билан менга ўхшаган одам, бироқ ё тарбияси бошқача, ёки бошқаларга нисбатан ўта марҳаматли...
Бир томоним Истанбул бўғози, ўнг тарафда эса тепаликлар узара кўп қаватли уйлар, маиший иншоотлар қурилган. Ажойиб манзара... Айниқса, денгизи қуриб битаёзган диёрлардан келган мен каби ғариблар учун соҳил бўйида пою пиёда кезишдан ортиқ завқ борми? Камига Ислом Каримовдай “денгиз”имиз ўтиб кетиб қолди. Денгиз билан марҳум президентнинг нима алоқаси бор, дейсизми? (Ҳеҳ, ўқимағон!) Ўзбекистон халқ шоирлари ижодидан бехабар экансиз унда. Абдулла Ориповнинг қуйидаги байтларни битган бир вақтлар:
– Афсус жаҳоноро денгизимиз йўқ,
Гоҳо ўкинч билан янграр сўзингиз.
Лекин, Ислом ака, менинг кўнглим тўқ –
Ўзбекистон учун денгиз ўзингиз.
Хуллас, “халқ шоир”ларининг илҳоми жўшиб қолса, мана шу каби сатрларни битиб қолади. Ҳозир ҳам айримлари “шавкатли замон келди” қабилида ашъорлар ёзиб юришибди. А. Орипов умрининг охирида, денгиз ортида – Америкада, ғарибликда вафот этди. Сўнгги шеърларида ўкинч, қандайдир таассуф бор. Аллоҳ ўтганларни раҳматига олган бўлсин...
Кимдир минибусни тўхтатди, мен ҳам баҳонада шу ерда тушиб қолдим. Ускудордан юришим билан сув ёқасида “Ҳожи бобо” деган парк учраган эди. Мен тушган жойда “Паша лимани” (Генерал порти) парки бор экан. Бу том маънода одамлар ўтириб ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган ва шунга барча шароитлар яратиб қўйилган дам олиш маскани. Одамлар оиласи билан келиб, маза қилиб ҳордиқ чиқаришяпти. Ана, бир қиз дарахтга суяниб ўтириб олганча китоб мутолаасига шўнғиган. Кўзи толиқса, денгиз томонга қарайди, чарчоғи чиқади. Оналар фарзандларини текин аттракционларда “учиряпти”. Бир киши самоварда чой қайнатяпти – тирикчилик... Кимлардир майса устига гиламча тўшаб, дастурхон очган, оиласи билан дам олиб ўтирибди (биз маёвка деймизу). Бир болакай қушларга дон сепяпти. Чор атрофда “Истанбул патронлари” солланиб, керишиб юрибди. (Дарвоқе, мен мушукларга шунақа лақаб бердим, яъни Истанбулнинг хўжайинлари деган. Менимча роса мос тушди бу лақаб). Беш-олти жойда бекорчихўжалар умид билан сувга қармоқ отган, термулиб ўтирибди. Мана шунақа одамларга ҳавас қиламан рости. Қани мен ҳам дунё ташвишларини орқага ташлаб, балиқ овига борсам, қармоқ пўкагига термулиб ўтирсам...
Асли шуни қилсам бўлади, биров қўлимдан боғлаб қўйган жойи йўқ, аммо ўзимизга вақт ажрата олмайдиган даражага келганмиз, деб ўйлабман. Бошқаларни билмадиму лекин ҳозирча мен шунақа ҳолатдаман. Ҳозирча... Ҳа, ҳозирча олдимдаги биз тенги кишининг завқига шерик бўлиб, қармоғига термулиб, ови бароридан келишини истаб турибман. Ниятим холис шекилли, овчи қармоқ мурватини айлантира бошлади. Ип тортилиб келди ва у қармоғини кўтарди, нақд икки килоча балиқ илинибди. Кўриб, худди ўзим тутгандай севиниб кетдим. Завқим зиёда бўлиб ундан узоқлашдим. Кошки бизнинг юртларда ҳам шунақа шароитлар яратилса... Масалан, Тошкент денгизи бўйида қилса бўлади-ку? Бошқа сув ҳавзалари бўйида ҳам... Аҳоли учун қулай дам олиш жойлари ташкил этилиши жудаям-жудаям зарур. Пули борлар Анталяю Дубайга ва ё ундан нарига бориб дам олиб келяпти. Эрингани тоққа – Чимён томонларга чиқади. Бироқ ҳаммадаям бунга моддий имконият йўқ, ахир.
Дам олишга масканидан узоқлашдим. Озгина юргач, ўнг томонда, тепаликда бир кафе бор экан. Номи ҳам ажойиб – “Яшил-мовий”. Кафе дизайни ҳам шу ранглар асосида тузилган. Шу ерга чиқиб бироз тамадди қилдим. Кейин бир бардак чой ичиб, Истанбул бўғозини томоша қилиб ўтирдим. Агар йўлингиз шу тарафларга тушиб қолса, албатта мана шу ошхонага кириб, денгизга термулиб ўтиринг, бутун ғуборларингиз чиқиб кетмаса, мен кафил. Бу ерда ҳам болалар ўйнаши учун кичкина майдонча ташкил қилиб қўйишибди. Ушбу гўзал ҳолатни шаҳарнинг кўп муассасаларида учратасиз. Сиз қайсидир ишингизни битириб олгунингизча, болаларингиз маза қилиб ўйнаб туради, зерикмайди, йиғлаб, инжиқлик қилиб сизнинг юрагингизни қон қилмайди. Тўғриси, бу каби ҳолат биздаги айрим идораларда ташкил қилиняпти, янаям кўпайтирилиши тарафдориман.
Истанбулдаги кафе ресторанларда эътиборимни тортган айрим жиҳатини ўртоқлашмоқчиман.
Биринчиси, нархлардаги мутаносиблик. Яъни турли-туман ошхонадаги овқатлар, ичимликлар, ширинликларнинг баҳоси бир биридан жуда катта фарқ қилмайди.
Иккинчидан, қиммат ресторанларда ҳам салқин ичимликлар кўча билан қарийб бир хил нархда ҳисобланади. Масалан, дўконда коланинг баҳоси 10 минг сўм бўлса, ресторанларда йигирма минг сўм эмас. Нари борса, бир лирага фарқ қилиши мумкин.
Учинчидан, олдингизда бўшаган идишларни гиргиттонлар дарров олиб қўйишади, то овқатланиб бўлгунингизча столда турмайди. Бу нарсалар жудаям ёқимли.
Ҳамроҳимиз Муҳаммад Али Ҳикматуллоҳ бир гапни ҳаяжонланиб айтиб берувди:
“Жиянларим билан кафега кирдик. Кафе хўжайини эшик олдида кутиб олганди “хуш кепсила” деб. Кейин овқатланаётган пайтимизда ҳам икки уч марта бизга малол келтирмай хабар олиб турди. Қўли кўксида, юзида самимий табассум: “Камчиликлар йўқми? Овқатларимиз ёқдими? Бирор нарса керакми яна?” Қойил қолдим. Шу ёшга кириб Тошкентда бирор бир ресторан ё кафе раҳбарини мижозлардан хабар олганини кўрмагандим. Айрим ҳолларда эътирозингизни баён қилмоқчи бўлсангиз, раҳбар эмас, залга масъул ходим ёки иш бошқарувчи билан учраша оласиз, холос. Шикоят дафтари деган нарса ҳам йўқ, бўлса ҳам эл кўзига...”
Менимча ҳам шундай. Яна бир қойил қолган жиҳатим, Истанбулдаги аксар ошхона ё кафелар жудаям кичик жойда ташкил этилган. Ўн квадрат метрда ҳам битта емакхона очиб ишлайверишар экан. Тор бўлса ҳам мижозларга етарли шароит ва эътибор бор.
Шунақа хуш кайфиятда “Яшил-мовий”дан узоқлашдим.
Сал нарида Кузгунчик искала биноси бор экан. Искала деган сўзнинг ўзбекчасини тополмаяпман. Хуллас, вапўр сингари одам ташийдиган кичкинароқ кемалар тўхтаб ўтадиган бекат. Йўқ нарсани ифодалайдиган сўз ҳам бўлмайди-да. Бизда нари борса дарёдан кечиб ўтадиган паром нуқталари бор, холос. Масалан, Наманган вилоятининг Поп туманида, Санг қишлоғида шунақа жой бор. Паром сангликларни ё бошқа йўловчиларни Мингбулоқ туманининг қайсидир қишлоғи билан боғлаб туради.
Хуллас, кема бекати биносининг иккинчи қаватида қанақадир вақф ташкилоти бор экан.
Қизиқишим ортиб чиқиб бордим. Туркия Тарасим вақфи ёшларни турли йўналишларда ўқитар, энг асосий йўналишларидан бири, бу дизайн ва дастурлаш соҳаси экан. Ўқув курсларининг баҳоси ойига атиги 30 лира. Ҳозирги кунга кўра, бизнинг пулга 25 минг сўм. Нарх рамзий албатта. Асосий харажатлар вақф томонидан қопланади.
Вақфдагилар иш билан машғул экан, савол бериб уларни безовта қилишдан ўзимни тийдим. Бу ерда ажойиб кутубхона мавжуд бўлиб, ўзингизни қизиқтирган китобни оласизу балконга чиқиб, денгиз манзаралари қаршисида мутолаага мукка тушаверасиз. Вақф Туркиядан энг биринчи ўзлаштирадиган жиҳатлардан биридир. Менимча, қадрдон укахонимиз Расул Кушербаев билан кўришиб, вақф каби хайрия ташкилотларининг ҳуқуқий асослари борасида маслаҳат олишимиз керак. Агар бизда ҳам мана шу нарса йўлга қўйилса, кўплаб ижтимоий муаммоларим осонроқ ҳал бўлар, бойлар ўз маблағларини савобли ишларга кўпроқ жалб қила олган бўларди. Мисол учун бир тадбиркорнинг бешта корхонаси бор, дейлик. Бирортасининг фойдасини ота-онаси учун вақф қилишни истаяпти, айтайлик, беморларнинг даволанишига ёки етимларнинг олий ўқув юртларида ўқишига... Агар хуқуқий асослар яратилса, бунақа хайрсеварлар миллатимиз орасида жудаям кўплаб топилади.
Мана шундай ширин хаёлларга берилиб атрофни кузатаётган эдим, кўзим бир ғалати манзарага тушиб қолди. Рўпарамда масжид минораси ва унинг ёнида черков биноси... Ярим ой ва хоч рамзлари ёнма ён турибди. Ҳайронлиғ ва ҳайратдан ёқамни ушлаб, ўша томонга қараб юра бошладим.
(давоми бор)
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири
Тошкент-Истанбул-Тошкент