Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Дорга осилган бош вазир, 35 йиллик қози ва пачоқланган машина...”

4763

Айюб Султон майдонида айланиб юрибман. Тахминимча, бу ердан ҳали-бери кетолмаймиз шекилли. Чунки Сизга ҳали англатадиганларим, айтадиган гапларим кўп ушбу мавзе ҳақида. Қайси биридан бошлашимни билмай турибман рости.

Айни шу сатрларни ёзаётган пайтимда Истанбулга кучли бўрон ёпирилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ва дўстларимиз юборган видеоларга қараб, беихтиёр: “Аллоҳ асрасин!” деб юборяпмиз. Яратган роббимиз турк биродарларимизни ва шаҳар меҳмонларини ўз паноҳида сақласин... Офат тезроқ кўтарилсин... Юборилган видеолардан бирида бўғоз устидан ўтган кўприкда икки автобус ва ўртадаги беш олти нафар “мотоцикл”лар тасвирланганди. Истанбул турғуни Фирдавс Отахонов ўз каналида ўша ҳолатни қуйидагича изоҳлабди. Ўқиб, қардошларимизга яна бир карра қойил қолдим.

«Бўғоз кўприги устидан ўтаётган мотоциклетчиларга икки томонидан автобуслар шамол йўлини тўсиб, ўтиб олишларига кўмаклашяпти.

Шамол тезлиги 70-110 км соат тезликда эсгани ҳақида хабарларда ёзишяпти.

Маълумки кўприк устида шамол икки баравар кучли бўлади. Енгил транспортларни учириб кетиши ҳеч гап эмас!»

Дарҳақиқат, ҳар қандай вазиятда ҳам инсон бўлиб қоладиганларга Аллоҳ ёр бўлсин...

Саёҳатномамизни аксар кузатувчилар қизиқиш билан ўқиб бораётганини таъкидлаб, бизни мамнун этаётган бўлсалар-да, айрим кишилар бизни туркпарастликда айблаяпти. Қизиқ, турклар билан минг йиллик қардош бўлсак, қонимиз, тилимиз, динимиз битта бўлса... Бизнинг боғларимиз, яъни боғлиқликларимиз мўғиллар босқини ортидан Кичик Осиёга кетган аждодларимиз билангина эмас. Истанбул – дунёнинг маркази, шунинг учун бу ерда маданиятлар қоришиқ. Чунки турли йилларда, асрларда ушбу муаззам шаҳарга дунёнинг тўрт бурчидан инсонлар келади, турфа миллат, турфа дин, турфа ирқ мансублари ўрнашиб, ўтроқлашиб қолади. Турклар Онадўли дейдиган томонларга – мамлакатнинг шарқий ҳудудларига борсангиз, маҳаллий халқнинг урф-одатларини кузатсангиз, бизнинг анъаналаримиз билан бир хиллигини кўриб ҳайратда қоласиз. Тўю азаларимизнинг қолипи битта! Субҳаналлоҳ, биз битта халқ эканмиз-ку, деб ёқангизни ушлайсиз...

Ҳа, майли, Айюб Султонга қайтайлик...

Майдоннинг тепа томондан кириш қисмида “Сочли Абдулқодир Афанди” номли қадимий масжид бор экан. Сочли Абдулқодир Афанди ким бўлди экан дерсиз? Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, у зот XVI асрларда яшаб ўтган ва умрининг асосий қисмини Усмонли халифалари хизматида ўтказган садоқатли амалдор. Сочли Абдулқодир Афанди қурдирган масжиднинг ўзига хослиги шундаки, у 1537 йили мақбаранинг устига бунёд этилган. Масжид остида учта қабр бор. Улардан бири айнан Сочли Абдулқодир Афандига тегишли экан. (Саёҳатимизнинг аввалги қисмларида супермаркет устига бунёд этилган жомеъ ҳақида айтиб бергандим). Қарангки, орадан беш юз йилдан ортиқ вақт ўтиб, яъни 1952 йили Туркиянинг ўша пайтдаги иймонли-эътиқодли бош вазири Аднан Мендерес томонидан таъмирланган экан. 

Келинг, тарихга, 60 – 70 йил нарига чекиниб, бу бош вазир ҳақида озгина маълумот бериб ўтай. Замонамизнинг забардаст уламоларидан бири Абдулқодир Самарқандий ёзган мақолага кўз югуртирамиз:

Аднан Мендересни танийсизми? Бу инсон Туркияга арабча азонни қайтарган. Дорга осиб ўлдирилган Туркия бош вазиридир. Аднан Мендерес Туркия демократик партиясига асос солиб, ўзининг ажойиб дастурлари билан 1950 йилда сайловда номзодини қўйган. Унинг сайловолди дастурида қуйидагилар бор эди: 

1) Араб тилида азон айтишни тиклаш. (Отатурк арабча азонни ман қилиб туркча айтишни йўлга қўйган эди) 

2) Ҳаж қилишга рухсат бериш. 

3) Мадрасаларда диний дарсликларни йўлга қўйиш. 

4) Аёллар либосига давлат аралашувини бекор қилиш ва ҳоказолар.

Сайлов натижаси даҳшатли бўлди. Отатурк партияси сайловда ўттиз иккита ўрин олди. Демократик партия эса уч юз ўн саккизта ўрин олди. Аднан Мендерес бош вазир, партия бошлиғи Жалол Баяр эса президентликни эгаллади. У дарҳол берган ваъдаларини бажаришга киришди. Рамазон ойи олдидан биринчи мажлисни ўтказиб ўз халқига муборак ой арафасида араб тилида азон айтиш, кийиниш эркинлиги, диний дарслар ўрганиш эркинлиги, масжидларни таъмирлаш каби ҳадяларни тақдим қилди. У Усмонийларнинг охирги халифаси Султон Ваҳидуддиннинг Францияга сургун қилинган оиласини Туркияга қайтариб олиб келди ва улар аҳволидан доим хабардор бўлиб турди. 

1954 йилда яна сайловлар бўлди. Отатурк партияси бу сафар аввалгидан ҳам пастроқ натижани кўрсатиб йигирма тўрт ўрин олди. Мендерес ўз йўлида давом этди. У араб тилини ўрганишга рухсат берди. Мадраса ва ўрта мактабларда қуръон дарсларини йўлга қўйди. У жумҳуриятда ўн мингта масжид, йигирма беш мингта Қуръондан таълим берадиган мадраса, Анадўлида воиз, хатиб ва диний устозлар етказиб берадиган йигирма иккита олийгоҳ очди. Исломни маҳкам тутиш ва унда юришга даъват қиладиган журнал ва китоблар нашр қилинишига рухсат берди. 

Олдинги ҳукумат омборхона ва ғаллахона қилиб қўйган масжидларни бўшатиб, яна ибодат маконларига айлантирди. Исроилга қарши ўлароқ араблар билан алоқаларини яхшилади. Исроилда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва дори-дармонларга қаттиқ назорат ўрнатди. 1956 йилда Исроил элчисини мамлакатдан чиқариб юборди. Шундан сўнг ислом душманлари Мендересга қарши ҳаракатга келишди. 

1960 йили генерал Камол Гурсал бошчилигида ҳарбий инқилоб бўлди. Улар Аднан Мендерес ва у билан ҳамфикр бир неча кишини дорга осишди. 

Журналист Сами Каҳан айтади: “Мендересни дор остига олиб борган асосий сабаб ислом олами билан яқинлашиш сиёсати ҳамда даражама-даража Исроил билан алоқани узгани бўлди”. (иқтибос тамом).

Айюб Султон майдонининг шарқий томонида, “Сочли Абдулқодир Афанди” масжидининг шундоққина пойида Abussuud Efendi деган зотнинг қабри бор. Бу машҳур олим Али Қушчи ҳазратларининг набиралари, яъни қизларининг ўғиллари ҳисобланади. 

Шу ерда гапни тўхтатиб, яна тарихга юзланамиз. Лекин бу сафар узоқроққа боришимизга тўғри келади. Мақсад, турк ва ўзбек миллати ўртасидаги тўхтамаётган-узилмаётган алоқаларни бир-бир эслатиш. Асрлар бўйи нафақат оддий халқ, балки олиму фозилларимиз борди-келди қилган экан.

Гапни Мавлонодан бошлай. Ҳазрати Жалолиддин Румий ҳазратлари Хуросон ерларида (ҳозирги Афғонистоннинг Балх шаҳрида) туғилиб, мўғил босқини туфайли Онадўлига, қадимий Бурса шаҳрига бориб қолганларини биласиз, албатта. Буни ифтихор учун айтдим. Мавлоно яхши кўрганим ва эслагим келгани учун ёздим. 

Амир Темур ва Султон Боязид ўртасида бўлиб ўтган тортишма ва жанг ҳақида тўхталиб ўтирмайман. Зеро, бу – тарихнинг хатоси эди, Темур ё Боязиднинг эмас.

Энди бошқа бир Румий тақдиридан сўз очай: Қозизода Румий!

У Бурсада таваллуд топган. Лекин у ёшлигидан Моворауннаҳр ва Хуросонда илм-фаннинг юксак даражада эканлигини эшитиб, у ерга кетишга тараддуд кўра бошлайди.

У Хуросон ва Моворауннаҳрга келиб олимлардан таҳсил олиб, билимини камолотга етказади. Хусусан, у Темурнинг сарой астрономи Мавлоно Аҳмаддан астрономия ва математика фанларидан чуқур маълумотлар олади. 

Мирзо Улуғбек "Зижи Кўрагоний"да Қозизодани миннатдорчилик билан "устозим" деб тилга олади. У Қозизодани ўзи қурдирган мадрасада раис ул-муаллимин вазифасига тайинлайди ва аксарият ҳолларда унинг дарсларида ўзи ҳам иштирок этади.

Эътибор беринг, ўша пайтлардаги турк давлатининг пойтахти Бурсадан келиб, ўша даврдаги ўзбек давлатининг пойтахти Самарқандда олимларнинг раиси деган мартабани эгаллади. Бунинг тескари ўрнаги ҳам бор. Яъни Самарқадда туғилиб, илм ўрганиб, Истанбулда Султон Фотиҳ Муҳаммад томонидан олимлар раиси унвонига сазовор бўлган бобомиз Али Қушчидир.

Али Қушчи тахаллуси билан бутун дунёга танилган, асл исми-шарифи Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи Самарқандий 1403 йили Самарқандда тавааллуд топган. Улуғбек илмий мактабининг атоқли намояндаларидан бири, унинг яқин шогирди. Улуғбек саройида қарчиғайлар боққани учун уни «Қушчи» дейишган.

Улуғбек вафотидан (1449) сўнг у Истанбулга боради. Фотиҳ Султони Муҳаммад Али Қушчининг донғини эшитгач, уни олимларга раҳбар қилиб тайинлайди. Удан 20 дан ортиқ илмий асар мерос бўлиб қолган. Асарларининг кўпчилиги Аё Сўфия кутубхонасида сақланади. Унинг фанга берган айрим кашфиётлари қуйидагилар:

- У фасллар алмашинувига Ернинг Қуёшга яқинлашуви сабаблигини айтган.

- У учбурчакнинг юзини топиш усулини ҳам топган. 

- «Астрономия рисоласи»да у дунё харитасини тузган. 

Али Қушчи ҳижрий 878, мелодий 1474 йили ҳаётдан кўз юмади ва Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг мақбарасига дафн этилади.

Биз қабрлари бошида турган зот – Маҳмуд Абуссууд Афанди Али Қушнинг набирасидир. Бу зоти шариф “шайхул ислом” деган шарафли номга сазовор бўлган, диний ва дунёвий илмлар эгаси, буюк аллома ва муфассирдир. Тасодифни қарангки, биз Истанбулдан қайтадиган кунимиз, яъни шу йилнинг 20 октябрь куни Туркия Диёнат фонди Ислом тадқиқотлари маркази томондидан Шайхулислом Абуссууд Афандининг “Иршодул ақли салим ила мазоял Китобул карим” номли тафсири нашр этилгани ҳақида хабарлар ёйиланди. Абуссууд Афандининг фазилатлари ҳақида узоқ гапириш мумкин, лекин бир аждодимизнинг Усмонли халифалигида 30 йилдан ортиқ бош қози (бугунги тилда бош прокурор) мақомида ўтирганидан мамнуният ҳис қилганимизни айтиш билан чекланамиз. 

Икки миллат орасидаги алоқалар ҳақида гап бошлаган эдик. Мисолларимиз тугамайдиганга ўхшайди. Майли кейинги сафар буни давом эттирамиз. Тўғриси, Сизларни зериктириб қўйишдан қўрқяпман. 

Дарвоқе, 2016 йил 15 – 16 июль кунлари рўй берган “дарба”, яъни ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига уриниши ва бунга халқ йўл қўймагани ҳақида ёзгандим. Айюб Султон майдони олдида, “Сочли Абдулқодир” масжиди ёнида мажақланган бир машина турибди. Ўша пайтда эгаси танкларни йўлини тўсиш учун қўйган, аммо шафқатсиз хоин аскар уни танкда эзиб ўтиб кетган. Ойнали хонага жойланган бу машина бошқаларга ибрат бериб турибди. Унинг ёнидаги пешлавҳага ўша “дарба”да ҳалок бўлган юзга яқин шаҳидлар номи битилган.

Миллат, айниқса, ватанпарвар турк биродарларимиз қаҳрамонларини асло унутмайди. “Шаҳидларимизни раҳмат, миннат ва ҳурмат билан ёдда тутамиз” деган шиор ҳам ёзиб қўйишибди. Аллоҳ ватан йўлида қон тўккан, жон берган барча шаҳидларнинг мақомини аъло қилсин...

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири 

Тошкент-Истанбул-Тошкент

13-қисмни ўқиш
15-қисмни ўқиш

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага