Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Бир ҳовлида икки ибодатхона: масжид ва черков”

6610

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм)

Қузгунжук искаласи биносининг иккинчи қаватидан ажойиб манзарага кўзим тушиб қолди. Масжид ва черков ёнма-ён қурилган экан. Тасаввур қилинг, мусулмонларнинг рамзи ярим ой ва христианларнинг таниқлик белгиси хоч тушурилган икки ибодатхона ака-уканинг уйлари каби қўшни, яъни битта ҳовлида жойлашган... Ажабо, бунақасини энди кўриб турибман. 

Қузгунжук искаласидан чиқиб, ўша томонга шошдим. (Қузгунжук сўзини ўзбек тилига таржима қилинса, қарғача деган маънони билдиради, аммо қарғавой деса, янаям жойига тушса керак. Искала эса, йўловчи ташийдиган чоғроқ кемалар бекати). 

Озгина юрсам, газета сотадиган дўкон бор экан. Журналист бўлганим учун қизиқишим ортиб дўконга бош суқдим. Сотувчи амаки очиқ юз билан қарши олди. “Яхшимисан-соғ бўл” ва қисқа танишувдан кейин газета-журналларнинг сотуви билан қизиқдим. Туркияликликлар ҳалиям газета-журнал сотиб олишар экан. “Сабаҳ” (тонг), “Ҳуррият” ва футбол рўзномалари айниқса харидоргир, 3 ё 4 лира туради. Кейин аҳоли ўзининг партияси нашрларини албатта сотиб олар экан. “Мажбурий обунаям борми?” дейман ҳазил аралаш. Сотувчи амжа (амаки) “Нима у?!” дейди елкасини қисиб. Мен жавобдан қониққаним учун унга тушунтириб ўтирмадим. Турк қардошларимиз журналистларни “газедажи” дейишар экан, газетачи дегани яъни. Очиқ чеҳрали инсон бўлгани учун ундан масжид ва черковнинг нега бу қадар яқин қурилганини сўрайман: "Ё масжид қуриш учун христианларнинг ибодатхонасидан жой олиб қўйилганми?" Саволим қўполроқ ифодалангани учун амжанинг юзи бироз ўзгарди. Гапим ёқмаганини ва айни пайтда бу ҳолатнинг бошқа изоҳи борлигини сездим. Хуллас, тарихни яхши билар экан, менга ҳаммасини бир бошдан чиройли йўсинда тушунтириб берди.

“Бундан икки юз йиллар аввал Усмонли халифалиги тахтига Султон Иккинчи Маҳмуд ўтиради (1808). У ниҳоятда истеъдодли бўлиб, шеър ёзади, танбур чалади, ҳатто куй ҳам басталайди”. “Туркменбошига ўхшабми?” дейман калламга келган фикрни тилимда тутиб туролмай. Амжа яна гапимни англамай, каловланиб қолди. Тушунтирдим, у эса жавоб ўрнига маъноли жилмайиб қўйди.

“У халқини эзмаган, миллатига зулм қилмаган, фақат ўзига қарши бош кўтарганларни аяб ўтирмаган, ҳатто амакиси Султон Туртинчи Мустафониям. Чунки тахт шерикчиликни ёқтирмайди, пошшолик ака-ука ва ё дўсту биродарлар билан баҳам кўриладиган ош эмас! Ўшанчун “катта”лар ҳақида ўйлаб гапириш керак. биласанми, Юнус Эмро нима деган? (Жавоб ҳам кутмай давом этди). 

“Сўз борки, олиб борур ошга, 

Сўз борки, қилич келтирур бошга...” (эсимда қолгани шу, асли бошқачароқ бўлиши мумкин)

(Ҳа, дейман ичимда, Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Хирадманд улдурким, ёлғон демас, аммо барча чин, дегулук ҳам эмас”, деб насиҳат қилганлар. Аммо амжанинг сўзини бўлиб ақллилик қилгим келмайди. Ғафур Ғуломнинг “Шумбола”сидаги ибора ҳам бежиз халқ оғзаки ижодига айланиб кетмаганини ўйлайман: “Айтувдим-а, сиёсатга аралашмайлик деб!”).

Султон тахминан 1820 йилларда халқнинг илтимосига биноан мана шу жойда масжид қурдиради". 

“Ўз ҳисобиданми? Ё давлат молидан?” аниқлаштириб олгим келади. 

“Эй деликанли! (Бу туркларнинг мақтови, сўзма сўз таржимаси “телба қонли”, яъни “қони қайноқ” бўлса керак, аммо маъноси эй ғайратли мард йигит дегани. Янаям Аброржондан сўраб оламан). Албатта ўз маблағидан. Давлат моли миллатники бўлган, унга тегилмаган. Бунақа хайрия ишларига бойлар ва султонлар ўз ота-боболаридан қолган бойликдан сарфлаган. У вақтлар пошшолар халқнинг истагини инобатга олган, дардини эшитган, масжид деса, масжид, мактаб деса, мактаб қуриб берган. Отангга бор, энангга бор, деб сарсон қилмаган. Бир дунё ҳужжат йиғдирмаган. Англадингми? Ҳеч кимга айтмагину кейинги пайтлар битта масжид очиш учун мингта ҳужжат йиғиш керак бўлди. Ҳокимиятдан тортиб ахлат ташийдиган ташкилотгача... Давлат қуриб бериши қайда, ўз пулингга, ўз жойингга қурган масжидингни расмийлаштиргунча она сутинг оғзингга келади”. 

“Чамлижа масжиди-чи? Уни давлат қуриб бермадими?” дейман ҳайрон қолиб...

“Эй мен мусулмон раҳбарлар келган замонни эмас, эски даврни айтяпман. Ҳозирги раҳбаримиз сиёсатидан аҳли ислом мамнун, дуо қилиб ётибди. Сен бола ростдан “газедажи” экансан, ўзимга билдирмай мавзуни барибир сиёсат томонга буриб, ичимдаги гапларни суғуриб олдинг. Кел, тарихдан гаплашайлик. Хуллас, пошшо ўз ҳисобидан масжид қуриб беради ва халқ уни “Маҳмудийя жамийси” деб атай бошлайди. Ана шундай кунларнинг бирида бу атрофларда яшайдиган армани христиан жамоаси “катта”ларга арз қилади: “Бизларга ҳам черков қуриб беринглар, фақат чеккада эмас, орқада эмас, худди масжид каби марказроқ жойдан” деб. Уларнинг мурожаатлари инобатга олиниб, маҳалла ўртасидан жой излашади, аммо топиша олмайди. Чунки бу атрофдагилар ўзи яшаб турган уй ёки дўконини сотгиси келмайди”.

“Кимга, христианларгами?”

“Йўқ, давлатга! Ерга христианлар эмас, давлат маъмурлари харидор бўлади. Чунки черковниям Усмонли ҳукумати қуриб бериши керак эди”.

“Тортиб олиб қўя олмайдими?  “Снос-пнос деганларидай...”

“Давлати Усмония бирор кишининг мол-мулкига тажовуз этмаган, мамлакат манфаати учун бирор ер керак бўлиб қолса, эгаси рози бўладиган нархда сотиб олган. Бировнинг ҳақига зулм этмаган. Христианларга маъқул жой топилавермагач, охири “Маҳмудия жамий”си намозхонлари масжид ҳовлисидан черков қурилиши учун жой беришга қарор қилади. (ана холос!). 1835 йили Сурб Григор Лусаворич номли Армани черкови қуриб фойдаланишга топширилади. Орадан кўп ўтмай, яъни 1861 йили черков ёниб кетади. Давлат яна қайта қуриб беради. Орадан юз йиллар ўтиб масжид биносига зилзиладан зарар етиб бузилади. 1952 йили макони нурга тўлгур бош вазир Аднан Мендерес даврида масжид қайта қурилади ва энди бу сафар черков аҳли ҳовлисидан мусулмонларга ер беради. Чунки сўнгги юз йилда черковга келадиганлар камайиб кетди. 

“Христианлар кўчиб кетяпти? Арманилар билан ора бузилган-ку?”

“Нималар деяпсан?! Бу – қип-қизил туҳмат-ку! Давлатга хиёнат қилган арманилар ўлдирилгани рост. Чунки улар чоризм (ўрислар)нинг фитнасига учиб, бу ерда қўзғалон кўтарган, армани давлат қурамиз деб. Усмонли тупроқлари ўрнида... Самсунни биласанми?

“Биламан, Онадўли тарафдаги шаҳар. Эшитганман, аммо бормадим ҳали”.

“Албатта, бор! Борсанг, суриштир, айнан 1915 йили арман болалари учун етимхона қурилган, давлат уларни боққан. Ана у кўчадан озгина тепароққа юрсанг, яна битта армани черкови бор. Ўша черков ҳам айнан ўтган асрнинг 15-йилларида давлат тарафидан қуриб берилган. Унга етмай яҳудийлар сенагогаси ҳам бор. Усмонли вақтида, ҳатто жумҳурият даврида ҳам, миллатию динидан қатъий назар, оддий халқнинг бирор тукига зарар берилмаган. Билиб қўй, деликанли, арманлар асли жудаям яхши миллат, узоқ йиллар биз билан бир ватанда аҳил-иноқ яшаган, ҳатто саройда катта-катта лавозимларда ҳам ишлаган... Дашноқ арманилари давлат тўнтариши уринишган".

“Айнан юз йил аввал Қўқонда тузилган Туркистон мухториятини ҳам Ленин бошлиқ коммунистлар томонидан катта пулга ёлланган ўша дашноқи арманлар бошига етган. Ёшу қари, аёлу бола демай ҳаммасини ўққа тутган, шаҳарни ёқиб юборганда тутуни бир ҳафта Бағдоднинг Чуваланчисигачаям кўриниб турган экан. Буни устозим Набижон Боқийга эналари айтиб берган эканлар...” деб ўрни келиб қолгани учун ичимдаги дардимни айтиб юбордим.

“Ироққачами?” дейди амжа ажабланиб.

“Йўқ, бизда, Қўқон шаҳри атрофида Бағдод деган туман бор, ўша жойга...”

“Ҳааа... – дейдию яна сўзида давом этади. – Арманилар билан ҳозир аҳил яшаб келяпмиз. Фақат черковга келадиганлар сони жуда камайиб кетган. Фақат якшанба куни очилади, холос. Ҳеч европа томонларга кетдингми?”

“Йўқ, илк сафарим Истанбулга бўлди. Насиб эса, борорман у ёқларга ҳам” – дейман умидвор.

“Борсанг, кўрасан, аксар Европа давлатларида масжид қуриш муаммо, масжидларга минора қуриш ва ҳатто азон айтиши тақиқланган. Бу ерга эртага кел, кўрасан, ҳар якшанба кунлари қўнғироқ чалинади. Бунақа гўзал манзарани, яъни бир ҳовлида жойлашган масжид ва черковни дунёнинг бирор бир мамлакатида учратмайсан. Энг қизиғини айтайми? Черков дарвозасининг калити кимда туради, биласанми? Масжид имомида туради. Ичкарига кираман десанг, ўзи очиб кўрсатиши мумкин. Бор ана, илтимос қилиб кўр”.

“Йўқ, шартмас... – дедим руҳсиз (бир марта кирганман етади, дейман ичимда). Кейин гапни бошқа ёққа буриш учун сўрадим: – Еврейларнинг ибодатхоналари ҳам борми?”

“Бор албатта. Айтдиму мана бу кўчадан тепароққа озгина юрсанг, топасан. Агар Галата томонга ўтсанг, синагога ҳам, черков ҳам роса кўп. Ҳатто Тавротнинг энг қадимги нусҳалари сақланадиган ибодатхонаям Истанбулда жойлашган”.

Жудаям билимжон ва зукко сотувчи амжа билан хайрлашиб, масжидга қараб юрдим. Ҳозир асрга азон айтилиши керак. Масжиддан олдин келадиган Армани черковига ҳайрат ила термулиб ўтдим. Мана сизга бағри кенглик!.. Дарҳақиқат, сотувчи амаки айтганича бор, бунақа гўзал манзарани дунёнинг бирор бир жойида учратиш амри маҳол. Усмонли подшоҳлари адолатли бўлгани учун ҳам дунёда энг узоқ давр сурган империяга (ғайридинлар ибораси) айлана олди. Янаям Аллоҳ билади. Турк киноларида Сиз ҳам кўрган бўлсангиз керак, суд залларга “Адолат мулкнинг тамалидир”, яъни адолат давлатнинг пойдеворидир, деб ёзиб қўйилган. Амир Темурнинг шиори бўлмиш “Рости русти”нинг маъноси ҳам аслида шундай бўлиши керак, дею ўйлайман. Куч – адолатда, деган талқинлари унчалик мос эмас.

Мажидга кирар эканман, эшикка ёпиштирилган эълон эътиборимни тортди. “Жума намозидан кейин хотин-қизлар учун тафсир дарслари бўлади” деган мазмунда. Аёл муаллималар тафсирдан дарс беришар экан. Қойил! Туркияда ёш болаларнинг ва аёлларнинг диний таълим олишлари учун жуда катта шароитлар яратилган. Масжидларда алоҳида таҳоратхоналару намоз ўқиш учун бўлмалар ташкил этилган. Бир сўз билан айтганда, гендер тенглиги деган иддаолар ҳар томонлама амалда. Масжидга кирдиму аср намозини жамоат билан адо этдим ва муаззин тасбиҳ айтишни бошлаганида ўзим учун дуо қилиб ташқарига йўналдим.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Истанбулнинг салбий жиҳатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтай. Турк қардошларимиз сигарета чекишга қаттиқ одатланиб қолган экан. Ҳатто намозхонлари ҳам... Ҳатто аёллари ҳам... Ҳатто ҳижобли хотин-қизлари ҳам... Биз бунақа ҳолатларга деярли дуч келмаганимиз учун жудаям ғалати туюлди, ёқимсиз кўринди. Ижтимоий тармоқларда ўқиб қоламиз, айрим давлатларда ҳижобли аёлларни ёмон кўрсатиш учун фоҳишасифатларга рўмол ўратиб турли қилиқларини тасвирга туширар ва мастура, афифа муслималарни ёмон отлиқ қилиш учун интернетда тарқатишар экан. Бу каби қабиҳ фитналарни ўта пасткаш ва разил кимсалар қилиши муқаррар. Аллоҳ инсоф берсин...

Яна битта биз учун салбий томони, турк қардошларимиз айрим миллатлар каби алкаш ва дангаса эмас, ана шунинг учун бу томонларга ишлаш учун келадиганларнинг сони насбатан жуда кам. Айни пайтда ишлаётган ҳамюртларимизга ҳам катта синов келган, яъни турк лирасининг долларга нисбатан қиймати кескин тушиб кетгани сабаб уларнинг даромади ҳам камайиб бормоқда. Туркияда ишлаётган ҳамюртларимиз билан ҳам учрашдим ва улар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтаман, албатта. Дарвоқе, бир нарсага хурсанд бўлдимки, агар хорижий вальюталар керси кўтарилса ҳам Туркияда ҳамма нарсанинг нархи дарров ошиб кетмас, асосан, импортга боғлиқ маҳсулот ва хизматларнинг баҳоси кўтарилар экан, холос. Бу мингрантлар учун катта йўқотиш, лекин маҳллий аҳоли учун эмас... (Яна салбий ҳолатларга дуч келсам, албатта, ёзаман, хотирингиз жам бўлсин).

Ўша куни аср намозидан кейин ҳам ажойиб нарсаларга дуч келдим. Фақат бугунча сўзни мухтасар қилиб турамиз. Худо хоҳласа, келгуси сафар ҳам қизиқарли воқеаларни айтиб беришга ҳаракат қиламан. Саёҳатномамизнинг энг қизиққарли жойларига энди келяпмиз. Сафар давомида бизга ҳамроҳлиқ қилишда бардавом бўласизлар, деган умиддаман. Ҳазрат Навоий раҳмутуллоҳи алайҳ айтганларидек, “Умид улки, умидимдин ноумид этма!”

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири 

Тошкент-Истанбул-Тошкент

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага