БМТ томонидан тузилган мустақил тергов комиссияси пайшанба куни Исроилнинг ўта ўнг коалицион ҳукумати томонидан таклиф қилинган мунозарали суд ислоҳотлари фаластинликлар учун хавф туғдираётганини айтди. Бу ҳақда arabnews хабар бермоқда.
Олий суднинг айрим ваколатларини чекловчи ва судяларни тайинлашда ҳукумат назоратини кучайтирувчи таклифлар Исроилда мисли кўрилмаган норозиликларга сабаб бўлди.
Комиссиянинг таъкидлашича, 56 саҳифалик ҳисоботда таклиф этилаётган қонунчилик Фаластин тарафдори бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларига солиқ солишни кучайтириши ва Исроил аскарларининг босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги фаолиятини ҳужжатлаштириш имкониятларини чеклаши мумкин.
Ҳисоботда айтилишича, Бош вазир Бенямин Нетаняхунинг радикал диний-миллатчилар коалицияси аъзоларининг бошқа таклифлари орасида Исроилдаги араб озчиликни фуқароликдан маҳрум этиш ва агар Фаластин тарафдори зўравонлик қилса, депортация қилинишига имкон беради.
“Таклиф этилаётган ўзгартиришлар демократик сиёсий тизимларда зарур бўлган ҳокимиятлар бўлиниши, назорат ва мувозанатнинг асосий хусусиятларини йўқ қилади”, дейилади баёнотда.
Ҳуқуқий экспертлар инсон ҳуқуқлари, айниқса, энг заиф ва норози жамоалар, жумладан, Фаластин фуқаролари учун ҳимоя заифлашиши хавфидан огоҳлантирмоқда.
2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан тузилган Комиссия Исроил ҳуқуқ ҳимоячиларини “таъқиб, таҳдид, ҳибсга олиш, сўроқ қилиш, асоссиз ушлаб туриш, қийноқлар, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомалалар орқали” тобора бўғиб қўяётганини аниқлади.
130 га яқин сўровнома ўтказган Комиссия, шунингдек, босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Ғазодаги Фаластин ҳукумати фаластинлик ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилганини аниқлади.
"Исроил ва Фаластин ҳукумати томонидан фаластинлик фаолларнинг қўлга олиниши ва ҳибсга солиниши кўплаб фаластинлик фаоллар учун, айниқса, оғриқли ҳолат сифатида қайд этилган", дейилади ҳисоботда.