«Таржимон» зарурати
Вазиятни ўзгартириш учун уни олдин англатиш керак. Бунинг учун эса минбар зарур. «Таржимон» мана шундай зарурат туфайли юзага келди: «Бир бечора фақирни кўрсак, ачинамиз. Ўлаётган бечорани кўрсак, юрагимиз изтиробдан оғрийди. Ҳатто бир ҳайвоннинг қийналиши раҳмимизни келтиради. Лекин бир эмас, минглаб кишиларнинг, бутун бир халқнинг жаҳолатдан мислсиз қийналаётганини кўрмаймиз….»
Газетанинг дастлабки сонларидан бирида шундай сўзлар бор эди. Бу жасоратли садо ўша пайтлари жуда ҳам зарур эди. Руслаштириш авжида. Итил-Волга бўйидаги татарлар орасидан бирор мансабдор у ёқда турсин, масжидга имом ҳам миссионер Н.Ильминский рухсатисиз сайланмайди. Мактаб-мадраса китоблари-ку бирма бир қўлдан ўтади. Туркистонда Остроумов — тўра. Кавказнинг ҳам ўз тўралари бор, албатта. Бу тўралар ўз миллатларидан бошқасини миллат, деб ҳисобламайдилар.
Миллатнинг ўзлигини кўрсатадиган хусусиятларидан бири тил ва маорифдир. Бу иккиси бўлмаса, миллат мустақил бўла олмайди. Гаспринский 1905 йилда ёзган мақолаларидан бирида миллатнинг асоси иккита: тавҳиди тил (тил бирлиги) ва тавҳиди дин (дин бирлиги) деган эди. Дарҳақиқат, тилнинг ўрни беқиёс: «Инсоннинг оти бўлмаса, ўзи ҳам йўқ демакдир, шунингдек тили бўлмаган инсон ҳам соқовдир».
«Тил бирлиги масаласи бизим ҳаётимизда ҳаёт-мамот масаласидир ва биз бу масалада бир қадам ҳам орқага чекинмаймиз, - ёзади И.Гаспринский 1906 йил 18 декабрда. — Биз учун орқага чекинмоққа йўл йўқ. Яшасин миллат!… «Таржимон» умумий бир миллий газетадир. Унинг тили ҳам умумий бир миллий. тилдир. Яшасин миллат! Ҳам яшар, чунки у тилда ва фикрда бирликнинг зарурлигини англади. Тил бирлиги эса адабиёт бирлигидир. Бу эса, ўз навбатида, меҳнат ва ҳаракат бирлигининг асоси ўлароқ миллатнинг озодлигини таъмин этажакдир».
Тил миллатнинг жонли, ҳаракатдаги тарихидир. Унинг кечмиши ҳам, ҳозири ҳам тилда ифода этади. Миллатнинг барҳаётлигига энг муҳим гувоҳ тилдир. Тил миллат учун ҳаёт-мамот масаласидир. Гаспринский ўз мақолаларидан бирини «Тил масаласи — энг муҳим масала» деб номлаган эди.
Туркий халқларнинг муштарак тили ҳақидаги гаплар 1905 йил воқеаларидан кейин, оқ подшо ён беришга мажбур бўлгач, эркинроқайтила бошланди. Ҳатто айрим ишлар ҳам қилинди. 1906 йил Гаспринский айтганидек, «тил йили» бўлди. Жумладан, 1906 йил Нижний Новгородда Русия мусулмонларининг 600-700 вакили иштирок этган «Иттифоқи муслимин» йиғилишида умумий адабий тил масаласи ўртага қўйилди. Уни аста-секин шакллантириш ва амалиётга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу қарор ўша муштарак адабий тилда алоҳида рисола бўлиб босилиб ҳам чиқди. Ниҳоят, 1907 йилда Русия давлат маориф инспекцияси мамлакатдаги мусулмонларнинг ўз она тилларида ўқув-ёзувни олиб боришлари мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилди. Бироқ бу махсус қарор мусулмон болаларини ўз она тилида ўқитишни фақат маҳаллий шевада олиб бориш зарурлигини уқтирди.
Гаспринский шундан чўчиган эди. У бу қарорни мутлақо нотўғри, ҳатто жиноят деб ҳисоблади:
«Маориф инспекциясининг бу ишини биз бутунлай хато деб биламиз, чунки халқнинг она тили бу миллатнинг адабий тилидир. Агар бизим қадимий адабий тилимизнинг бир ҳалқаси Алишер Навоий тили бўлса, турли шевалардан таркиб топган янги замонавий тилимиз унинг иккинчи ҳалқасидир».
«Таржимон»нинг 1908 йил 13-сонида босилган «Тил ва масъулият» мақоласида яна шу масалага қайтиб, ўз фикрини атрофлича асослайди. Чиндан ҳам Русиянинг турли жойларида истиқомат қилувчи туркий халқларнинг тиллари, тўғрироғи, шевалари бир-биридан фарқ қилади. Хўш, бу фарқ русларда йўқми? Вятка мужикларининг тили Ярославль ҳунармандлариникидан, тулаликларники Курск, Смоленск ерликлариникидан қанчалик фарқ қилади! Араблар-чи? Гоҳо улар орасидаги фарқлар бир-бирларини тушунмаслик даражасига боради-ку? Нима учун Ломоносов, Жуковский, Пушкин, Тургенев каби адиблар, мутафаккирлар ягона адабий тил учун умр бўйи курашдилар?! Нима учун арабнинг кўзга кўринган олим-фозили борки, тил бирлигини тилдан қўймайди?! Немислар нега умумий тил устида бу қадар жон куйдирадилар?!
Тўғри, ягона адабий тил миллий адабиёт билан бирга майдонга келади. Лекин уни шакллантириш учун биргина адабиёт аҳлининг эмас, бутун миллатнинг, биринчи навбатда, зиёлиларнинг ғайрат ва рағбати керак.
Бу ерда ҳам ишни маорифдан бошламоқ зарур. Боланинг илк саводи, майли, шевада чиқсин, лекин иккинчи-учинчи йилданоқ ўқишлар умумий ягона тилда кетмоғи лозим. Бу дегани дунёнинг ташвишларини кўзда тутган, лекин ўз она тилимизда, миллий руҳимизда бўлган ўрта ва олий мактаблар илмий, маданий муассасалар, турли-туман мутахассислар, хуллас, нимаики миллатнинг иқтисодий, сиёсий ва миллий мустақиллигини таъмин этадиган бўлса, ҳаммаси керак. Буларсиз миллат озод бўла олмайди.
Хўш, бизга ҳозир она тилида ўрта ва олий мактаблар очишга рухсат берилса, биз бунга тайёрмизми, деган савол қўяди Исмоилбек Гаспринский ва «йўқ!» деб жавоб беради. Демак, биринчи вазифа, ёш, тараққийпарвар миллий зиёлилар тайёрламоқ, замин ҳозирламоқдир. Уни ҳеч ким қилиб бермайди, ўзимиз қилишимиз керак:
«Бугундан бошлаб умумий тил устида кураша бошламоқ, мактаблар учун дарсликлар, ўқув китоблари, луғатлар тайёрламоқ керак», — деб ёзади Гаспринский «Таржимон»нинг 1907 йил 42-сонида босилган «Дўстларимга» номли мактубида.
Буларнинг ҳаммасининг боши миллий онг, хусусан, миллий маориф бўлади. Мамлакатимизда сонига кўра нисбатан озчиликни ташкил этувчи армани, гуржи, латишларни қаранг, қанчалар илгарилаб кетдилар. Финляндия ва Польша мустақилликни олишгача етди. Иқгисоди ҳам жойида. Керакли нарсаси бор. Ҳаммаси миллий онгдан, миллий тил, адабиётдан.
«Миллатнинг икки асоси бор: тил бирлиги, дин бирлиги. Миллатнинг ўзлигини йўқотиш учун шуларнинг биттаси бузилиши кифоя», дейди Гаспринский.
1885 йилда Истанбуддаги Абузиё матбаасида Исмоилбек Гаспралининг «Оврўпо маданиятига бир назари мувозана» деган кичкина рисоласи босилиб чиқди. Европа ўз тараққиётининг ҳадди аълосида турган, Европа турмуш тарзи дунёнинг барча мамлакатларига ўрнак ва тимсол тутилган бир пайтда Русиядай қолоқ бир юртнинг қайси бир бурчагидаги бир мусулмон дунёнинг тараққийпарвар аҳли орасидаги ҳукмрон нуқтаи назарга эътироз билдирди. Фан ва техникаси билан дунёни ҳайратга солган капиталистик Европани ҳам, жаннат ваъда этувчи социалистик Европани ҳам рад этди. Ҳар иккисида ҳам ахлоқсизлик кўрди. Бугунги Европа маданияти қадим Рим цивилизацияси асосида майдонга келгандир. Қадим Рим салтанати эса маънавий-ахлоқий чиригани учун барбод бўлган. Бинобарин, «Румолилар асир этлари билан ҳовузларда боқилган балиқларга тўймасдан қандай қулаган бўлсалар, уларнинг фарзандлари бўлган оврўполилар ҳам бутун дунёнинг меваларига тўймайдилар»,- деб ёзади Гаспрали.
Қадим Рим салтанати деганда бугунги ўқувчининг кўз ўнгига, биринчи навбатда, бир тўда тўраларнинг кўнглини очиш учун ўлим билан курашга чиққан гладиаторлар, машҳур Спартак келади. XIX аср эса, Европа колониализмининг гуллаган даври эди. Китоб чоп этилган 80-йилларда оқ подшонинг севимли генерали Скобелев олис Хуросоннинг Кўктепа қалъасини қонга ботириб, Марви шоҳжаҳонни ишғол этган эди. Румолиларнинг XIX асрдаги фарзандларининг бутун дунёнинг меваларига тўймасликлари шундан. Муаллиф фикрича, янги — XIX аср Европа маданияти билан қадим Рим маданияти моҳиятан бир хил. Қуроллар, усуллар, ўрнаклар ўзгарган, холос, натижа ва самара эскича.
Рисолада асосий эътибор «янги дунё» маданиятининг маънавий-ахлоқий жиҳатларига қаратилади. Ворисийликка, оталар ва болалар масаласига тўхталади. Болаларнинг (социалистларнинг) ўз оталари (капиталистлар)ни рад этишларида катта маъно кўради. Айни пайтда, болаларнинг адолат ҳақидаги тушунча ва фикрлари адолатсизликлар билан тўла эканлигини очиб ташлайди. Унингча, олдинги ҳар икки маданиятнинг асосий нуқсони шундаки, уларда ҳаққоният йўқ. Исломдаги ҳаққоният йўқ. Ҳаққоният дегани нима? Авлоний буни шундай тушунтиради:
«Ҳаққоният деб ишда тўғрилик, сўзда ростликни айтилур…» Гаспрали барча инсонларнинг ўзаро муносабатлари бир асосга — фойда асосига қурилганини таъкидлайди, лекин ишлаб чиқариш воситаларини киши фаолиятини назорат қилувчи ушр (ўндан бир миқдордаги йиллик экин солиғи), закот (қирқдан бир миқдордаги йиллик мулк солиғи) кабиларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги фавқулодда назоратчилик ролини уқтиради. Шулар Европанинг ҳуқуқ ва ахлоқига асос қилиб олинганида социалистик фикрларга имкон қолмаслигини айтади. Шу тариқа, Европа илм-фани билан ислом ахлоқининг ҳамкорлигида майдонга келадиган янги умуминсоний маданият масаласини кўтаради.
Бегали Қосимов,
профессор
(давоми бор)
ziyouz.uz’дан олинди