1914 йилнинг 24 сентябрида жадидчилик ҳаракатининг асосичиси, ёзувчи ва публицист Исмоилбек Гаспринский (Гаспралик) Боқчасаройда вафот этган эди.
Унинг отаси Мустафо Гаспринский Россия ҳарбий дворяни (прапоршчик) бўлиб, Ялта шаҳри яқинидаги Гаспра қишлоғидан эди. Исмоилбек қишлоқ мактаби, Оқмачит (ҳозирги Симферополь) гимназияси ва Воронежда, Москва кадетлик корпусида ўқиди. Қримга қайтгач, рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлади. Истанбул ва Сорбонна (Париж) университетларида таҳсил олди. Жазоир, Тунис, Миср, Грецияда бўлди.
Гаспринский туркий халклар тарихи ва адабиётини ўрганиб, Шарқ билан Ғарб оламини таққослаш имкониятига эга бўлди. Гаспринский «Русия мусулмонлиги» (Симферополь, 1881) номли илк рисоласида Европа цивилизациясидан кўр-кўрона андоза олишга қарши чиқиб, уни танқидий қабул қилишга, мусулмонларни илм-фанни эгаллашга, техника ютуқларидан фойдаланишга даъват этди. «Оврупо маданиятига бир назар мувозини» (Истанбул, 1885) асарида эса социализм ғоялари билан баҳсга киришиб, унинг асосий тамойилларини шубҳа остига олди.
У Россия мустамлакасидаги барча мусулмон халқлар маорифини тубдан ислоҳ қилиш, дунёвий фанларни ўқитиш масаласига алоҳида эътибор берди. 1884 йилда Боқчасаройда дастлабки «усули жадид» (янги усул) мактабини очди. Туркистон генерал-губернатори Н. О. Розенбахга мусулмон мактабларини ислоҳ қилишга доир лойиҳасини юборди. Рад жавобини олгач, 1893 йилда Туркистонга ўзи келди, Бухоро, Самарканд, Тошкентда бўлиб, тараққийпарвар зиёлилар билан учрашувлар ўтказди.
Фалсафа доктори Зайнобидин Абдирашидов Гаспринскийнинг Тошкентга сафари ҳақида шундай ёзади: “Самарқанддан сўнг Гаспринский Туркистоннинг бош шаҳри – Тошкентга келади. Бухоро ва Самарқанддан фарқли ўлароқ у шаҳарга келиши биланоқ рус маъмурлари ҳузурига бормади. Уни Тошкентга келишини маҳаллий зиёлилар кутаётган эдилар. Гаспринскийни Тошкентнинг машҳур қозиларидан Муҳйиддинхўжа кутиб олади ва уни ўз уйига таклиф қилади. Ўша куни Муҳйиддинхўжа уйига Тошкентнинг барча кўзга кўринган мусулмон зиёлиларини йиғади ва Гаспринский шарафига катта зиёфат беради. Гаспринский Тошкентда шундай бир зиёли жамоани кўрдики, бу унинг Туркистон ҳақидаги барча тасаввурларини тубдан ўзгартириб юборди. Исмоилбек рус матбуоти туркистонликлар «саводсиз ва жоҳил» сифатида бонг ураётган хабар ва маълумотлар асоссиз эканлигига амин бўлади. Шу сабабдан бўлса керак, Гаспринский Тошкентда 6 кун қолиб кетади”.
Гаспринский жадидчилик ғояларини кенгроқ ёйиш учун «Таржимон», «Миллат», «Болалар олами», «Уйғониш» газеталари, «Аёллар олами» журналини чиқарди. Жадид мактаблари учун «Хўжаи сибён» («Болалар муаллими») дарслигини, «Раҳбари муаллимин ёки муаллимларга йўлдош» китобини ёзди.
Гаспринский мусулмон миллий озодлик ҳаракатининг йўлбошчиси сифатида танилди. У Кавказ, Волгабўйи, Миср ва Ҳиндистонга бориб, умуммусулмонлар қурултойини чақиришга ҳаракат қилди. Бутун Россия мусулмонлари учта конгресси ишида фаол қатнашди. Дастлабки умуммусулмон сиёсий партияси «Иттифоқ ул-муслимин»ни тузиш ташаббускорларидан бири бўлди. «Дор ул-роҳат мусулмонлари» илмий-фантастик асари, «Юз йилдан сўнг. 2000-сана» бадиий-публицистик романи, «Туркистон уламоси» китобининг муаллифидир.
Эслатиб ўтамиз, Azon.uz сайтида профессор Бегали Қосимов муаллифлигидаги «Исмоилбек Гаспринский жаноблари…» номли мақолалар эълон қилинган эди. Қуйида ушбу мақолалар билан танишишингиз мумкин.
«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…» — 1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм.