Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (охирги қисм)

2798

Шайх Жалол сўзларидан маълум бўлишича, Дорур-роҳатдагилар дунёдаги барча ўзгаришлардан бохабарлар, лекин булар ҳақида билишмайди. Чунки булар дунё билан алоқага киришмайдилар, ҳақлари йўқ. Саодатли тақдирларига сабабчи бўлган Сардор Мусо ҳижрий 1500 (милодий 2078) йилгача ушбу макондан чикмасликни васият қилган. Васиятнома шу санада очилмоғи керак. У 40 қулф остида, 40 калити 40 имомга омонат топширилган. 40 имом Дорур-роҳатдаги 40 қишлоқдан вакил. Ўлканинг амири Али исмли киши бўлиб, Мусо авлодидан. Ҳуқуқ ва низом шариатга, ақлга, иттифоққа суянади…

Ўлканинг ҳар қадами мўъжиза. Қизларнинг қўлида ўзи ёнар фонуслар — электр чироқлари. Кириб чиққанда ўзи очилиб-ёпиладиган эшиклар.

Муаллиф Фаридабону Мулла Аббосни олиб борган қишлоқнинг манзарасини чизади. Марказида кенг майдон. Тошдан муҳташам бинолар. Жомеъ, мадраса, мажлисхона, девонхона. Атрофида гуллар, боғ-боғчалар, улкан хурмо дарахтлари. Боғ ва гулзорларга кўмилган ҳовлилар… ҳаммаёқ озода, батартиб. — Бу жойлар аслида балчиқ, тўқайзор бўлган, — дейди Шайх Жалол, — кишилар илму фан ёрдамида мўътадил иқлим ва муҳит яратишга муваффақ бўлганлар, тоғлардан тоза сув туширганлар.

Қишлоқ имоми Мулла Аббосдан довруғи оламга кетган Бухоро мадрасалари, Туркистон маорифи ҳақида сўрайди. Дин ва шариатдан бошқа нарса ўқитилмаслигини билгач, таажжубга тушади. «Сизнинг диёрларда табиб, кимёгар, меъмор, муҳандис ўлмаюрми? Сизнинг хонлар ва ҳукуматлар идораи мулк ва давлат учун умури идорая, фунуни молияя, моҳир маъмура ва тўралара ҳожат кўрмаюрларми?» — деб сўроққа тутади. Уларсиз ҳар қандай миллатнинг ҳалокати муқаррарлигини таъкидлайди: «Ёҳу, ўғлум, кўзи боғлиқ киши юрарми?!» — дея ҳайрон қолади… Лекин бу буюк ўлканинг келажагига ишонади: «Санга оғирлиқ келмасун, ўғлум. Иншооллоҳ, замона келур, аҳли Туркистон даҳи фунун ва камолот ошноси ўлуб, тариқи тараққияя етишар…» дея тасалли беради.

Умуман, Туркистон ҳаёти асарнинг бошидан охиригача муаллифнинг диққат марказида туради. Масалан, асар бошида Андалузия буҳрони, испанлар-фарангларнинг ўзаро жанжаллари ҳақида гап кетар экан, Бухоро ва Қўқоннинг XIX аср ўрталаридаги бир-бирларига қилган қатлу ғоратларига шама қилиб ўтади. Бошқа бир ўринда эса, ҳар бир юртнинг тимсолига айланган дарёлари ҳақида сўзлар экан, Зарафшонни қайноқ бир меҳр билан тилга олади.

Қишлоқ имоми Мулла Аббосни мактабга бошлайди. Ёруғ, озода. Ҳар бир фан учун махсус жиҳозланган ўқув хоналари, қироатхона, кутубхона… 8 ёшдан 12 ёшгача барча мактабда. Ўғил ва қиз болалар алоҳида ўқийдилар.

Саёҳат давом этади. Шайх Жалол машина тайёрлигини айтиб, шаҳарга таклиф қилади. Европада кўргани оташароба. Бироқ тутуни йўқ, ўзи ҳам бошқачароқ, электр билан ҳаракат қилади.
Ўлка маркази Дорус-саодатга кетмоқдалар. Йўлда қишлоқлар кўринади. Бир-бири билан телефон, телеграф орқали боғланган. Электр мошина Дорус-саодат вокзалида тўхтайди. Шаҳар ҳам тамом бошқача. Бу биноларни Мулла Аббос Туркистонда ҳам, Европада ҳам кўрган эмас. Шайх Жалол меҳмонни меҳмонхонага жойлаб, қозига кетади. Меҳмоннинг Дорур-роҳатга қандай келиб қолганини билдириш керак.

Кеч тушади. Бирдан ҳаммаёқ ёришиб чароғон бўлиб кетади. Меҳмон ҳайрон. Бундай ҳолни олдин кўрган эмас. У буларнинг кечда ёниб, тонгда ўзи ўчадиган электр эканлигини сўнг билади. Эрталаб ҳаммомга тушиб, Шайх Жалол билан қози ҳузурига борадилар. Кўчалар, майдонлар ҳам бошқача. Масалан, майдонларнинг бири «Озод» деб номланган, бири халифа Абдураҳмон III номида. Кўчалардан бири Тариқ ибн Зиёд деб аталади. Абдураҳ-мон III майдонидаги муҳташам бир бинога борадилар. Мармардан, нақшинкор. Эшиги тепасига олтин ҳарфлар билан хатти кўфийда «Бобул-ҳуқуқ» деб ёзиб қўйилибди. Қозихона — шу. Қози, ўнг тарафида котиб, йўлакда хизматчи.

Шайх Жалол Мулла Аббос Туркистонийни таништиради. Қози уни мамлакатнинг тартибларидан хабардор қилади. Бир нарсани алоҳида таъкидлайди: «Ўлкамизча энг буюк кдбоҳат ва жиноят ялон сўйламакдир. Жазоси даҳи бик оғирдир. Ялончи ҳибс ўлини-юр, аммо ҳибсхона очиқ турар, атрофинда минг киши ўлса-да, сўзламая бир киши топилмас…»

Бу ҳол ҳаммасидан ошиб тушади. Қандай мамлакат бу?! Қаҳрамонимиз бу ердаги урф-удум, ахлоқ, илм ва маданият борасида қози билан суҳбатлашар экан, тобора ўзини ўнғайсиз сезиб боради. 12 йил мадрасада умри бекор кетибди. Фарангистондаги 2 йил ўқишини сўзлар экан, Маргаритага бўлган муҳаб-батигача айтишга тўғри келади. Бу ердагиларнинг яшаш қонуни шундай: Улар Оллоҳдан қўрқадиган даражада ёлғондан қўрқадилар. Ёмонликдан жаҳаннамдан қочгандек қочадилар. Жаннатга интилгандек кишиларга муҳаббат қўядилар.

Бу гаплар қози тилидан юртнинг янги меҳмонига биргина қардошлик насиҳати эмас, маъмурий-шаръий амр сифатида ҳам айтилган эди. Бу ўлка инсон табиатининг икки буюк иллатидан — ёлғондан ва ҳақсизликдан қутулган эди. Шу жиҳатдан у Ғарбнинг ҳам, Шарқнинг ҳам, Европанинг ҳам, исломнинг ҳам қусуридан холи эди. Бу ердаги илм ва ахлоқ олдида Туркистон бадавий, Фарангистон олчоқ эди. Ҳолбуки бу ўлка дунёдан тамом узилиб, баланд тоғлар орасига яширинган бир жойда аждодларининг илму ҳунари соясида ўз ҳолларича шундай даражага етдилар. Мулла Аббос бозор ёнида яна бир воқеага дуч келади. Бир араб дуч келган одамга илтижола боқиб, ҳол-аҳвол сўрар, ҳеч ким унга эътибор қилмасди. Сотувчи экан. Бир кишининг ярим динорлик ҳақига хиёнат қилибди. Қози уни текшириб аниқлагач, айбдор деб топибди. Шундан буён у ҳаммага бегона. У билан ҳеч ким сўрашмайди, гаплашмайди. Одамлар уни вабодан қўрққандек четлаб ўтадилар. Ҳатто хотини, бола-чақаси ҳам тарк этади. У ўз хоҳиши билан мамлакат четидаги махсус жойларда ибодат ва таҳсил билан ўзини поклайди. Сўнг жамиятга янгидан қабул қилинади. Бу бечора ёшлигида озгина касал бўлгану тарбияси етишмай қолган, гуноҳ қилгани шундан. Кейинги тўрт йил ичида юртда бундан бошқа жиноят содир бўлган эмас.

Бу юртда ҳамма нарса ғайритабиий. Масалан, Мулла Аббос меҳмонхонасига келса, 2 хат ва бир газета турибди. Бири Фаридабонудан, иккинчиси маҳаллий «Истиқбол» газетасидан. Фаридабонунинг қариндошлари меҳмон билан танишмоқ истайдилар. Газета эса Мулла Аббосдан олис Бухоро ва Туркистон ҳақида мақола сўрабди. Бироқ бу хатлар ёзилган қоғозларни у илгари ҳеч кўрмаган, тамом бошқа материалдан. Конвертларида марка йўқ, бепул. Шайх Жалол шошиб 5—6 тухум кўтариб киради, жўжа очирмоқчи эмиш. Мулла Аббос ҳайрон, қандай қилиб, товуқсиз жўжа очади.

Шайх Жалол сирни очади. Тухумдан жўжа чиқиши товуқнинг босишидан эмас, ҳароратдан. Бу янги гап эмас. Бу қадимдан маълум эди. Мулла Аббос ва унинг туркистонлик ҳамсабоқлари эски илмнинг моҳиятини ўрганган эмаслар. Гап шунда. Қогозни ҳам кўп нарсалардан тайёрлаш мумкин. Дорур-роҳатдагиларнинг иши шу йўлдаги тажрибалардан бири холос.

Мулла Аббос «Истиқбол» газетасини варақлайди. Бухоро, Хива, Қўқон хонликларининг Русия томонидан забт этилиши тарихи ҳақидаги мақолага кўзи тушади. Муаллиф, олис тарих, хусусан Амир Темур борасидаги ҳоким қарашларга қарама-қарши ўлароқ унинг ярим дунёни эгаллашида илм-фан ва қаҳрамонлик самарасини кўрган эди. Унингча, жаҳолат ва нодонлик билан футуҳот ва шижоат ҳеч қачон бир ерда жам бўла олмайди. Мақолада кўҳна Туркистоннинг таназзули сабаблари ҳақида сўз юритилиб, шундай ёзилган эди:

«Бир давлат ё миллат хароб ўлажақ эса, энг ибтидо илмсиз ва маърифатсиз қолур. Бу ҳолда қўй ҳайвони каби фаҳмсизлануб ўз бошларини ўзлари узатуб турарлар! Нима қилсинларки, кўзлари боғлангандир!»

Мақола охирида Туркистондан Мулла Аббос деган бир кишининг ажиб бир ҳол билан Дорур-роҳатга келиб қолганлиги маълум қилиниб, унинг бу ерда ўз билимини ошириш мақсади бор-лиги мамнунлик билан қайд этилган эди.

Ҳа, булар дунёни биладилар. Дунё буларни билмайди, хаёлидан ўтказади Мулла Аббос.
Фаридабонунинг уйида кўрганлари бундан ҳам ҳайратланарли эди. 80 ёшлик шайх Туркистоннинг забт этилиши истилодан юз йил олдин маълум бўлганлигини айтади ва Ибн Марвоннинг «Қиёс ва эҳтимолот сиёсати» китобини ўқишни тавсия қилади…

Мулла Аббоснинг Амир билан учрашуви эпизоди ҳам бор. Унинг сирли мамлакатдан чиқиб кетиши дунёга номаълум бу ўлка учун фалокатга сабаб бўлиши мумкин. Шунга кўра, бу масалани амир ҳал қилиши лозим. Лекин адолат қонуни уни ихтиёрига қарши ҳолда олиб қолишга йўл бермайди. Сайёҳ Амир билан учрашади: 30 ёшларда, чўққисоқол, очиқ юзли, хуш боқишли. Бухоро ва Туркистон турмушидан сўрайди. «Ришта» хасталигидан сўз очади. (Чор ҳукумати Зарафшон сувини тўсиб қўйгач, Бухорога сув бормай, ҳовузларда ришта тарқалган эди.) Бухорога тоза сув келтириш йўллари ҳақида фикр билдиради…

Амир Аббосга рухсат бермайди. Аббос ўзининг асир эмаслигини айтади. Амир бундай масъулиятли масалани бир ўзи ҳал қилолмаслигини, Олий Мажлисдан сўраб ҳал қилишини айтади… Бир қатор можаролар, Фаридабону — Мулла Аббос муносабатлари, шу аснода хотин-қизлар тақдири, Туркистон, Бухоро манзаралари, 1500 йилда очилажак «Васиятнома» билан боғлиқ гап-сўзлар сўнггида рухсат берилади. Мулла Аббос бу ерда орттирган дўстлари билан видолашиб, унга қандай сирли келиб қолган бўлса, шундай сирли тарзда чиқиб кетади.

«Дорур-роҳат мусулмонлари» Русиядаги туркий халқлар адабиётининг янги даврдаги биринчи йирик намунаси эди. Шу сабаб у Волгабўйи ва Туркистон халқлари янги адабиётининг шаклланишида муҳим роль ўйнади. Бу гап ўзбек адабиётига ҳам тегишлидир.

Иккинчи томондан эса, Исмоилбекнинг бадиий ижоди унинг қизғин ва самарали кечган жадидчилик фаолиятининг маънавий давоми, буюк миллатпарвар қарашларининг олижаноб тахайюли мевалари эди.

Гаспралининг хотин-қизлар ва уларнинг жамиятдаги ўрни ма-саласи ҳақидаги қарашлари «Хотинлар ўлкаси» номли хаёлий-саргузашт қиссасида акс этди. Унда ҳам воқеалар тошкентлик Мулла Аббос Франсавий тилидан ҳикоя қилинади. Асар аёлларни «сочи узун, ақли калта» дегувчи ислом мутаассиблигига киноя бўлганидек, эмансипация ниқоби остида уларнинг аслий хусусиятлари ҳисобланиши лозим бўлган назокатдан узоклаштирилишига, «эркаклаштирилиши»га қарши исён ҳам эди. Бу мавзунинг ҳам Туркистонда нақадар қизғин муҳокама қилингани маълум.

Хулоса қилиб айтганда, И.Гаспралининг ҳаёти ва сермазмун фаолиятини Туркистонсиз, унинг тарихи ва тақдири ҳақидаги ўйларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Улуғ мутафаккир Туркистон халқларининг бой маънавий меросини Русия мусулмонлари борасидаги янгиланиш ва ислоҳотчилик ҳаракатлари учун маънавий омил деб билади. Айни пайтда, бутун вужуди билан Туркистон учун ҳам нажот йўлини излайди ва буни янгиланишда, исло-ҳотда кўради. Шунга кўра, унинг қарашлари ҳам Туркистон билан теран боғланган эди. Шу сабабли, бу фикр-қарашлар Турқистонда акс-садо топдигина эмас, туркистонлик тараққийпарвар зиёлилар учун дастуруламал вазифасини бажарди.

 

Бегали Қосимов,
профессор 
ziyouz.uz’дан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тарихда бугун: Исмоилбек Гаспринский вафот этди

2480 13:30 24.09.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (6-қисм)

2494 22:00 10.05.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (5-қисм)

2895 23:00 06.05.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (4-қисм)

2765 08:00 06.05.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (3-қисм)

2150 22:00 04.05.2021
« Орқага