Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (6-қисм)

2493

Туркистон сафари

Исмоилбек 1893 йилда Туркистонга келади. Бухоро амири Абдулаҳадхон билан Қримда учрашган эди. Улар бир-бирларини билардилар. Исмоилбекка ширвонлик Мажид Ғанизода ҳамроҳлик килади. Самарқандлилар «усули савтия» ғоясини яхши кутиб оладилар. Тезда «усули жадид» йўлга қўйилиб, иш бошланади. Исмоилбек Шаҳрисабзга кетади. Мажид Ғанизода 40 кун Самарқандда қолиб, «усули савтия»дан дарс беради.

Исмоилбекнинг Туркистонга иккинчи сафари 1908 йилга тўғри келади. Сафар тафсилотлари «Бухорода на кўрдим?» сарлавҳаси остида «Таржимон»нинг ўша йил сонларида (47,50,57-59,64,78) босилган. Каспийдан «Генерал Скобелев» кемасида келиб, Красноводскдан поездга ўтаркан, Кўктепа урушини эслайди. Калъа аҳолисининг «бутун Осиёга шуҳрат ва ибрат дея бола-чақаси баробар қиличдан кечурулуб, от оёғида топталгани»ни алам ва изтироб билан ёдга олади. Исмоилбекни Янги Бухоро (Когон) стандиясида амир одамлари ва Русия сиёсий агентлиги таржимони Мирҳайдарбек кутиб оладилар. Амир уни Карманага таклиф этади. Зиёфат асносида Валиаҳд Саййид Олимхон билан учрашади. Валиаҳднинг Русия матбуотини мунтазам ўқиб боришини, дунё воқеаларидан хабардорлигини кўради. Самарқандга ўтади. «Усули жадид» мактаблари билан танишади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулқодир Шакурий билан узоқ суҳбатлар қуради. Гап тарих ва келажак, муқаддас обидалар ва уларнинг тақдири, рус истилочилик сиёсати ва ўзликни сақлаб қолиш ҳақида эди.

Қайтишда яна Бухорога тушади. Қушбеги Остонақулбек билан тўхтаб қолган янги мактабни юритишни гаплашади. Асосий тўсқинлик қозикалон томонидан эканлигини англаб, ҳузурига боради, ваъдасини олади. Бухородаги нўғойлар Исмоилбекни меҳмонга чақириб, «Жамияти хайрия»ларига фахрий аъзо қиладилар. Янги очилган бир мактабни унинг шарафига «Исмоилия» атамоқчи эканликларини айтадилар. Исмоилбек унамайди. Амир Абдулаҳадхоннинг марҳум падари ҳурматига «Музаффария» номлашни маслаҳат беради…

Мактабларгина эмас, мадрасалар ҳам ислоҳ қилиниши керак. Иложи бўлса, янги замонавий олий ўқув юртлари — университетлар қурмоқ керак. Исмоилбек бу фикрга 1885 йилдаёқ келган эди.

«Эй давлатлулар! — деб ёзган эди Бухоро ва Хива хонларига мурожаатида, — майдони сиёсатда мағлуб ўлуб, истиқлолни бой берди(нгиз). Бу замонда ғафлат эдилурса, майдони иқтисод ва маишатда миллат мағлуб тушуб, сабаб ўланлари дунё турдиқча масъул тутажакдир…».

Гаспиринскийнинг бадиий насри

Исмоилбек бадиий иқтидорга ҳам эга эди. Унинг «Фарангистон мактублари» (1887), «Дорур-роҳат мусулмонлари» (1889), «Судан мактублари» (1889), «Хотинлар ўлкаси» (1890), «Гулбобо зиёрати» (1908), «Арслон қиз», «Кун туғди», «Иван ва Сулаймон» (1897), «Балойи ислом» (1905), «Муколамайи салотин» каби кўплаб насрий асарлари бор. Айримлари ўзбек тилига таржима ҳам қилинган. Воқеалари деярли ҳаммасида муаллиф тилидан ҳикоя қилинади. Номи — Мулла Аббос Франсавий-Тошкандий. Асли тошкентлик, Европада ўқиган, саёҳатни яхши кўради. «Муколамаи салотин» (1906) («Султонлар суҳбати») Амир Темур ҳақида. «Арслон қиз» (1893) Шарқий Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатларига бағишланган. Марказида Гулжамол билан қўқонлик машҳур Яъқуббек туради. «Кун туғди» (1905) — автобиографик роман. Дониёлбей — Исмоилбекнинг ўзи. Хуллас, Гаспринский бадиий асарларининг деярли ҳаммаси қай бир даражада Туркистон ва туркистонлилар ҳаёти билан боғланади.

«Дорур-роҳат мусулмонлари»

«Таржимон»нинг 1887 йил сонларида босилган. 1906 йилда Боқчасароида алоҳида нашр этилган. 1997 йилда «Қалб кўзи» газетаси қайта чоп этди.
Муаллиф асарнинг жанрини «фантастик рўмон» деб белгилайди. Асарнинг ширин тахайюл асосига қурилгани сарлавҳасиданоқ кўриниб турибди. Муаллиф хаёлий-афсонавий бир мамлакат — Дорур-роҳат (сўзма-сўз — роҳат уйи), яъни обод ва фаровон бир юрт фуқаролари ҳақида ҳикоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

Бунинг учун 8 аср давомида мусулмонлар тахти фармонида келган ва ислом давлати сифатида Европа мамлакатларига наму-на бўлган Андалузияни танлайди. Ҳижрий йилнинг 98 ида (мил.668) Марокашнинг Фаси билан Испания орасидаги Жабал-ут-тариқ (Гибралтар) бўғозини саркарда Мусо ибн Нусойр қўшини кесиб ўтиб, Андалузияни забт этган эди. Андалуз дастлаб Шомга тобе эди. 756 йилдан уммавий Абдураҳмон тахтни эгаллади ва ўзини халифа эълон қилди. Испанияни мусулмонлардан қирол Фердинанд (1452-1505) қайтариб олди. Сўнгги мусулмон ҳукмдор Ал-Ҳисорий, сўнгги сарой Ал-Ҳамро (Қизил сарой), сўнгги пойтахт Ғарната (Гренада) бўлган эди.

Исмоилбек тахайюлнинг реал асосларига тўхтар экан, олис тарих қатларида қолган турли-туман маълумотлар, сайёхларнинг бир вақтлар ислом шуури билан гуллаб-яшнаган Андалузия — араблар Испаниясининг маънавий-маданий турмушига оид кўплаб факт ва рақамларни топиб, ўқувчи диққатига ҳавола қилади. Араблар испанларнинг тақир саҳроларини обод ўлкага айлантирдилар, — деб ҳикоя қилади муаллиф. — 12 минг қишлоқ, 80 қўрғон, 300 шаҳар, 300 минг жомеъ бино қилинган. Замонида пойтахт Қуртабода 200 минг хонадон яшар эди. 600 жомеъ, 500 шифохона, 800 мадраса, 900 ҳаммом мусулмонлар хизматида эди. Ғарната, Тулиду (Таледо), Сибелё (Севилия) каби шаҳарлар ҳам Қуртабо (Кордова)дан қолишмас эди. Бойлигичи?! Фаранг тарихчилари ёзишича, Қуртабо халифалигининг хазинасига жами Европа мамлакатлариникини қўшганда ҳам етмас экан. 852 йилда Қуртабо кутубхонасида 600 минг китоб бўлган. Бутун ўлкада 70 улкан кутубхона бор эди. Фаранглар келиб, Андалузия мактаб-мадрасаларида ўқидилар. Европа Қуртабо мадрасаларидан андоза олиб, университетларини қурди… Хуллас, инсоният тараққиётини янги бир босқичга олиб чиққан Ғарб илм-фанининг тамал тоши олис XII-XIII асрларда Андалузия — мусулмонлар Испанияси томонидан қўйилган эди. Бироқ ҳар нарсанинг ўз кушандаси бўлганидек, мутаассиблик жуда қисқа муддатда бу ўлкадаги юксак ислом маданиятини йўқ қилиб ташлади. Фердинанд Андалузияни мусулмонлар қўлидан қайтариб олгач, ўлкани жоҳилона бир суръатда мусулмонликдан «тозалаш» бошланди. Мўъжизавий сақланиб қолган «Жомеъул-кабир» (Катта мачит) ва «Ал-Ҳамро»гина олис мусулмон Андалузиясининг бир вактлар балқиган нуридан етиб келган шуъладек йилтиллаб турадилар…

Ушбу маълумотлар сайёҳ — муаллиф тилидан берилган бўлиб, асарнинг мазмунига сингдириб юборилган. Таҳририятнинг ихчам изоҳида асарнинг бош қаҳрамони тошкентлик Мулла Аббос эканлиги, Франция саёҳатидан кейин «Франсавий» деб ном олгани, ўз кўрган-билганларини «Фарангистон мактублари» сарлавҳаси остида «Таржимон»да эълон қилиб келгани, мактубларнинг иккинчи қисмидан Андалузия саёҳати ўрин олгани, муаллиф-сайёҳ «бахтиёрона бир сурати маишата етишмиш жамияти муслимадан баҳс этажаги» айтилади.

Дарҳақиқат, асар роман-саргузашт характерида. Воқеа Мулла Аббоснинг Фарангистонда орттирган таниши мадмуазел Маргарита билан хайрлашиб, Испанияга отланишидан бошланади. Мулла Аббос илк таҳсилни Тошкентда олган. Фарангистонда «илми жадид»га ошно бўлган. 27 ёшда, саёҳатни севади. Андалузия ҳақида ўқиган, эшитган. Унинг ўз даврида жаҳонни ҳайратга солган илму фанидан, юксак маданиятидан хабардор. Шунинг изларини кўрмоқчи. Уни ҳозир Испания деб атайдилар…

Поезд қирқ уч соат юриб Мадридга олиб келди. Ажойиб ўлка, хушҳаво, серҳосил. Бир ёни тоғ, бир ёни сув. Ҳаммаёқда гул. Обидалар. Қуртабодаги, қуббаси 80 устун устига ўрнатилган жомеъ, беш асрдан ошибдики, ҳамон улуғвор. Мулла Аббос бир ҳафта Қуртабода қолиб, жомеъни қайта-қайта зиёрат қилади. Сўнг Ғарнатага Малик ибн Аҳмар шарафига 1343 йилда қуриб битирилган Ал-Ҳамро саройи зиёратига боради. Мулла Аббос унга тамом маҳлиё бўлиб қолади. Ал-Ҳамро хизматчисига саройни зиёрат этиш учун Туркистондан махсус келганини айтиб, хоналарида тез-тез бўлиш ва узоқроқ қолишга изн сўрайди. Бир ой қолиб кетади. Зиёратларидан бирида сарой нақшларининг, пештоқрангларининг кун ва туннинг турли паллаларида турли товланишларига маҳлиё бўлиб, тунаб қолади. Арслонлар майдони деб аталган гўшада намоз асносида мудраб, хаёлга толади. Олис ва шавкатли тарих намоён бўлади. Шу пайт ногоҳ оёқ товушлари эшитилиб, енгил кулги кўтарилади. Булар ким бўлса? Кўзларини очиб қараса, бири-биридан гўзал 12 қиз. Араб қизлари. Қаҳрамонимиз оҳиста уларга эргашади. Улар бегона одамни сезиб қий-чув кўтарадилар. Шу пайт хоналарнинг бири остонасидаги мармартош кўтарилиб, оқ салла кўринади. Парижда танишган дўсти — Шайх Жалол. Мулла Аббос уларга эргашиб, «Қизлар кўшки»дан яширин йўл орқали ер остига тушади ва «Боби саломат»дан узоқ юриб, яна юқорига ер устига кўтарилади. Бу жойнинг номи «Дорур-роҳат», қизлар эса, аъло ўқиганликлари учун тақдирланиб, «Ал-Ҳамро» саёҳатига юборилган «Дорул-улум» талабалари эдилар. Бу диёрга беш асрдирки, бегона назар тушган эмас, унинг йўлини ҳеч ким билмайди. Буни Мулла Аббос Шайх Жалолдан билиб олади. Қолганини унга ҳамроҳлик қилган Фаридабону тушунтириб боради.

Дарвоқе, улар арабча гаплашадилар. Шайх Жалол барча йўлчиларга бу сирли диёрга кириш оддидан кўзларини боғлашни буюрган эди. Дорур-роҳат Ғарнатадан 3-4 соатлик йўл. Ниҳоятда гўзал манзарали бир ерда. Сатҳи у қадар катта эмас. Эни 2, бўйи 3 соатда кесиб чиқса бўладиган майдонда жойлашган.

Фаридабону тилидан айтилган тарихи эса қуйидагича эди: Андалузия забт этилиб, ислом ғоялари ёйилгач, қисқа муддатда ўлка «олам дарсхонаси»га, ўлка аҳли эса «муаллими жаҳон»га айланади. Қўшни фаранглар ундан ибрат олиб, ғафлат уйқусидан уйғонадилар. Бироқ инсон қонидаги танбаллик, беғамлик, кин-нифоқ бир жўш уради-ю 300 йиллик шуҳратшиор Андалуз давлати ичдан емирилади. Қудратли мамлакат Туркистон сингари учга бўлиниб, ўзаро қирғин-барот урушлар бошланади. Бундан фойдаланган Кастилия қироли Фердинанд 1484 йилда катта қўшин билан Ғарнатани қамал қилади. Узоқ ва давомли уруш бошланади. Халифа Абу Абдуллоҳ Ал-Ҳамрода яширин мажлис ўтказиб, иш таслимга борса, бола-чақаларни қандай асраб қолмоқ кераклигини маслаҳат қилади.

Ал-Ҳамронинг бир томони ўтиб бўлмас юксак Съера Невада тоғларига туташиб кетган эди. Суданлик асирлар келтирилиб, сарой ичидан тоғ томонга лаҳм қаздирилади. Яширин йўлни билганлар секин-аста вафот этадилар. Омон қолган асирлар озод қилиниб, юртларига қайтарилади. Ундан воқиф икки киши қолади. Халифа ва кекса бир боғбон. Мулла Аббос «Қизлар кўшки»дан шу йўлга тушган эди.

Ғарната мудофаани давом эттиради. Халифа Истанбулга элчи йўллаб, усмонлилардан ёрдам сўрайди. Султон муҳорабада бўлгани учун ёрдамга келмайди. Халифанинг сустлигидан халқ жунбушга келади. Бироқ халифа Фердинанд одамлари билан хуфя алоқа боғлаб, саройни тарк этади. Сал олдинроқ эса довюрак сардори Мусо охирги нафасгача жанг қилиш лозимлигини айтганида шоҳдан муносиб жавоб ололмаган ва алам устида бир ўзи душман устига отилиб, мардона ҳалок бўлган эди. Хуллас, Сардор Мусонинг яқинларидан 140 киши уни излаб, бўм-бўш саройга келадилар. Саройнинг сиридан хабардор якка-ёлғиз кекса боғбон вақтни қўлдан бермай, уларни лаҳм орқали пастга олиб тушади. Лаҳм йўли билан тоғ оралиғидаги, атрофини тик баҳайбат қоялар ўраб олган сайҳонликка чиқадилар. Барча керакли ашёлар, биринчи навбатда минглаб китоблар саройдан янги ватанга ташиб келтирилади ва яширин йўл бекитиб ташланади. Бу бир ҳовуч мусулмон душманга таслим бўлмай, тоғ бағрида макон тутиб турган бир пайтда халифа Абу Абдуллоҳ Фердинанд ҳузурида шаҳарнинг калитларини унга топширар эди. Шу тариқа, испанлар тоғ ичига бекинган бир тўп мусулмонлардан бехабар қолдилар.

Тоғ ичида омон қолганлар қаҳрамон сардор Саид Мусонинг авлодлари эдилар. Халифа эса, қилмишидан пушаймон бўлди. Лекин фойдасиз эди. Фердинанд ҳеч кимга шафқат қилмади. Мусулмон мактабларини ёпди, вақфларини олиб қўйди, мачитларни бекитди. Аҳли исломнинг молини талон қилиб, ўзларини асир-хизматкор этдилар. Юз минглаб аҳоли ота-боболари ётоғи—қабрларини душманга омонат қолдириб, ҳижратга юз тутдилар. Ободлик ўрнини вайронлик олди. Замонлар айланиб, дунё илгарилаб, испанлар, фаранглар ҳам мағлуб бўлган миллатни йўқ этиш инсоф ва адолатдан эмаслигини, улар билан тенгма-тенг ҳамкорлик қилмоқ лозимлигини англаб етдилар. Бироқ бунинг учун ҳам уч аср керак бўлди, деб ҳикоясини тугатади Фаридабону.


Бегали Қосимов,
профессор 

(давоми бор)
ziyouz.uz’дан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тарихда бугун: Исмоилбек Гаспринский вафот этди

2480 13:30 24.09.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (охирги қисм)

2798 23:00 19.05.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (5-қисм)

2895 23:00 06.05.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (4-қисм)

2765 08:00 06.05.2021

«Исмоилбек Гаспринский жаноблари…»  (3-қисм)

2150 22:00 04.05.2021
« Орқага