Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун лойиҳасида "исломий молия хизматлари" тушунчаси илк бора қонунчиликка киритилмоқда. Бунда стандартлар, шу жумладан, исломий молиялаштиришни амалга ошириш қоидалари ва принципларининг манбаси сифатида халқаро ташкилотлардан "Ислом молия институтлари учун Бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти" ва "Исломий молия хизматлари кенгаши" томонидан белгиланиши кўзда тутилган. Марказий банк исломий молиялаш стандартларини белгиловчи халқаро ташкилотларнинг қоидалари асосида исломий хизматлар кўрсатиш тартибини ишлаб чиқиши белгиланган.
Албатта, қонунчиликдаги ушбу ўзгаришлар Ислом молияси мамлакатимизда ҳуқуқий статус олаётганидан дарак беради. Аммо, Ислом молиявий хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи фақатгина нобанк ва микромолиялаш ташкилотларига берилаётгани Ислом молиясининг ривожи учун тўлақонли ечим эмаслигини таъкидлаш лозим. Сабаби, Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш институтларининг актив ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг молия секторидаги улуши атиги 0,29% ни ташкил қилади.
Қабул қилинган Қонун экспертлар гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилганди ва қуйидаги сабабларга кўра Ислом молияси ривожига тўлақонли хизмат қилмайди деган хулоса берилган эди:
- Қонун лойиҳаси бўйича аҳолидан омонат қабул қилиш ва уларни ислом молияси тамойиллари асосида инвестиция (масалан мудораба) қилиш имконияти йўқ;
- Ислом молияси асосий маҳсулотларидан бўлган шериклик (мушорака) ва талаб асосида молиялаштириш (истисна) фаолияти чекланган;
- Ижара фаолияти чекланган, хусусан жисмоний шахсларга ижарага маҳсулот бериш имконияти кўзда тутилмаган;
- Берилиши мумкин бўлган максимал маблағ (50 млн. сўм) тадбиркорлик билан шуғулланишга тўлиқ имкон бермайди (бу маблағ ҳатто 5 минг долларга ҳам тенг эмас);
- Ислом молияси тамойиллари асосида узоқ муддатли уй сотиб олишни молиялаштириш (мушорака мутанақиса) имкони мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга Исломий молиялаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш учун 265 минг доллар техник ёрдам гранти ажратганди. Ушбу грант асосида ишлаб чиқиладиган янги қонун лойиҳасида юқоридаги камчиликлар бартараф этилади деб умид қиламиз.
Музаффар Ҳусниддинов,
Azon.uz сайтининг Исломий молия бўйича эксперти.