Диний либос тушунчаси ўзи нима: муаммо, сабаб ва ечим. Бу тушунча қонунчиликдан буткул олиб ташланяптими?
«Фикрат» таҳлилий дастурининг галдаги сонида Миллий тикланиш демократик партияси депутати Алишер Ҳамроев билан суҳбатимиз айнан шу каби масалалар ҳақида бўлди.
— Нима учун диний либос тушунчаси шу пайтгача қонунчиликдан олиб ташланмаган?
— Бу сиёсат масаласи. Хоҳлаймизми-йўқми, мустақил бўлгунимизга қадар жамиятда дин — афюн деб тарғиб қилиниб келинди. Мустақилликка қадам қўйишимиз билан фундаменталистик гуруҳларнинг нигоҳида бўлдик.
Дастлаб мустақиллигимизни мустаҳкамлаб ва оёққа туришимизга қадар шундай фундаментал кучларнинг таъсиридан ўзимизни ҳимоя қилиб турдик. Йиллар давомида жипслашдик, давлатимиз мустаҳкамланди. Энди эса уни ривожлантириш давридамиз. Шунингдек, давлатни биз яна бир янги тараққиёт босқичига олиб чиқмоқчимиз. Булар эса ислоҳотларсиз бўлмайди.
Ислоҳот, аввало, қалбдан, соғлом ғоя ва фикрдан бошланади. Бунда бизнинг суянадиган миллий қадриятларимиздан энг каттаси бу — диний қадрият. Шу боис ҳам бугунги ислоҳотларимиз замирида диний қадриятлар устувор. Шу сабабли виждон эркинлиги тўғрисидаги нормалар қайтадан кўриб чиқилмоқда. Динни миллатнинг қалби, ғояси ва қадриятига таъсирини яхши англаганимиз сабабли биз аввалги нормаларни қайта кўриб чиқа бошладик. Бу, албатта, яхши натижалар беряпти.
— Диний либос тушунчасига қандай қарайсиз?
— Исломда ибодат либоси ёки диний либос ҳеч қачон бўлмаган ва ибодатга жуда халқчил ёндашилган. Яъни аврат ёпиқ бўлиши керак. Бироқ бошқа динларда диний либосда қатъий талаблар бор ва улар диний уставларда белгилаб қўйилган. Исломда эса бу нарса йўқ. Шунинг учун ибодат либоси сифатида ҳеч қандай талаблар ҳам йўқ.
Хусусан, салла масаласини ибодат либоси деб айтганлар жуда кўп бўлди. Лекин манбаларни изланиш давомида шунга амин бўлдикки, салла аслида мусулмон жангчи ёки мусофирнинг кафани ҳисобланган. Яъни, бошга ўралса тоза турган. У вафот этадиган бўлса саллани кафан сифатида ўраб, дафн қилганлар. Ўша пайтларда мусулмон мусулмоннинг гўрини ковлаши ва майитини ювиши унчалик оғир иш бўлмаган. Лекин булар орасида қийматли нарса бу — кафан бўлган. Сабаби у пайтда тўқимачилик унчалик ривожланмаган. Шунинг учун кафанлик матолар қиммат бўлган. Шу боис мусулмон сафарга чиқса, ўзининг кафанлигини бошига салла қилиб ўраб юрган.
Қонунчиликда шу соҳанинг йўналишини белгилайдиган қонун бу “Виждон эркинлиги” ва “Диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасидан чиқиб кетди. Аммо “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексда ҳали ҳам мавжуд. Кодекснинг мавзуга алоқадор моддаси қайта ишлаб чиқиляпти. Бу масала бўйича экспертлар ва депутатлар таклифлар киритмоқда.
Бизнинг фракция диний либос тушунчасини қонунчиликдан чиқариш керак деган ғояни илгари суриб боряпмиз. Энди бу бошқа депутатлар томонидан бизни қанчалик қўллаб-қувватлашига боғлиқ.
— Фракция томонидан қандай таклифлар илгари сурилмоқда?
— Таклифлар талайгина. Хусусан, улардан бири сайловолди дастуримизга киритилган таклифлардан бири бу — Ислом банки ёки Ислом молияси тўғрисида. Маълумки, Ислом динида берилган қарзга фоиз олиш ҳаром ҳисобланади. Лекин бутун дунёда банк тизими шу асосда қурилгани боис, биз хоҳлаймизми-йўқми ўша банк билан муносабат қилишга мажбурмиз. Бугунги кунда жаҳон банк тизими ўзгармаса ҳам бизнинг банк тизимимиз бундан воз кечмаган ҳолда параллел равишда Ислом банки ёки Ислом молияси тизимини таклиф қиляпмиз. Таклифимиз кўпчиликка маъқул. Аммо бунга катта реформа, пухта ишлаб чиқилган норматив ҳужжатлар керак.
Биз ҳозир инвестициялар ҳақида кўп гапиряпмиз. Иқтисодиётнинг айрим соҳаларига инвестиция жараёни ҳақиқатдан ҳам зарур. Лекин инвестиция сўзининг асли диний сўз эканлигини ҳали ҳеч ким ўйлаб кўрмаган. Ҳа, албатта, бу Ислом динига хос сўз эмас. Бу христиан динидан олинган бўлиб инвестиция — “кийинтираманʼʼ, “ясантираманʼʼ деган маъноларни англатадиган диний маросимнинг номи. Шунингдек, Рим папасининг диний маросими ҳам “инвестиция” деб аталган. Кейинчалик бу иқтисодиёт ва бошқа соҳаларга кўчган.
Энди Ислом ғоясининг мақсади инвестиция, яъни пул қарз олиш, аммо фоиз олмаслик сиз билан бўлган барча мағлубият ва муваффақиятларни ҳам баробар баҳам кўришдир.
Ислом молияси ёки Ислом банк тизими ҳозирги ўйлаб топилган инвестиция проектларидан ҳам соддароқ ва қулайроқдир. Аслида, инвестициянинг ҳам кредитнинг ҳам мақсади фойда кўриш. Агар биз бу тизимни йўлга қўйсак, қарз берувчи бу фоиз оладиган судхўр эмас, балки ҳар қандай вазиятда ҳам қарз олувчининг олдида турадиган шахсга айланади. Бизда ҳозирги замонавий ҳуқуқ тизимини чуқур биладиган ҳамда диний фиқҳ, ақида каби ҳолатларни ҳам тушунадиган мутахассислар жуда камайиб кетди.
Менинг фикримча, Ислом университетларида фиқҳ билан бирга ҳуқуқдан ҳам таълим бериш керак.
Шунингдек, Юридик университетларида замонавий ҳуқуқ билан бирга ислом, шариат бўйича дастурларни кўпайтирсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Никоҳ масаласига келсак, ҳозирги кунда юртимизда ажримлар кўпайиб кетганлиги бу жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан биридир.
Ажримдан кейин фарзандли ёки фарзандсиз аёлнинг ижтимоий ҳимояси жуда қийин ва муаммоли масала. Қонунда буни олдини олиш учун никоҳ шартномаси тузилган, аммо кўпчилик буни рад этади ва бажармайди.
Исломда бу масалада никоҳдан олдин маҳр талаб қилинган ва манбаларга кўра, маҳр қийматли бўлиниши талаб этилган - шундагина имом маҳрни қабул қилган.
Ўйлайманки, агар маҳр никоҳни қайд қилиш жараёнида расман маҳр тўғрисидаги маълумотнома билан қабул килинса ажримлар сони оз бўлсада камаяди.