Ироқ Олий суд ҳокимияти Швецияда Қуръонни ёқиб юборган асли ироқлик Салван Момиканинг мамлакатга экстрадиция қилиниши ва судга тортилиши учун барча чораларни кўради.
Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қилинган ёзма баёнотда, Қуръонга қарши қилинган бу ҳаракат қоралангани билдирилганди.
Ироқ расмий хабар агентлиги INA хабарига кўра, Олий суд кенгаши раиси Фоиқ Зайдан Швециянинг пойтахти Стокголмда Қуръонни ёқиб юборган ироқликни ўлкага қайтариш ва судга тортиш учун зарур қонуний чоралар кўриш ҳақида кўрсатма берган.
“Бу ҳаракат мусулмонларга қарши провокациядир, биз халқаро ҳамжамиятни ҳар қандай экстремизмга қарши масъулиятни ўз зиммамизга олишга чақирамиз. Швеция расмийлари ушбу ҳаракатга рухсат бергани ажабланарли”, дейди Зайдан.
Ироқдаги шиа диний ва сиёсий етакчиси Муқтада ас-Садр ҳам Қуръонга нисбатан қилинган бундай номақбул ҳаракат туфайли Швециянинг Бағдоддаги элчисини чиқариб юбориш ва элчихона олдида намойиш ўтказишга чақирди.
Қурбон ҳайити байрами куни жамоатчилик кўз ўнгида муқаддас Қуръони каримни каримни топтаб, тепиб, сўнгра ёқиб юборган разил кимса ўзининг атеистлигини ва “Исломга, мусулмонларга бўлган нафрати” туфайли шундай қилаётганини таъкидлаган. Бироқ, таҳлилчиларга кўра, мазкур пасткашлик ортида Швециянинг НАТОга қўшилишига қарши кучлар (биринчи ўринда Россия) турган бўлиши эҳтимоли юқори. Бошқа бир талқинга кўра, Швецияда мусулмонларга қарши қонунлар чиқариш олдидан уларнинг диний туёғуларини топтаб, уларни қуюшқондан чиқариш ва кейин исломофоб руҳдаги қонунларни қабул қилишга йўл очиш нияти бўлиши ҳам мумкин. Чунки атеистларнинг нафрати бошқа динларга эмас, айнан исломга қаратилгани ҳам бежизмас. Салван Момика ҳам ўша воқеадан кейин минглаб таҳдидли хабарлар қабул қилиб олганини таъкидлаган.
Маълумот сифатида айтиш мумкинки, демократияси билан мақтанадиган Швецияда Тавротни ёқиб юбориш жиноят саналади.
Салван Момиканинг Қуръони каримга нисбатан қилган ҳақоратли ҳаракатлари нафақат мусулмон давлатлар, балки дунёнинг бошқа бир қатор мамлакатларида қораланмоқда.
Туркия ҳукумати эса Швециянинг НАТОга киришига изн бериш масаласи ҳозирча кўриб чиқилмаслигини билдирган.