VIII асрда Англия бир қатор қиролликларга бўлиниб кетган, уларнинг орасида энг йириги ва энг кўзга кўрингани Мерсия қироллиги ҳозирги Лондон шаҳрини ҳам ўз ичига олган эди.
Ўша даврда аббосийлар дунё миқёсидаги қудратли давлат бўлиб, уларнинг тангалари бутун жаҳон бўйлаб (худди бугунги кундаги АҚШ долларидек) савдо валютаси ҳисобланарди.
Мерсия қироли Оффа (796 йилда вафот этган) ўз салтанатининг қудратини намойиш қилиш ва эҳтимол мусулмон Андалус билан савдо-сотиққа таъсир кўрсатишни хоҳлаган, шунинг учун аббосийлар услуби ва нақшлари билан ўз номидан танга зарб этишни буюради.
Қуйидаги расмда қирол Оффа номидан зарб қилинган тангаларда шаҳодат калимасини ёзишга уринишни яққол кўришингиз мумкин, аммо танга ишлаб чиқарувчилар араб тилини билмагани сабабли баъзи ҳарфларнинг жойларида айрим хатолар бор (масалан, улар «Расулуллоҳ» сўзини тўғри тарзда такрорлай олмаган).
Танганинг иккинчи томонига эса лотин ёзувида "Қирол Оффа" деб ёзилган.
Аллоҳ таоло баъзан цивилизацияларни бошқасидан кучли қилиб қўяди, чунки У ал-Муъизз (азиз қилувчи) ва ал-Музилл (хор қилувчи)дир.
Бир пайтлар мусулмон олами шу қадар қудратли ва ҳурматли эдики, Европа шоҳлари мусулмонларнинг санъати ва меъморчилиги, нақшлари ва тангаларидан ўзларининг қудрати ва ютуқларини намойиш қилиш учун фойдаланарди.
Бугун сув тескари оқмоқда, аммо бу Аллоҳнинг суннатидир.
Аслида цивилизациянинг кучидан ҳам муҳимроқ нарса бу иймоннинг ва хулқ-атворининг тўғрилигидир. Мана шу билан ислом ва мусулмонлар ҳар доим бошқа цивилизациялардан устун бўлади.
"Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз" (“Оли Имрон” сураси, 140-оят).
(с) Др. Ёсир Қози
Саидкомил Холхўжаев тайёрлади