(Танловга келган мақола)
Мадинаи Мунавваранинг яшил гавҳари – яшил қубба.
Ушбу гумбаз Султон Маҳмуд II даврида ўзининг сўнгги кўринишига эга бўлган. Гумбаз устидаги олтин туғ Султон Абдулҳамид II нинг туҳфаси саналади.
Қуббанинг остида эса, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган жойлари, вафотларидан сўнг эса оромгоҳлари бўлган табаррук маскан – ҳужраи саодат жойлашган.
Бу шарафли хона ва унинг атрофи бугунги кунда "Ҳарам" ва "Салам" деб аталган икки қисмга ажралган.
Ичкари қисмидаги эшиги ҳам, деразаси ҳам бўлмаган хонада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ва Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу дафн этилган ҳужраи мутаҳҳаро жойлашган.
Байтус Саодатни муҳофаза қилиш учун Умар ибн абдулазиз розияллоҳу анҳу томонидан қурдирилган ва Кабаи Муаззамага ўхшаб қолмаслиги учун беш бурчак қилиб атрофи ўраб олинган девор мавжуд. Бу девор ҳозирги кунда ҳам шундай ҳолатда сақланиб қолган.
Мувожаҳайи шарифа — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бериладиган жой. Бу ердаги "Тавба" эшиги устида Усмон Ғозийдан бошлаб то Султон Аҳмад II'гача бўлган Усмонли султонларнинг исмлари битилган кумуш лавҳа мавжуд.
Равзайи Мутаҳҳаронинг рўпарасидаги бурчагида ёзилган ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларга гўзал хушхабар беради: "Уйим билан минбарим орасида жаннат боғларидан бир боғ бор. Минбарим ҳавзим устидадир".
Бу Ҳазрат Оишаи Сиддиқа онамиз розияллоҳу анҳонинг эшиклари.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжиди Набавийга кириш ва чиқишларида шу эшикдан фойдаланар эдилар.
Бу таҳажжуд эшиги ва таҳажжуд Меҳроби.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозларини шу жойда ўқирдилар.
Таҳажжуд Меҳроби сўнгги бор Султон Абдулмажид даврида янгиланган бўлиб, 1980 йилда усти ёпилиб, чинни кошинлар билан безатилган.
Бу Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳонинг эшиклари. Ичкарига киришимиз билан Ҳазрати Фотиманинг қабрлари бизни қарши олади. Устидаги ёпинчиққа "Бу Ҳазрати Фотиманинг қабридир" деб ёзилган.
Ҳужраи Саодатнинг Ҳарам қисмига ўтиш эшиги ҳурмат маъносида эгилиб кирилиши учун атайлаб кичкина қилинган.
Ҳужраи Саодат ёпинчиғи (Кисваи Саодат), беш бурчак девор устига тўлиқ ёпилгандир.
Бу ерга илк ёпинчиқни Ҳорун ар-Рашиднинг оналари остирган.
Яшил гумбаз ҳужраи Саодатнинг шундоққина устида жойлашган.
Келинг энди жануб яъни қибла томон – Муважжаҳаи Шариф панжараларининг орқа томонига қараб юрамиз.
Қибла тарафидаги деворда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Ҳазрат Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг исмлари ёзилган ёпинчиқ осилган.
Равзаи Мутаҳҳара томонида калимаи тавҳид ёзилган ёпинчиқ эса Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари томонига ишора қилади.
Кичик эшикдан эгилган ҳолатда, таъзим ва ҳурмат билан "Салом" қисмига ўтилади.
"Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтишади. Эй иймон келтирганлар, унга салавот айтинглар ва салом йўлланглар" (Аҳзоб суриси, 56-оят).
Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳонинг меҳроблари.
Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳо шу жойда намоз ўқиганлар.
Бу меҳробни Мамлуклар султони Ашраф Қайитбой қурдирган, Қонуний султон Сулаймон уни янгилатган, Абдулҳамидхон II эса чинни кошинлар билан безаттирган.
Бутун оламларга раҳмат бўлиб келган Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли байтлари ва асҳобларига битмас дуруду салавотлар бўлсин!
Даврон Нурмуҳаммад