Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги Ассам ва Мегҳалая штатларининг 28 та туманида юз берган сув тошқинлари оқибатида 13 киши ҳалок бўлганини ва 1,8 миллиондан ортиқ одам сув тошқинидан жабр кўргани ҳақида хабар берган эдик.
Сўнгги маълумотларга қараганда, талофатлар кўлами анча кенгайган ва ҳалок бўлганлар, жабрланганлар сони кескин ортган.
Hindustan Times хабарига кўра, Мегҳалая, Ассам ва Аруначал Прадеш штатларида сув тошқинлари, кўчкилар ва бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 131 нафарга етди.
Ассам штат фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан берилган баёнотда, кеча 11 кишининг ҳаётдан кўз юмган Ассамда 2 нафари бола бўлган 7 кишидан хабар йўқлиги билдирилди.
Баёнотда, ҳаётдан кўз юмган 131 кишидан камида 80 нафарининг Ассамдан эканлиги билдирилди. Ассам штатидаги 36 та тумандан 32 тасида 4,7 миллион киши сув тошқинидан жабр кўрди.
Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шоҳ Ассам ва Мегҳалаяга вазиятни баҳолаш учун тошқиндан махсус ишчи-гуруҳи боришини айтди.
Жанубий Осиёда июнь-сентябрь ойларида фаоллашадиган муссон ёмғирлари, айниқса, ҳар йили Ҳиндистонда кенг кўламли табиий офатлар ва бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлади.