Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳасадчи ва ноҳақ кимсаларнинг танқидларидан ранжиманг

1528

Ҳасадчиларнинг ҳасад ва танқидларига сабр қилсангиз, ажр ва мукофотга эришасиз. Қолаверса, уларнинг танқидлари сизнинг қийматингизни оширади. Зеро қадрсиз одамга ҳеч ким ҳасад қилмайди.

Шеър:

Фақат буюкларга қилинар ҳасад,
Разил кимсаларга ҳасад не ҳожат.

 Шеър:

Улуғ иш уларга қилмади насиб,
Шу боис бўлишди душману рақиб.
Гўзал юзни кўриб ҳунук дейишар,
Ҳатто бир-бирига ғаламис улар. 

Шеър:

Неъматга бурканган, маҳбуб бўлса ким,
Ҳасаду маломат қилинар доим.

 Шеър:

Одамлар ўликка ҳасад қиларлар,
Ҳатто ўлимга ҳам, во ажаб улар.
Бу нарса ҳамманинг бошида бўлса,
Бу мендан қандайин мосуво бўлар.

Шеър:

Ғийбат қилишди деб этма шикоят,
Кимки буюк бўлса, қилишар ҳасад.
Эй инсон, билгинки, сен азим дарё,
Итнинг оғзи текса, булғамас шоят.

Шеър:

Йигит зафар қучиб, осмонга етса,
Юлдуз мисолида душманлар бўлар.
Ўқлар ёғдирарлар камондан унга
Лекин етолмаслар етганча қўллар.

Ҳазрати Мусо (алайҳиссалом) одамлар мени ёмонлашдан тилларини тийсинлар деб Парвардигорга илтижо қилганларида Аллоҳ  таоло бундай деди: “Эй Мусо, сен сўраган нарсани ҳатто Мен Ўзим учун ҳам қилмаганман. Улар Мени сўкиб, ҳақорат қилсалар ҳам, уларни йўқ қилмайман, ризқларини ҳам беравераман”.

Саҳиҳ ҳадислардан бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло деди: "Одам болалари Мени сўкиб ҳақоратлар қилдилар. Ваҳоланки, уларнинг бунга ҳақлари йўқ эди. Мени сўкиб маломат қилишларига келсак, улар замонни сўкадилар, замон эса Менман. Кеча-кундузни ўзим истагандек айлантириб тураман. Мени ҳақорат қилганларига келсак, улар Аллоҳнинг хотини ва боласи бор, дерлар. Мен эса хотин ва боладан покман”.

Зеро, сиз одамларнинг тилларини тия олмайсиз, обрўйингизни тўкишларидан қайтариш қўлингиздан келмайди. Аммо сизда уларга яхшилик қилиш, уларнинг сўзларидан ва танқидларидан юз ўгириш имконияти бор.

Шеър:

Ҳасадчи гапирса ноҳақ гапларин,
“Мендан ўтиб кетгин”, дейман бу гапга.
Одамлар у билан айблашса гар чин,
У менга тегмайди, бўлмайди тамға.

 Шеър:

Баъзан ақли пастлар қилса ҳақорат,
Дейман: “Менгамас бу бўҳтону туҳмат”.

Шеър:

Аҳмоқ гапирганда, жим бўлишин кут
Жавоб қайтармагин, жавоби – сукут.

 Ғарб адибларидан бири бундай деган эди: “Сиз тўғри ишни қилингда, сўнгра ҳар қандай пасткаш танқиддан юз ўгиринг”.

Паст ва арзимас одамлар ақлли ва зиёлилардан айб излашади.

Шеър:

Эҳсонларим зарра саналса риё,
Ундан кўра гуноҳ қилганим авло.

Кўпинча давлатманд одам изтиробда яшайди. Агар уларнинг насибалари камайса, қон босимлари ошади. Аксинча, насибалари кўпайса, қон босимлари жойига келади.

 “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой! У мол-дунёни йиғиб уни санагани-санаган ва моли (бойлиги) уни абадий қолдиради деб ўйлайдиган кимсадир. Йўқ! Қасамки, албатта, у “Ҳутома”га ташланур!” (Ҳумаза сураси, 1 – 4-оятлар).

Ғарб адибларидан бири бундай дейди: “Тўғрисини қил. Кейин қўпол танқидларга орқангни тут”.

Сизни ранжитадиган сўз, мақола ёки шеърга жавоб қилманг! Чунки танқидни кўтара олиш айбларни яширишдир, ҳалимлик – азизлик, сукут – душманларни енгиш, кечириш – савоб ва шарафдир. Сиз ҳақингиздаги танқидни ўқиганларнинг ярми уни унутдилар. Қолган ярми уни ўқигани ҳам йўқ. Бошқалар эса сиз ёзадиган раддиянинг сабабини ҳам, масала нима ҳақида эканини ҳам билмайди. Шундай экан, раддия бериш билан ўзингиз уни қўзғаб, чуқурлаштиришнинг нима фойдаси бор?

Ҳукамолардан бири бундай деган эди: “Одамлар ўзларининг бир бурда нонларини излаш билан шу қадар машғул, дунёда сиз билан биз борлигимизни ҳам унутганлар. Ҳеч шак-шубҳасиз, улар ташналикларини қондириш учун бир қултум сув топиш билан овора бўлиб, сиз билан бизни дунёдан ўтиб кетганимизни ҳам билмай  қолаверадилар”.

 Шеър:

Улфатларинг олдида қайғунгни яшир,
Билсанг, улар фитначи ва ҳасадчидир.

Арпа унидан ёпилган нони ва хотиржамлиги бор уй турли-туман  ноз-неъматлар  билан  тўла,  лекин  ҳаловатсиз, саранжомсиз уйдан яхшироқдир.

"Ўкинма" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Фазилатларга эришиш йўллари

2640 23:00 22.11.2019

Мусибатдан ҳам мўминга фойда бор

2488 23:00 19.11.2019

Қасос – ғазабланган кишини ўлдирадиган заҳардир

1949 23:20 15.11.2019

Аллоҳнинг Расули саҳобаларига ўргатган дуолар...

3433 23:00 13.11.2019

Ўткинчи шон-шараф

2010 23:00 11.11.2019

Бошқаларга эътиборли бўлинг!

2645 23:00 09.11.2019
« Орқага