Муҳаддис, муфассир ва ёзувчи Шиҳобуддин Абус-Санаъ Маҳмуд ибн Абдуллоҳ Ал-Ҳусайний ал-Алусий 1802 йилда (ҳижрий 1217) Бағдодда туғилиб, умрининг кўп қисмини шу ерда ўтказган.
Имом Алусий ўз китобининг муқаддимасида ёшлигиданоқ Аллоҳ таолонинг китобида яширинган сирларни очишга ҳаракат қилгани ва доимо илм булоғидан ичишга интилганини ёзади.
Шунингдек, у кўп уйқусиз тунларини бошқа олимлар ўз китобларида ўтказиб юборган муҳим нуқталарни излагани, Қуръон гавҳарларини топиш учун оиласи билан кўп вақт бирга бўла олмагани, тенгдошлари каби вақтини томошаларда ўтказмаганини ёзади.
У ўзида бор билимларни тўплайдиган китоб ёзиш фикрида бўлган, бироқ унинг қандай асар бўлиши борасида бир тўхтамга кела олмаган. 1252 йил ражаб ойининг жума оқшомларидан бирида имом Алусий туш кўради. Тушида Аллоҳ таоло унга ер ва осмонни тикиб қўйишни буюради. У тушида бир қўлини осмонга, иккинчи қўлини сувга солганини ёзиб қолдирган.
Тушида кўрган нарса унинг учун ҳаётида муҳим воқеа бўлди ва у бу тушнинг оқилона таъбирини излай бошлади. У китоблардан бирида бу Қуръон тафсири ёзилишига далолат эканини аниқлади ва ўша йили шаъбон ойининг ўн олтинчи кечасида китоб ёзишга киришди.
Ўша пайтда у 34 ёшда эди. Бу Маҳмудхон ибн Абдулҳамидхон ҳукмронлиги даври эди. Бу китобнинг якунида Алусий уни ҳижрий 1267 йил рабиул-охир ойининг йигирма олтинчиси, сешанбага ўтар кечаси тугатганини ёзади. Бу китобни тугатгандан сўнг «Руҳул-маъоний фи тафсирил-Қуръонил-Азим вас-Субуъил-Масаний» деб номлади.
Имом Алусий 23 ёшлигидаёқ китоблар, жумладан, «Шарҳ Қутуз Ан-Нади ли-Ибн Ҳишом» китобига кичик шарҳ ёзган, турли мадрасаларда дарс берган, ҳижрий 1248 йилда Бағдодда ҳанафий мазҳаби бўйича муфтий этиб тайинланган. Шайх Абдуллоҳ Ақулий мадрасаси ёнидаги уйида турли фанлардан сабоқ берган. Унинг дарсларида кўплаб маҳаллий ва мусофир талабалар таълим олишган.
Имом Маҳмуд Алусий мазҳаблар орасидаги ихтилофларни яхши тушунган. Ўзи Шофеъий мазҳабида бўлсада, кўп масалаларда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашган.
Имом Ал-Алусий Бағдод уламоларининг шайхи бўлди. У турли фанларни ўрганди, кўп илм олди ва илмларнинг асос ва соҳаларидан яхши хабардор бўлган олим, яхши муҳаддис, Аллоҳ таоло китобининг муфассирига айланди.
Имом Алусий муҳтож шогирдларига кийим-кечак ва озиқ-овқат билан ёрдам бериб, уларни ўз уйининг энг яхши хоналарига жойлаштирган эди. Бундай хизматлари учун ҳам кўпчиликнинг унга муҳаббати баланд эди. У насрда, грамматикада ва нотиқликда тенги йўқ аллома эди.
Шунингдек, Имом Алусий ҳақиқат учун курашиб, ёлғондан узоқ бўлган. У ўша давр одамлари орасида илдиз отган хурофотларга қарши шафқатсиз кураш олиб борган. Ботил ақидаларнинг асосларини ларзага келтирган рисолалар ёзган. Динни унга ёпишган бидъатлардан тозалашга ҳаракат қилган диний етакчи сифатида танилган.
Имом Алусий ажойиб қувваи ҳофизага эга эди. У: “Менинг хотирам мени ҳеч қачон панд бермаган. Ҳар сафар қийин савол ёки муаммо пайдо бўлганда, мен ўз хотирамга мурожаат қилар ва жавоб топар эдим”, дер эди.
Имом Алусий доимо ҳақ сўзлаган, ҳеч қачон ҳақдан қайтмаган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий амал қилган, гумонлардан сақланган ва барчани тўғри динга даъват қилган муттақий зотлардан эди.
Ҳаммасидан ҳам у Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига хизмат қилишни яхши кўрар эди. Зеро, Қуръон ва суннат барча илм ва илмларнинг манбаси бўлиб, олимлар барча ишларда шу манбаларга таянадилар.
1845 (ҳижрий 1262) йилда Имом Алусий Абдий Пошо билан бирга Мосулга, у ердан Мардин ва Диёрбакирга, сўнгра Эрзирум, Сивас ва Истанбулга бориб, у ерда уни кўришга жуда иштиёқманд таниқли олим ва адиблар билан учрашди.
Имом Алусий тафсир, фиқҳ, мантиқ ва араб тилига оид кўплаб асарлар ёзиб, ўзидан улкан илмий мерос қолдирган. «Руҳул-маъоний фи тафсири Қуръонил-Азим вас-Субуъил-Масоний», «Нашватуш-шумул фи-с-сафар ила Исломбул», «Нашватул-мудам фи-л-ъавди ила Дарис-Салом», «Ғароибул-иғтироб», «Дақойиқут-тафсир», “Ҳаридатул-ғайбия», «Ал-Мақолот», «Ҳошия ъала Шарҳил-Қатар» асарлари шулар жумласидандир.
Бу рўйхатнинг бошида унинг «Руҳул-маъоний фи тафсири Қуръонил-Азим вас-Субуъил-Масоний» тафсир китоби туради. Муаллиф ушбу китоб таълифида салаф олимларнинг фикрлари ва кейинги уламоларнинг мулоҳазаларини киритишга бор куч-ғайратини сарфлаб, келтирилган матнларнинг тўғрилигига алоҳида эътибор берган. Уламолар ушбу китобда ундан олдин ёзилган барча тафсирларнинг қисқача мазмуни мавжуд, дейишади.
Имом Алусий тафсири уламолар томонидан юқори баҳоланган ва бошқа тафсирларни ёзишда манба сифатида фойдаланилган. Ибн Ашур фикрича, услуби, илмий изоҳлари ва назарий тадқиқотлари жиҳатидан Алусий тафсири Фахриддин ар-Розий асарига ўхшайди.
Имом Алусий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 1270 (1854) Зулқаъда ойининг йигирма бешида, жума куни вафот этди. У Бағдодда машҳур сўфий шайх Маъруф ал-Кархий қабри ёнига дафн этилган.
Ёқуб Умар тайёрлади