Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Грузиядаги намойишларнинг моҳияти ҳақида

785

Аввал хабар берганимиздек, 7 март куни Грузия парламенти “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган еди. Бу парламент биноси олдида беш мингдан ўн минггача одам тўпланган оммавий норозиликларга олиб келди. 

Намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. Полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар қўллади. 9 март ҳолатига эса “Грузия орзуси” партияси ва “Халқ кучи” жамоат ҳаракати биринчи ўқишда қабул қилинган “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олди.

Намойишчилар ўз мақсадига эришди. 

Улар мазкур қонун лойиҳаси Грузиядаги инсон ҳуқуқларини жиддий чеклаши, демократик ислоҳотларни ортга суриши, хорижий манбалардан молиялаштириладиган таълим соҳасидаги ҳамда маданий ва технологик лойиҳаларни йўққа чиқариши, Европа Иттифоқига аъзоликка номзод бўлиш йўлидаги музокараларни тўхтатиб қўйишини таъкидлашди. Бу қонун лойиҳаси Россия Федерациясида қабул қилинган “хорижий агентлар” ҳақидаги демократияга қарши қонунга жуда ўхшаб кетишига асосланиб, Россиянинг хуфёна жосуслари орқали Грузияга сингдирилаётган қонун экани ҳақида бонг уришди.

Кейинчалик эса Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “Грузиядаги тартибсизликларга Россиянинг алоқаси йўқ”, деган баёнот билан чиқди.

Шу ўринда савол туғилади: нега бу қонун айни даврда Грузия ҳукуматига тўсатдан керак бўлиб қолди? Улар собиқ президент ва мухолифатчи Михаил Саакашвили ва унинг тарафдорларидан ўзларини ҳимоя қилишмоқчи эдими? Нега халқ бу қонун лойиҳасидан бунчалик ғазабланиб кетди?

AzonTV да эфирга берилган «Фикрат» таҳлилий дастурида сиёсатшунос Абдували Сойибназаров билан ўтказилган суҳбатда шундай саволлар юзасидан фикр алмашилди.

- Биласизми, бундай жараённи Грузия энди босиб ўтяпти, дейди Абдували Сойибназаров. – Ўзбекистонда нодавлат-нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун 2005 йилда қабул қилинган эди. Ўшанда Ўзбекистон раҳбарияти нодавлат ташкилотларнинг АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилишини ўзига хавф деб билганди. 

Грузия ҳукумати ҳам балки шу вазиятнинг олдини олишга ҳаракат қилгандир. Грузиядаги нодавлат ташкилотларнинг хориждан молиялаштирилиши мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин, деб ҳисоблагандир. 

Иккинчи жиҳатдан, Россиянинг Грузия ҳудудининг бир қисмини – Абхазия ва Жанубий Осетияни босиб олгани учун Грузиядаги мухолифатчилар шу йўл билан Россия таъсирини камайтириш, ундан ўзига хос ўч олишни мақсад қилган бўлиши мумкин.

Ғарбни хавотирга солаётган яна бир нарса бор. Улар “Грузия орзуси” партиясини россияпараст куч, деб билишади. Чунки бу партия ортида Бидзина Иванишвили турибди. Иванишвили Россия фуқароси бўлган, ҳозир ҳам рус паспортидан воз кечмаган бўлса керак. У Россиядан Грузияга кўчиб келиб “Грузия орзуси” партиясига асос солган. Шу боис уни Кремлнинг махфий агенти, деб гумон қилишади. Иванишвили Грузияда бевосита лавозимларга эга бўлмасада, “Грузия орзуси” партиясининг паламентдаги фракцияси орқали ҳукуматга таъсир кўрсата олади.

Демак, бу қонун қабул қилинишига интилаётган сиёсий кучларнинг асосий мақсадлари, аввало – Грузияни Россия Украина урушига аралаштирмаслик, Украинага бирор-бир ёрдам берилишига йўл қўймаслик, иккинчидан эса Грузиянинг Европа Иттиифоқи ва НАТОга киришига тўсиқ қўйишдан иборат.

Бу ўз самарасини беряпти. Масалан Украина ва бошқа давлатларга Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақоми берилмоқда, лекин Грузияга келганда, уни охирги пайтларда демократик ислоҳотлардан четга чиқишда айблашяпти. Европа Иттифоқи ўтказадиган саммит ва мажлисларга олдингидек тез-тез таклиф этишмаяпти. Бу мисоллардан кўриниб турганидек, “Грузия орзуси” партияси ўз режаларини амалга оширмоқда. Грузия халқи шунинг олдини  олиш учун кўчага чиқди, дея фикр билдирди Абдували Сойибназаров.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7425 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага