“Грузия орзуси” партияси ва “Халқ кучи” жамоат ҳаракати биринчи ўқишда қабул қилинган “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олиш қарори юзасидан баёнот берди.
Баёнотда айтилишича, қонун лойиҳаси жамиятда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. “Ёлғон машинаси” қонун лойиҳасини салбий жиҳатдан талқин этиб, аҳолининг маълум бир қисмини чалғитишга муваффақ бўлди. Қонун лойиҳасига “Россия қонуни” деган сохьта тамға қўйилди ва унинг биринчи ўқишда қабул қилиниши жамоатчиликнинг бир қисми назарида Европа йўналишидан чекиниш сифатида кўрсатилди”, деди қонун лойтиҳасининг ташаббускорлари бўлмиш партия аъзолари.
“Биз жамиятнинг ҳар бир аъзоси олдида масъул ҳукумат сифатида ўзимиз қўллаб-қувватлаган қонун лойиҳасини ҳеч қандай изоҳларсиз сўзсиз қайтариб олишга қарор қилдик”, дейилади баёнотда.
7 март куни кечқурун Грузия парламенти “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу парламент биноси олдида беш мингдан ўн минггача одам тўпланган оммавий норозиликларга олиб келди.
Намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган, натижада хавфсизлик кучлари кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар ишлатган. Кўздан ёш оқизувчи газдан жабр кўрган намойишчиларга ёрдам кўрсатиш учун Тбилиси марказига тез ёрдам машиналари юборилгани маълум қилинди. Грузия Ички ишлар вазирлиги жароҳатланган намойишчилар ҳақида маълумот бермади, 66 киши ҳибсга олинган.
Paper Kartuli нашрига кўра, Грузия парламенти олдида камида қирқ минг намойишчи тўпланган. Мухолифатдаги “Стратегия Агмашенебели” партияси етакчиси Гиоргий Вашадзе намойишчилар олдида қилган чиқишида Грузия раҳбариятига иккита талабни бажариш учун бир соат вақт бериш қарори қабул қилинганини айтди: “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олиш ва бир кун олдин ҳибсга олинган намойишчиларни озод қилиш.
“Хорижий агентларни рўйхатга олиш тўғрисида”ги иккинчи қонун лойиҳаси 9 март куни Грузия парламентарилари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилиши керак эди. Бироқ, “Кавказ акс-садоси” хабар беришича, у овозга қўйилмайди – у Венеция комиссиясига ялпи мажлисда муҳокама қилинмасдан юборилган.