Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ғорар – ахборотдан етарлича бохабар эмаслик

1587

Ғорар арабчадан бевосита таржима қилинганда “хавф” маъносини билдиради. Мусулмон фиқҳи нуқтаи-назаридан шартномада ғорар унсурининг мавжудлиги уни амалга оширишни бекор қилиши мумкин.

Шариатнинг икки асосий манбаси бўлган - Қуръон ва ҳадисларда “ғорар” тушунчаси аниқ тавсифланмаган. Шунинг билан бирга, айрим ҳадисларда савдолашишнинг бир нечта қоидалари батафсил баён этиб берилган, бунда харидор ва сотувчи ўртасидаги муносабатларда ноаниқлик бутунлай тақиқланган. Масалан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам битим тузиш вақтида сотувчининг қўлида бўлмаган молни сотишни ман этганлар.

Сунан эгалари келтирган ривоятда: «. . . Ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам», дейилган». (www. islom. uz).

Бундан келиб чиқадики, харидорга бериш имкони бўлмаган нарсани сотиш йўқ нарсани сотиш билан баробар ҳисобланади.

Масалан, исломгача бўлган даврда ҳам маълум бўлган олди-сотди шартномаларининг айрим шаклларида айнан ғорар унсурлари мавжудлиги сабабли, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб битимларни бекор қилганлар:

1) Ҳабал ал-ҳабала. Шартнома предмети сифатида онасининг ҳомиласида турган туя ҳисобга олинган:

2) Муломаса. Мазкур шартноманинг шартларига кўра, агар харидор маҳсулотга(одатда матога) қўл теккизиб кўрган бўлса, олинадиган ашёнинг хусусиятлари сотувчи томонидан ўрганишга имкон берилмасдан, сотиб олишга мажбур эди.

3) Мунобаза. Сотувчи матони харидорга ташлар ва гарчи, харидор маҳсулотни кўриб чиқиш имкониятига эга бўлмасада, шу йўл билан матони сотиш амалга оширилар эди. [1]

4) Музобана. Сотувчи ва харидор ўзаро бир-бирлари билан ноэквивалент(номувофиқ) товарларни бартер (айирбошлаш) қилишни амалга оширганлар. Масалан, хом хурмони келгусида сара хурмолар ила қайтариш эвазига берилган, бунда ўлчов миқдори ҳажми бир хил бўлиши талаб ҳам этилмаган.

5) Ҳассот. Битим якуни тош ташлаш билан аниқланган. Масалан, матони сотишда харидорга тошларни ташлаш таклиф этилган. Тош келиб тушган мато харидорга алоҳида имтиёзли нархларда сотилган ва ҳк.

Ушбу шартномаларнинг барчаси ман қилинган бўлиб, улар тасодифга асосланган эди. Харидор баъзан сотилаётган товарнинг сони ва сифати ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган. Савдо мазмуни бўталоқ туғилгач ёки тош матога тушиб бўлгандан кейингина маълум бўлган. Ушбу шартномалардаги ғорар унсурлари кейинда сўз юритиладиган майсир(қимор) унсурлари мавжуд шартномалар билан жуда ҳам ўхшашдир. Яна ҳам аниқроғи, шариат томонидан тақиқланган аксарият шартномаларда нафақат ғорар унсурлари, балки майсир унсурлари ҳам мавжуд бўлган.

Юқорида санаб ўтилган барча шартномаларда ғорарни тақиқлашдан кўзланган мақсад – бир томоннинг иккинчи томонга нисбатан ноҳақ устунликка эга бўлишини олдини олишдан иборатдир(адолат тамойили). Лекин ғорардан мутлақ ҳоли бўлган шартнома тузишнинг иложи борми?

Аниқки, тадбиркорлик фаолиятининг ҳар қандай шаклига хатар ва ноаниқлик ҳамроҳ бўлади. Мусулмон фиқҳи энг аввало, савдо муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқ сифатида вужудга келди ва ривожланди. Яна ҳам аниқроғи, тарафларнинг бири капитал ёки меҳнат сарфламаган ҳолда, фойдага эришишга йўл қўядиган битимларни шариат тан олмайди. Масалан, ссуда фоизи ундиришга қарши йўналтирилган энг салмоқли далиллардан бири, қарз берувчининг қарз олувчига нисбатан кам даражада таваккал қилгани ҳолда, қарз олувчининг меҳнати ҳисобига кафолотланган фойдага эга бўлишга даъвогарлигидир.

Лекин тадбиркорликнинг муқаррар таваккалчилиги ва битим натижасида томонларнинг фақат биригина хатарни ўз бўйнига олиши ҳамда шу орқали зарар кўриш эҳтимоли билан юзма-юз келиши, умуман, бошқа-бошқа нарсалардир. Бошқача айтганда, ҳаммаси ғорарни қандай талқин этилишига боғлиқ. Агар ғорарни ҳар қандай хатар сифатида талқин этиладиган бўлса, у ҳолда унинг ҳар қандай шартномада мавжуд эканлиги ва муқаррарлигини ҳисобга олиш лозим бўлади. Агарда ғорарни ҳаддан ошиқ таваккалчилик сифатида кўриб чиқиладиган бўлса, у ҳолда унинг даражасини баҳолаш фақат мусулмон фиқҳшунослари ваколатига тааллуқлидир.

Мусулмон фиқҳшунослари орасида ҳам мумкин бўлган ва ўта юқори даражадаги ғорар деб номланадиган ғорарлар мавжуд деб ҳисоблайдиганлари талайгинани ташкил этади. Замонавий мусулмон фиқҳшунослигида қабул қилинган тоифалашга мувофиқ, ғорарни қуйидаги шаклларга ёки аниқроғи, даражаларга ажратиш мумкин:

  1. Ортиқча ғорар( ғорар ал-касийр) – ҳар қандай шартномани бекор қилувчи ғорар.

  2. Кам аҳамиятли ғорар( ғорар ал-ясийр) – йўл қўйилиши мумкин бўлган ғорар.

  3. Оралиқ ғорар ( ғорар ал-мутаввассит) – юқоридаги айтиб ўтилган икки ғорарнинг ўртасида бўлувчи ғорар.

Аҳли сунна вал жамоанинг барча фиқҳий мазҳаблари, агар ғорар шартноманинг табиатига кўра, унда аҳамиятли даражада мавжуд бўлса, у ҳолда шартномани қонуний кучидан маҳрум этиши ҳақида якдил фикрдалар[2].

“Ғорар” тушунчаси бўйича энг муросасоз талқин ўрта асрларда йўқ бўлиб кетган зоҳирийлар мактаби вакиллари томонидан берилган эди. Мазкур мактаб вакилларининг фикрларича, у ёки бу шартномада ғорарнинг мавжудлигини аниқлашда ноаниқлик эмас, балки номаълумлик муҳим аҳамиятга эга ҳисобланган. Буюк мусулмон фиқҳшуноси ва ёзувчиси Ибн Ҳазмнинг сўзларига кўра, “олди-сотдидаги ғорар, сотувчи нима сотаётганини ва харидор нимани сотиб олаётганини билмаган вақтда пайдо бўлади”.

Лекин ғорар тўғрисидаги масала моликий мазҳаби намоёндалари томонидан батафсил кўриб чиқилган. Йўл қўйилиши мумкин бўлган ғорар даражаси ўрта асрлар мусулмон фиқҳшуноси Абу Исҳоқ Шотибий томонидан чиройли тарзда далиллар ила ёритиб берилган. Моликий мазҳаби амал қилган ўрта аср Гранадаси аҳолиси ўртасида кенг тарқалган амалиёт мисол учун баён этиб берилади.

Шаҳарликлар ўз чорваларини ўтлатиш учун чўпон ёллашган. Шартнома бўйича чўпон эчкиларни боқар ҳамда уларнинг сутини соғиб олар эди. Олинган маҳсулотлар( сут ва пишлоқ)ни чўпон кейинчалик бозорда сотган. Маҳсулотни бозорга олиб боришдан аввал у ўзидаги мавжуд сут ва пишлоқларни бирлаштирар, сотишдан тушган тушумни Гранада аҳолиси ўртасида ўз хизмат ҳақини чиқариб ташлаган ҳолда, баб-баравар тақсимлар эди. Шотибийнинг кўрсатишича, ушбу ҳолатда ҳар бир эчки эгасининг сут ва пишлоғини алоҳида сотган ҳолатда ғорар ва рибодан четда бўлиш имконияти мавжуд эди[3], лекин бу иқтисодий нуқтаи-назардан самарали бўлмас эди. Шунинг учун, чўпон ва эчки эгаларининг мазкур муносабатида ғорар ва рибо унсурлари мавжуд бўлсада, ушбу шартномада мазкур икки тоифанинг мавжудлиги унчалик аҳамиятга эга эмас деб ҳисобланади.

Бай-салам ёки салам сингари муҳим шартноманинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги асосида унинг шариат нуқтаи-назаридан қонунийлигини эътироф этиш ётади.

Салам – олди-сотди шартномаси шартлари бўйича товарнинг харид баҳосини тезликда тўлаб бериш ҳамда уларни кейинчалик етказиб беришни ўз ичига олган битим ҳисобланиб, товар сотувчи ва харидор ўртасида келишилган вақт оралиғида етказиб берилади. Бериладиган товарнинг сони ва хусусиятлари ҳамда уни етказиб бериш вақтлари харидорга маълум бўлиши шарт. Салам шартномасининг предмети асосан кўчар мулк ҳисобланади, у ўз навбатида сифати, сони ва уни ишлаб чиқаришга сарфланган меҳнат бўйича баҳолана олиниши мумкин, пул ўрнини босадиган тилло, кумуш ва бошқа товарлар бундан мустаснодир. Бошқача айтганда, харидор учун айрим ноаниқликлар мавжудлигига қарамай, салам шартномаси жоиз ҳисобланади. Ушбу ҳолатда юқорида таъкидланган таснифга кўра, шартномадаги ғорарни аҳамияти йўқ даражада ёки оралиқ ғорар сифатида кўриб чиқиш мумкин.

Ғорар билан боғлиқ вазиятни кўз олдимизга келтириш учун машҳур “Поя ва илдиз” эртагини эслашимиз кифоя. Ушбу эртак ҳуқуқ ёки адолат муҳимлигини англатувчи саволга жавоб бериш мақсадида кўплаб маротаба келтирилган. Бизнинг ҳолатимизда эса эртак қаҳрамонлари ўртасидаги муносабатда ғорар мавжудлиги, агар бор бўлса, жоиз ёки йўқлиги масаласи ўрганиб чиқилади.

Деҳқон ва айиқ мусулмон фиқҳида яхши маълум бўлган ҳосилни бўлиб олиш тўғрисидаги битимни туздилар. Битим шартларига кўра, икки томон ҳосилни етиштириш учун саъй-ҳаракатлар қилишгач, деҳқонга ҳосилнинг поя қисми, айиққа эса илдиз қисми тегди. Мазкур шартноманинг предмети буғдой бўлгани учун деҳқон манфаатга эга бўлди, айиқ эса йўқ.

Кейинги йили айиқ ва деҳқон шолғом экдилар. Бу сафар айиқ ўз шартини қўйди: шартга кўра айиқ пояга, деҳқон эса илдизга эга бўлди. Деҳқон яна юқори манфаатга эришди, айиқ эса ҳеч нарса билан қолди.

Шу нарса аниқки, биринчи ва иккинчи ҳолатларда томонларнинг бири(айиқ) шартнома предмети ҳақида ҳеч қандай ахборотга эга эмас эди. Ўзининг бошқа шериги – деҳқон билан баб-баравар меҳнат сарфлаган ҳолда, айиқ ўз меҳнати харажатларига эквивалент( мувофиқ) улуш ололмади[4]. Расман деҳқон ва айиқ ўртасидаги ҳар иккала битим барча зарур шартларга риоя этилган ҳолда тузилган эди. Лекин томонларнинг бири учун шартнома предметига нисбатан ғорар унсурлари мавжудлиги, яъни бизнинг ҳолатда – айиққа нисбатан ноаниқлик мавжудлиги сабабли ушбу шартномалар ҳуқуқий оқибатларга эга эмас(қонуний эмас). Бу ерда керагидан ортиқча ғорар мавжуд, бу эса ўз навбатида бир томонга иккинчи томоннинг шартнома предметидан тўлалигича бохабар эмаслиги туфайли унинг ҳисобига бойлик орттиришга имконият беради.

Ҳар қандай ғорар – ахборотдан бехабарликдир. Айрим ҳолатларда ғорарнинг мавжудлиги томонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузмаса, бошқа ҳолатларда (ортиқча ғорар мавжудлиги ҳақида сўз бормоқда) – битим иштирокчилари учун хатар ўта юқори даражани ташкил этмоқда. Ахборотдан бехабарлик сифатидаги ғорар масалан, биржа савдоларидаги фаолиятда айниқса ўзини намоён қилади. Фонд бозори ва котировкалар шаклланиши билан боғлиқ ҳолатларда малакали иштирокчилар малакасизларга нисбатан кўпроқ ахборотга эга бўладилар, бу эса уларга тажрибасиз иштирокчилар ҳисобига, ҳатто инқироз даврида ҳам камроқ йўқотишлар билан ундан чиқишга имкон беради. Хўш, шариат нуқтаи-назаридан бу жоизми? Албатта, йўқ. Фонд бозорида етарли малакага эга бўлмаган ҳар қандай иштирокчи ўзига нисбатан малакалиларнинг бойишига имкон беришга маҳкум ҳисобланади[5].

Худди шуни анъанавий суғурталаш ҳақида ҳам айтиш мумкин, бу ерда суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасидаги муносабатдаги ахборотдан бехабарлик мусулмон фиқҳшуносларининг аксариятига, суғурта шартномасининг шариатга мувофиқ эмаслигида тўғрисида сўз айтишга имкон беради.

Иқтисод бўйича Нобель мукофоти соҳиблари Жорж Акерлоф, Майкл Спенс ва Жозеф Стиглиц томонидан шакллантирилган ахборотдан етарлича(тўла) бохабар бўлмаслик назарияси(Теория информационной ассиметрии)да, иккинчи томонга таклиф этилаётган товар ёки хизматнинг сифатига нисбатан ноаниқлик асосий масала сифатида кўриб чиқилган. Шуни қайд этиш лозимки, “ғорар” сўзи араб тилидан таржима этилганда нафақат “хатар”, “хавф” маъноларини, балки “ноаниқлик” маъносини ҳам англатади.

Қуйида шариат нуқтаи-назаридан ноқонуний бўлган ортиқча ғорар унсурлари билан мавжуд битим шакллари келтириб ўтилган:

- номаълум бўлган товарларни (масалан, ёпиқ қутилардаги ашёлар) ёки маълум товарларни номуносиб баҳолар бўйича сотиш;

- сотувчи бериши мумкин бўлмаган товарларни сотиш( масалан, она ҳомиласида бўлган бузоқни онасидан алоҳида сотиш);

- товарларни аниқ баён этмаган ҳолда сотиш( масалан, дўкондаги мавжуд кийимлар аниқ сидрасини кўрсатмаган ҳолда сотиш);

- аниқ баҳоси ўрнатилмаган товарларни сотиш( масалан, жорий баҳолар бўйича сотиш[6]);

- шартнома шартларининг бажарилишини номаълум ёки кам эҳтимолли ҳодисаларга боғлаб қўйиш( масалан, келиш вақти номаълум бўлган бошқа кишини келишига);

- тузалиб кетишига умид йўқ ёки чўкаётган кема трюмидаги жониворни сотиш;

- нотўғри тавсиф асосидаги товарларни сотиш;

- товарларни аввалги текширувдан ўтказмасдан сотиш[7]; ва ҳк.

У ёки бу битимда ортиқча ғорар мавжудлиги тўғрисидаги саволларга, исломий банк ва бошқа исломий муассасалар шариат кенгашлари аъзолари бўлган мусулмон фиқҳшунослари жавоб бўладиган сўнгги сўзни айтадилар деб умид қиламиз. Уларнинг қарори албатта, битимнинг иқтисодий ўлчовидан эмас, балки шартномаларнинг таҳлили асосидан келиб чиқиб қабул қилинади.

Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»

Муаллиф: Ренат Беккин. Таржимон: Ботирхўжа Жўраев


[1] Ёки бир вақтнинг ўзида иккала томон бир-бирига матонинг бўлагини ташлашар ва шу йўл билан олинган нарса билан олдиндан танишмай туриб, айирбошлаш амалга оширилар эди.

[2] Ғариб ал-Жамол. Ат-Таъамин фиш-шаръиа ал-исламийа вал-қонун. – Қоҳира, 1975. – 201-б.

[3] Siddiq Mohammad Al-Ameen Al-Dhareer. Al- Gharar in Contracts and Effects on Contemporary Transactions. – Jeddah, 1997. – P. 10.

[4] Эртакнинг яна бир талқини бўйича айиқнинг меҳнат харажатлари деҳқоннинг харажатларидан кам бўлмаган.

[5] Бу ҳақда батафсил: Яндиев М. И. , Беккин Р. И. Исломий молиявий қонунчилик қарашларида бозор котировкаси таркибидаги кредит // Замонавий иқтисодиёт муаммолари. – 2010. - №1(33). 244-246-б.

[6] Бу ерда иш ҳақи кўрсатилмаган ҳолда иш берувчи ва ишчи ўртасида тузиладиган ёллаш шартномаси билан боғлиқ вазиятни кўрсатиш мумкин.

[7] Cуистеъмолликларни олдини олиш мақсадида айрим ишлаб чиқарилган товарларни махсус ваколатли ташкилотлар томонидан синов-сертификатлаштиришни амалга ошириш.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7424 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага