Немисларнинг IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тахминан Киев катталигидаги ҳудудни ҳимоя қилишга қодир, у аллақачон ишлаб чиқариш босқичида ва канцлер Олаф Шольц томонидан 2022 йилда Украинага етказилиши тасдиқланди. Бу ҳақда Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мелник маълум қилган.
Унга кўра, Германия Мудофаа вазирлиги томонидан Украинага ёрдам кўрсатиш учун ажратилган 1 миллиард евродан IRIS-T ракета тизимига сарфланади. Канцлер Олаф Шольц 1 июнь куни бу борада келишув борлигини тасдиқлади.
«IRIS-T тизими учун мен канцлерга ва Германия ҳукуматига ҳам миннатдорчилик билдираман. Урушнинг биринчи кунлариданоқ бу борада ишлаяпмиз. Бу тизим дунёдаги энг зўр тизимдир. Буни Америка Patriot тизими билан солиштириш мумкин. Бу немис маҳсулоти», - деган украин дипломати.
Етказиб бериш муддатининг чўзилгани бу тизимларнинг Украина учун ишлаб чиқарилиш жараёни давом этаётгани билан боғлиқ, деб тушунтирган Мелник.
«Ишлаб чиқариш ёз охирида тугайди. Кейин ўргатиш машғулотлари ўтказилади. Етказиб бериш октабрда бўлади», - дея изоҳ берган у.
Ўзининг хусусиятларига кўра, ушбу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Киевнинг катталигидаги ҳудудни ҳимоя қилишга қодир ва атиги 3-4 йил ичида Украина уни шаҳарлар ва энг муҳим объектлар атрофида жойлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
«Янги томони шундаки, бу тизимнинг энг сўнгги модели», — дея қўшимча қилган дипломат.
IRIS-T (Infra Red Imaging System Tail/Thrust Vector-Controlled) - инфрақизил йўналтирилувчи ракеталар. Ҳаво мудофааси учун IRIS-T ер-ҳаво ракеталарининг иккита версияси мавжуд: қисқа масофали IRIS-T SLS ва ўрта масофали IRIS-T SLM.
IRIS-T SLM тизимининг синови 2022 йил январь ойида якунланган. 2022 йил апрель ойида бу ракеталар Мисрга сотилган. Уларнинг максимал отиш масофаси 40 км, баландлиги - 20 км.
ОАВ хабарларига кўра, Германия айнан шундай ракеталарни Украинага етказиб бериш ниятида.