Германия ҳукумати Ленинград қамалини бошидан ўтказган яҳудийларга ҳар ой 375 евродан пенсия тўлаб берадиган бўлди. Бу ҳақда Яҳудийларнинг Германияга қарши даъволари бўйича комиссия маълум қилди.
Пенсияни 6500 нафарга яқин киши олади, улар орасида нафақат қамални бошидан ўтказганлар, балки Европанинг бошқа ҳудудларида нацистлар зулмидан омон қолган яҳудийлар ҳам бор. Пенсия 2021 йилнинг июлидан бошлаб ҳисоблаб тўланади.
Яҳудийларнинг Германияга қарши даъволари бўйича комиссия ҳар йили Германия ҳукумати билан музокаралар ўтказиб, товон олишга ҳақли яҳудийлар сонини оширишга ҳаракат қилади. Комиссия раҳбари Гидеон Тейлорнинг айтишича, Иккинчи жаҳон уруши пайтида омон қолган яҳудийларнинг кексалик туфайли эҳтиёжлари ортмоқда.
Яҳудийларнинг Германияга қарши даъволари бўйича комиссия Нью-Йоркда жойлашган нодавлат ташкилоти бўлиб, Германия ва Исроилда ваколатхоналари мавжуд ва 1952 йилдан бери немис ҳукумати билан музокаралар олиб боради.