Интернет ва ижтимий тармоқнинг ривожланиши ортидан ахборот тарқатувчи манбалар – сайт, блогерлар ва влогерлар кўпайиб кетди. Улар томонидан тарқатиладиган хабарларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқатга тўғри келавермаслигини бугун ҳатто ёш бола ҳам билади. Аммо ҳар қандай маълумот, агарчи унинг ёлғонлигини билсангиз ҳам, инсон онгида маълум из қолдиради. Айниқса, шов-шувга ўч, ўқувчилар сонини орттиришга қизиққан блогер ва влогерларнинг ваҳимали сарлавҳалар остида тарқатаётган хабарлари борган сари ҳаддан ошаётгани ачинарли ҳолдир.
Журналистика факультетида сарлавҳа қўйиш бўйича алоҳида курс ўтилади. Унга кўра, мақола, хабар ва бошқа материалларга қўйиладиган сарлавҳа “қисқа, қизиқарли, матннинг маъносини ифодаловчи, ўз ўрнига биноан озгина шов-шувлироқ” бўлиши, аммо асло ва асло ёлғон бўлмаслиги керак. Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, деган гап бежиз айтилмаган. Фикримизга бир қанча мисоллар келтиришимиз мумкин.
Яқинда, аниқроғи 13 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида суриялик террорчи томонидан уюштирилган портлашда олти киши ҳалок бўлди, юзлаб кишилар жароҳат олди. Бу борада бутун дунё ахборот агентликлари, жумладан, юртимиздаги сайт ва бошқа ОАВ да етарлича хабар берилди.
Мазкур хабар ортидан бугун эрталаб Ўзбекистондаги бир қатор телеграм каналларида яна бир нохуш хабар тарқатилди. Унда билдиришича Истанбулнинг Фотиҳ туманида машинага қўйилган бомба орқали яна бир террор ҳаракати амалга оширилган. Бу каби хабарларни Туркияда яшаётган ва ё яқинлари мана шу юртда истиқомат қилаётган кишиларга юборилди. Аслида эса воқеа бутунлай бошқача бўлган, яъни йўлда кетаётган автомобиллардан бирида қисқа туташув юз бериши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин шу атрофда турган тўртта машинага ҳам ўтиб, улар ҳам ёниб кетган. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар томонидан тилсиз ёв бартараф этилган.
Мазкур хабарни ўз билганича талқин қилган влогер ва ё блогер ёлғон маълумот орқали ўз ўқувчилари сонини орттиришни ният қилгани кўриниб турибди. Ёмон томони ушбу ёлғон хабар туфайли одамларнинг онгида Туркия нотинч мамлакатлардан бири сифатида сингиб қолади. Улар буни қасддан қилмаган бўлишлари мумкин, албатта. Аммо профессионал журналистлар томонидан одатда қасддан хабарларни бузиб кўрсатиш, ёки нотўғри талқин қилиш ҳам учраб туради.
Хусусан, Туркияда 13 ноябрь куни юз берган кўнгилсиз ҳодиса халқаро оммавий ахборот воситаларида иккиюзламачилик билан талқин этилмоқда.
Террор ташкилоти PKK/YPG томонидан якшанба куни Бейўғли тумани Истиқлол кўчасида уюштирилган қонли террор ҳужуми АҚШда чоп этиладиган New York Times газетасида бегуноҳ одамларнинг бемаҳал ўлимига сабабчи “террор” ҳаракатига эмас, "туризм полицияси"га олиб борилган гумонланувчиларга урғу қаратилган:
"Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан Туркияга ташриф буюрган ўн миллионлаб сайёҳларнинг аксарияти якшанба кунги портлаш содир бўлган ҳудудда вақт ўтказади (уларнинг айби нима?)”, дейилади газетанинг муносабатида. New York Timesнинг бу позицияси Ғарб оммавий ахборот воситаларининг Шарқдаги террористик ҳодисаларга нисбатан умумий қарашини акс эттиради.
Агар мазкур ҳодиса АҚШ ва ё бошқа Ғарб давлатларида содир бўлганида бутунлай бошқа манзарани кузатиш мумкин бўларди. Чунки улар Шарққа "бошқа" объект сифатида қарайди. Бу таъриф Туркияда Ғарб оммавий ахборот воситалари томонидан яратилган хабарларда жуда аниқ. Муҳокама қилинган хабарда кўриниб турибдики, ҳужумдан кейин ҳалок бўлган ва яраланган фуқаролар атайлаб эътибордан четда қолиб, туризм полицияси марказига олиб кетилган кишилар “тақдири” ҳақида “қайғурилади”.
Бу каби нохолис муносабатларга New York Times газетасининг бошқа янгиликларида ҳам, Ғарбни халқаро хабарларни ёритишга ихтисослашган оммавий ахборот воситаларида ҳам учратиш мумкин.
Туркия томонидан минтақани терроризмдан тозалаш мақсадида турли йилларда Сурия чегарасида ўтказилган “Фират қалқони” (2016), “Зайтун новдаси” (2018) ва “Тинчлик баҳори” (2019) амалиётлари ҳам Ғарб оммавий ахборот воситаларида ана шундай нохолислик билан талқин қилинганди. Турклар олиб бораётган ҳарбий амалиётлар террорчи гуруҳларни эмас, “тинч курд миллатини” нишонга олингани иддао этилади.
Бундан ташқари йирик давлатлар бирор бир мамлакатни (у ердаги ер ости ва ер усти бойликларини талаш учун) босиб оладиган бўлса, аввало оммавий ахборот воситаларида ёлғон хабарлар тарқатиб, одамларнинг онгига сингдириб борилади. Бунга мисол тариқасида Ироққа йигирма йиллар аввал бошланган АҚШ ҳужумига “кимёвий қуроллар лабароторияси” баҳона сифатида кўрсатилганини келтириш мумкин. Туркиянинг жанубий ва Суриянинг шимолий минтақаларида террор гуруҳлари ин қуриб олганини ва бу ердан “қора олтин” океан ортига “оқиб” кетаётганини кўпчилик яхши тушунади. Демак, мана шу атрофлардаги тинчлик айрим кучларнинг манфаатига тўғри келмайди. Шунинг учун террорчи гуруҳларни енг остидан қўллаб-қувватлаб турилаверилади.
Айрим империалистик кайфиятдаги давлатларнинг Афғонистондаги нотинчликдан ўз йўлини топишга интилаётган Марказий Осиё мамлакатларига “ўқталган мушт” сифатида фойдаланаётганини тушуниш учун ҳам “катта калла” керак эмас аслида. Бу каби ҳолатни Ливия мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Қаззофийни жисмонан йўқ қилиш орқали бошланган нотинчлик ҳали-бери тинчийдиган ҳолатда эмас.
Мулоҳазаларимизга хулоса ясайдиган бўлсак, ҳамма манбалардаги хабарлар ҳам холис бўлавермайди. Сўзнинг онг остига таъсир қилишни яхши билган “маккор профессионаллар” ва ўз мақсади учун ёлғондан қайтмайдиган “ҳар мақомга йўрғаловчилар”нинг фирибидан огоҳ бўлиш керак. Зеро, Аллоҳ ҳам ўз каломида “фосиқ келтирган хабарни текшириб кўриш”га буюради.
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz ’нинг Туркиядаги махсус мухбири