“Фотиҳа” сура маккий сура ҳисобланади. Лекин баъзи уламолар уни ҳам маккий, ҳам маданий сура, деб айтишган. Сабаби, бу сура икки марта - Маккада бир марта ва Мадинада бир марта нозил бўлган. “Тафсирул Байзовий”да ҳам шу фикр келтирилган: “Бу сура дастлаб Маккада намоз фарз қилинганда нозил бўлганди. Кейинчалик эса Мадинада қибла ўзгарган пайтда яна бир марта нозил бўлди”.
Сура оятларининг сони хусусида барча уламолар бил иттифоқ “етти оят”, деган хулосага келишган.
“Фотиҳа” сўзи луғавий жиҳатдан “очувчи” деган маънони англатади. Имом ибн Касир ўз тафсирида келтиришича, Қуръони каримнинг нозил бўлиш жиҳатидан эмас, тартиб жиҳатидан илк сураси бўлгани, Мусҳаф очилганда илк кўзга ташланадиган сура экани, яъни Қуръони Каримни очувчи бўлгани учун бу сура “Фотиҳа” – “Очувчи” деб номланган. Бундай номланишига яна бир сабаб, намозда қироат шу сура билан бошланади, яъни қироатни шу сура очиб беради.
Бу сурага “Фотиҳа” деб ном қўйишнинг бир қанча ҳикматлари бор:
1. Мусҳаф у билан бошлангани, Қуръон ўқиш, илм ўрганиш ва намоз ўқишга у билан киришилгани учун; Зеро, “фотиҳа” - очувчи маъносини билдиради.
2. У биринчи нозил қилинган сура бўлгани учун;
3. Аллоҳ таолонинг Лавҳул Маҳфуздаги биринчи ёзган каломи бўлгани учун;
4. Бу дунёда юксак мақсадларга, охиратда эса жаннат эшикларига калит бўлгани учун;
5. Илоҳий Китобнинг яширин хазиналари у билан очилгани, кашф этилгани учун; чунки “Фотиҳа” илоҳий каломнинг нозик жиҳатларини ўзида мужассам этган хазиналарнинг калитидир. Фотиҳа маъноларини билганлар учун муташобиҳ оятларнинг қулфланган эшиклари очилади.
Бу сура, шунингдек, “Уммул китаб” ёки “Уммул Қуръон”, деб ҳам номланади. Бундай номланишига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил ўлароқ келтириш мумкин. Ушбу Ҳадисда пайғамбаримиз: “Алҳамду лиллаҳ” – уммул китоб, уммул Қуръон, сабъул масоний ва Қуръони азимдир”, деганлар. (Имом Термизий ривояти)
Имом Муҳаммад Али Собуний “Софватут тафосирда” келтиришича, “Уммул Китоб» деб номланишининг сабаби - бу сура бошқа сураларга нисбатан худди она мақомида туради. У бошқа сураларда келтирилган асосий мақсадларни мўъжаз ҳолда ўз ичига олган”, дейди. Яъни Қуръони каримнинг умумий ғоялари, умумий мақсадлари “Фотиҳа” сурасида жамланган. Қуръони каримнинг асосий мақсади тўрт амрни иқрор этишдир:
а) Улуҳият / илоҳийликни иқрор этиш;
б) Нубувват / Пайғамбарликни тан олиш;
c) Маъон / Охиратни эътироф этиш;
д) Қазо ва қадарнинг Аллоҳдан эканини исботлаш.
Аллоҳ таолонинг: “Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким, (У) Mеҳрибон, Раҳмлидир”, ояти карималари улуҳиятга далолат қилади.
“У жазо кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир”, ояти каримаси қиёмат ва охиратнинг борлигига далолат қилади.
“Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз”, ояти каримаси эса жабарийлик ва қадарийликни рад этиб, ҳар бир нарса Аллоҳнинг қазо ва қадари билан бўлишини исбот этишдир.
Мана шу ўринда “умм” сўзига тўхталиб ўтсак. “Умм” сўзи луғавий жиҳатдан “она” маъносини ифодалайди. Аммо араблар бу сўзни фақат дунёга келтирган зотга нисбатан ишлатмайди. Ибн Жарирнинг айтишича, араблар бир қанча нарсаларни жамловчи нарсага нисбатан ёки кўпгина нарсаларнинг энг бошида келадиган нарсага ҳам “умм” – “она” калимасини ишлатишади. Масалан: мияни ўраб турадиган бош терисини “уммур раъс” – “бошнинг онаси” дейишади. Ёки катта бир қўшиннинг бошида кетаётган ва бир байроқ остида аскарларни жамлаган одамга ҳам “уммул жайш” – “қўшиннинг онаси” деган сўзни ишлатишади. Демак, фотиҳа сурасининг номида “уммул Қуръон” ёки “уммул Китоб” деб номланишида “Қуръоннинг энг бошида келувчи”, “Қуръоннинг умумий мақсад ва маъноларини ўзида жамловчи” каби маънолар мужассам.
Бу сура яна “Шифо”, деб ҳам номланган. Сабаби Имом Доримий Абу Саиддан кўтарган ҳолатда ривоят қилади: у киши: “Фотиҳатул Китоб - барча касалликка шифодир”, деб айтган.
Қўшимча қилиб айтишимиз мумкинки, бу суранинг “Руқия”, “Асосул Қуръон” каби номлари ҳам бор. Шунингдек, Суфён ибн Уяйна уни “Воқеа”, Яҳё ибн Абу Касир эса “Кофия” деб ҳам номлаган.
“Кофия” деб номланишининг сабаби, баъзи мурсал ҳадисларда “Уммул китоб (Фотиҳа) сураси бошқа суралар ўрнини босади. Аммо бошқа суралар унинг ўрнини боса олмайди”, дейилган. Яъни, Фотиҳа сураси бошқалар ўрнига кифоя қилади. Имом Замахшарий эса “Кашшоф”да ушбу сурани “Солат” – “Намоз” ёки “Канз” – “Хазина” деб ҳам номлаганлар.
Бу сур яна “Сабъул масоний” ёки “Масоний”, деб ҳам номланади. Бундай номлашнинг сабаблари қуйидагича:
1. Фотиҳа сураси етти оятдан иборат. Бу оятларнинг ҳар бири фазилатда Қуръоннинг еттидан бир қисми ўрнига ўтади. Шунинг учун ҳам Фотиҳани етти марта ўқиган киши Қуръонни тўлиқ ўқигандек ажру савобга эришади.
2. Фотиҳа сурасининг етти оятини ўқиш учун оғзини очган кишига дўзахнинг етти дарвозаси ёпилади. Фотиҳанинг “сабъ” (етти) деб аталишининг сабаби шунда.
Масоний деб аталишининг сабаблари:
1. Ҳар бир намозда камида икки марта ўқилиши;
2. Ҳар бир ракатда унга зам қилинадиган сура сифатида яна бир сура ёки оятларнинг ҳамроҳлик қилиши;
3. Икки марта – Маккада Меърож кечасида ҳамда ҳижратларидан кейин Мадинада, қибла ўзгартирилганда такроран нозил қилингани;
Имом Қуртубий ўз тафсирида “Фотиҳа” суранинг ўн иккита номи борлигини санаб ўтган. Улар билан эса кейинги мақолаларимизда танишасиз.
Нумон Абдулмажид.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил.