Бир неча кунлардан сўнг рамазон ҳайити етиб келади. Кўпчиликка маълумки, рамазон ойининг сўнгида махсус фитр садақасини бериш мусулмонларга вожиб амал ҳисобланади. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий йилда жорий қилинган. Бошқа садақалар мол-мулк эътиборидан қилинса, бу садақа киши бошидан қилинади.
Фитр садақа тўрт мазҳаб олимларининг иттифоқи билан вожиб амал саналади. Бунга далил сифатида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиши ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса садақалардан бири бўлур”.
Ушбу ривоятдаги “намоз” ийди фитр намозидир. Садақаи фитрни ҳайит намозидан олдин бериш лозим эканини шу ҳадисдан билиб оламиз. Уни олдиндан бериш жоиз. Аммо кейинга қолдирилса оддий садақа ўрнида ўтиб, вожиблиги соқит бўлмайди.
Фитр садақа рўзадорни Рамазон ойи давомида йўл қўйган беҳуда гап-сўзлардан поклайди, бу ой сўнгида мискинларга озуқа бўлади, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш саналади, рўза тутиши фарз бўлмаган ёш болаларга ҳам фитр садақа берилиши улар учун баданнинг закоти ўрнига ўтади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан ҳар бир қул ва ҳур, эркак ва аёл, катта ва кичикка бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида фитр закотини фарз қилиб, уни одамлар ҳайит намозига чиқишидан олдин адо этишни буюрдилар”. Бухорий (1503), Муслим (984/2167, 986/2177).
Ушбу ҳадиси шарифдаги “соъ” ўлчов бирлиги ҳақида бироз тўхталиб ўтсак. Аслида соъ бир идиш бўлиб, ғалла ва шунга ўхшаш нарсалар ўша идиш билан ўлчанган. Кейинчалик оғирлик ўлчовлари пайдо бўлганда соъга солиштирилган. Абу Ҳанифа ва Ироқ фақиҳлари эътиборида бир соъ 3.800 граммга тенг. Демак, юқоридаги ҳадисга кўра хурмо ёки арпадан бир соъ фитр садақаси берилади. Бунга тўрт мазҳаб уламолари иттифоқ қилишган.
Бошқа бир ҳадисда Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий алайҳиссаломнинг замонларида фитр садақасини таомдан бир соъ, ёки хурмодан бир соъ, ёки арпадан бир соъ, ёки майиздан бир соъ, ёки қуртдан бир соъ берар эдик. Муовия келгач, буғдой келганида: Менимча манавининг бир мудди икки муддга тенг келади”, деди.
Бошқа бир ривоятда эса: “Муовия ҳаж ёки умра қилиб келганида ва одамларга минбарда туриб гапирганида: “Менимча албатта Шомнинг икки мудд буғдойи бир соъ хурмога тенг келади”, деди. Одамлар шу гапни ушлашди. Абу Саъид: “Аммо мен олдин қандоқ бўлса, ўшандоқ чиқаришда давом этмоқдаман”, деди”.
Демак, ушбу ҳадисда Абу Саъид розияллоҳу анҳу аввал садақаи фитр таомдан бўлишини айтиб туриб, кейин уларнинг турларини, яъни, хурмо, арпа, майиз ва қурт, деб батафсил айтдилар.
Ўша пайтда Ҳижозда буғдой истеъмоли оз бўлган, деярли бўлмаган. Шунинг учун у ерда кенг тарқалган турли хил таомларнинг зикри келган. Кейинчалик буғдой Ҳижоз ерларига ҳам тарқалган. Буғдойнинг қиймати устун, унга талаб кучли бўлгани учун унинг ярим соъ миқдори бошқа таомларнинг бир соъ миқдорига тенг қилинган.
“Мудд” ҳам оғирлик ўлчов бирлиги ҳисобланиб, тўрт мудд бир соъга тенг бўлади. Бу гапни Халифа Муовия Шомдан Ҳижозга ҳаж ёки умра қилиб келганида эслатган экан. Шунда одамлар унинг гапини олиб буғдойдан ярим соъ миқдорида садақаи фитр беришга ўтишган экан.
Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Ибн Аббос Рамазоннинг охирида Басранинг минбарида хутба қилиб: “Рўзанинг садақасини чиқаринглар”, деди. Одамлар билмагандек тураверишди. Шунда у: “Бу ерда мадиналик ким бор? Туринглар, биродарларингизга ўргатинглар, улар билишмас экан! Расулуллоҳ алайҳиссалом бу садақани хурмо ва арпадан бир соъдан, буғдойдан ярим соъ ҳар бир ҳуру кулга, эркагу аёлга, кичигу каттага фарз қилганлар”, деди Али розияллоҳу анҳу келганларида эса нарх-навонинг арзонлигини кўриб: “Аллоҳ сизларга ризқни кенг қилиб қўйибди. Ҳар нарсадан бир соъ қилсангиз яхши бўларди”, дедилар”.
Юқоридаги далилларга таяниб, мамлакатимиз бозорларидаги нарх-навони ўрганиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳар йил учун фитр садақасининг миқдорини белгилашади. Бу йилги (2023-йил) фитр садақасининг миқдори ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2 кг буғдойдан – 12 минг сўм, 4 кг арпадан – 20 минг сўм, 2 кг майиздан – 100 минг сўм, 4 кг хурмодан – 180 минг сўп қилиб белгиланди.
Садақаи фитр ҳур, мусулмон ва ўсмаса ҳам нисобга етган моли бор кишига вожиб бўлади. Бундай киши фитр садақасини ўзидан, фақир бўлгани учун ёш боласидан беради. Киши хотини, вояга етган фарзанди ва вояга етмаган бўлсада бой фарзандининг номида бермайди. Бой бўлган ёш боланинг ўз маблағидан берилади.
Чунки хотин (рафиқа) мустақил шахс. У эрига мулк ҳам эмас, тўлақонли қарам ҳам эмас. Хотин ўзи мустақил мулк тўплашга ҳаққи бор. Шунинг учун фитр садақаси каби молиявий ибодатларни унинг ўзи адо этади. Аммо эр ўз ихтиёри билан хотинининг номидан фитр садақасини берса, жоиз ҳисобланади.
Балоғатга етган бола ҳам ўзи мустақил шахс ҳисобланади. Шунинг учун ҳам молиявий ибодатларни ўзи адо қилади.
Бой бўлган ёш боланинг ўз бойлиги бор. Шунинг учун фитр садақаси отанинг эмас, ўзининг молидан берилади.
Фитрни беришда энг афзали, аввало, ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.
Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
Шунингдек, ғайридинларга, муртад (диндан қайтган)га, фисқ ишларини очиқ-ойдин қилиб юрувчи фосиққа, бойга, соғ-саломат ва ишлашга қодир бўлатуриб ишламай юрганга бериб бўлмайди. Бундан ташқари, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.
Фитр садақаси муҳтожларнинг қўлларига мол сифатида берилиши лозим. Бу пуллар масжид қурилиши, меҳрибонлик уйларининг ташкилий ишлари ва бошқа хайрия ишлари учун берилиши жоиз эмас.
Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади