«Фарҳод деҳқон бозори» директори, унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ва Халқ банки кассири қўлга олинди.
Жорий йилнинг 5 апрель куни Тошкент шаҳар ИИББга «Фарҳод деҳқон бозори» АЖ ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро ариза билан мурожаат қилади. Унда бозор директори ва унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2021 йил 19 февралдаги 203-сонли «Элга хизмат» ва «Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари» савдо нуқталаридан тўлов олинмаслиги ҳақидаги қарорига зид равишда, бозордан чиқариб юбориш билан қўрқитиб, 2021 йил сентябрь ойидан буён ҳар 10 кунлик савдо фаолияти учун 660 000 сўмдан пул маблағларини кассир орқали олиб келаётгани, ҳозирда охирги 2 ой учун 3 400 000 сўм тўлашни ноқонуний равишда талаб қилаётганини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан, шу куни Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, АТ «Халқ банки» Учтепа филиалининг «Фарҳод деҳқон бозори» АЖга хизмат кўрсатувчи кассири, хизмат хонасида ариза муаллифидан 3 400 000 сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, унинг ёнидан кунлик тушумдан инкассация қилинган 8 300 000 сўм ва инкассация қилинмаган 9 150 000 сўм пул маблағлари борлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида «Фарҳод деҳқон бозори» АЖ директори ҳамда унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ушланиб, унинг “Gentra” русумли автомашинасидан 24 967 000 сўм пул маблағи топилган.